6 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан СС раҳбарига айланган Генрих Гиммлер, ака-ука Луймерларга муваффақият олиб келган 50 сонияли фильм ҳамда АҚШдаги Капитолийга уюштирилган ҳужумга оид фактлар ўрин олган.
Ўқитувчи кўринишига эга махлуқ
1929 йил 6 январь куни Генрих Гиммлер СС раҳбарига айланган эди. Ташқи кўринишидан ўқитувчига ўхшаган махлуқ дея таърифланган Гиммлер немислар учун янги дунёни қандай қурмоқчи бўлган? Бу ҳақда қуйида баён қиламиз.
1945 йил 21 май куни Василий Губарев ва Иван Сидоров исмли икки собиқ ҳарбий асир британлар томонидан тузилган комендантлик ротасида Мойнштадт аҳоли пунктида хизмат олиб борган. Сидоров буталар орасига яширинган ҳолда ҳаракатланаётган уч нафар немисга эътибор қаратган. Улар ўрмон ичига кириш учун йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган. Номаълум шахслар тўхтатилган ва инглиз аскарлари бўлган уйга олиб борилган.
Британлар бу немисларни хавфли деб ҳисобламаган. Айниқса, кўзи боғланган, қўлида ҳассаси бор шахс уларнинг раҳмини келтирган. У имкон қадар тезроқ госпиталга бориши кераклигини айтарди. Инглизлар уларнинг барчасини қўйиб юборишга тайёр бўлган, аммо Губарев ва Сидоров немисларни озод этмасликни талаб қилган: уларнинг шахсига аниқлик киритиш учун лагерга жўнатиш керак.
Орадан икки кун ўтгач ҳассага таянган икки немис Иккинчи Британия армиясининг Люнебургдаги штабида ичида заҳари бор ҳапдорини тишлайди: тез орада бутун дунё бўйлаб СС рейсфюрери Генрих Гиммлер ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалади. Оммавий қирғин машинасини яратган инсон ташқи кўриниши билан оддий ўқитувчи каби бўлган.
Гиммлернинг отаси — Йозеф Гебхард Гиммлер ўқитувчи бўлган. Уларнинг оиласида уч ўғил фарзанд бор эди: Гебхард Людвиг, Генрих ва Ernst Герман. Ўртанча ўғил 1900 йилнинг 7 октябрида Мюнхенда туғилган. Генрих мустаҳкам соғлиғи билан ажралиб турмаган, кўзининг хиралиги ва ошқозон оғриғи уни мунтазам қийнаб келган. Гиммлер мактабда яхши ўқиган, гимнастика билан шуғулланган.
1915 йилда Гиммлер Ландсхутдаги кадетлар корпусига ўқишга кирган. Отасининг танишлари ёрдамида Генрих у ерга офицерликка номзод сифатида қабул қилинган. 1917 йил декабрда кадет Гиммлер 11-Бавария полка захира батальонига номзод бўлган. Аммо Германиянинг мағлубияти Гиммлернинг офицерлик лавозимидаги орзуларини парчалаб юборган. Гимназия курсини тамомлаганидан кейин у Мюнхен университетида агрономлик соҳасида таҳсил олган.
Университетда ўқиш давомида ҳарбийлик лавозими ҳақидаги орзусини унутмаган Гиммлер «штурмовиклар бўлинмаси» асосчиси Эрндст Рем билан танишиб қолган. Гиммлер ўсмирлигиданоқ ижтимоий-сиёсий ҳаёт билан қизиққан, университетда Германиянинг қашшоқлигига ким айбдор экани тўғрисидаги саволларга жавоб излаган. Янги дўстлари эса бунга жавобан «коммунист ва яҳудийлар» деган.
1923 йилнинг августида Гиммлер Германия Миллий социалистик немис ишчилар партиясига аъзоликка қабул қилинган. У «Пиво исёни»да иштирок этган, бироқ унинг роли у қадар аҳамиятли эмасди, шу боисдан сўроқ қилингач, қўйиб юборилган. Аммо шу орқали Гиммлерга «ишончсиз» тамғаси ёпиштирилгани сабаб у ўзига иш топа олмаган. Бу эса унинг қарашларини янада радикаллаштириб юборган. Генрих қариндошларидан узоқлашиб, дунёни қайта қуриш ҳақида ўйлаб бошлаган.
1924 йилда Гиммлер партия етакчиси грегор Штрассернинг пропаганда бўйича ассистенти ва партия котибига айланган. Гиммлер нафақат ўз ишлари тарғиботи билан шуғулланган, балки «штурмовиклар» бўлинмасига қўшилиб, СС фюрери унвонини олган. Бу вақтда ушбу тузилманинг кам сонли аъзолари Гитлернинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга масъул эди, холос.
1927 йилда Гиммлер партиядаги карьера зиналаридан Гитлерга ўз ғояларини таклиф эта оладиган даражага қадар кўтарилган. Бундан фойдаланган у ССни партия гвардиясига, «тоза ирқли» тузилмага айлантиришни таклиф қилади. Гитлерга бу ғоя ёқиб тушган ва у Гиммлерни СС рейхсфюрери ўринбосари лавозимига тайинлаган. 1929 йилда эрхард Хайден истеъфосидан кейин Гиммлер СС рейхсфюрерига айланган.
Нацистлар ҳокимият тепасига келгач, Гиммлер Гитлернинг ғояларини амалга оширадиган шахсга айланган. У ирқий қонунларни амалга ошириш машинасига айланган Ирқ ва аҳоли пункти бош бошқармасини тузган. 1933 йилда Гиммлер «олий ирқ»қа мос келмайдиган ҳар бир инсон юбориладиган концентрацион лагерлар тизимини яратган.
Гиммлер ҳаддан ташқари ишга чанқоқлиги ва ҳеч нарсадан қўрқмаслиги билан ажралиб турган. У ўз партиядошлари, ҳатто аёллар ва болаларни ҳам ўлдиришга ҳеч иккиланмай буйруқ бера олган. Қўл остидагилар мунтазам равишда оммавий қирғин билан шуғулланиб руҳий барқарорлигини йўқотмаслиги учун газ камераларини ўйлаб топган.
1944 йил охирида Гитлер Гиммлерга қўшинлар қўмондонлигини топширган, аввалига «Юқори Рейн» армиясини, кейинроқ «Висла» армияси гуруҳини бошқаришни. Қўшинлар операциясида ҳеч қанақа тажрибага эга бўлмаган СС раҳбари жангларда тўлиқ муваффақиятсизликка учраган. Бу эса фюрер ва СС рейхсфюрери ўртасидаги совуқчиликларга олиб келган.
Гитлернинг ўлимидан икки кун олдин ғарб радиостанциялари Гиммлернинг Ғарб иттифоқчилари билан келишишга уринаётгани ҳақида бонг ура бошлаган. Бундан дарғазаб бўлган фюрер уни хоин деб атаб, Гиммлерни барча лавозимлардан ечиб ташлаган.
Ака-ука Люмерларни дунёга танитган 50 сонияли фильм
1896 йил 6 январь куни ака-ука Люмерларнинг «Ла-Сёта вокзалига поезднинг келиши» фильми премьераси бўлиб ўтганди.
Кино Луи Жан ва Огюст Люмерлар томонидан ихтиро қилинган деб ҳисобланади. Аслида ҳаракатланувчи тасвирлар борасидаги муваффақиятли синовлар 1895 йилдан анча олдин пайдо бўлган. Ўша йилнинг ўзида ҳам «тарихдаги биринчи оммавий кино намойишлар» бир нечта эди — ҳам Европада, ҳам океан ортида. Аммо янгиликнинг жорий этилиши ака-ука французлар номи билан муҳрланиб қолди. Таъкидлаш керакки, айнан улар ўз фабрикасида 50 сониядан ортиқ тасвирни ўзига сиғдира олмайдиган, бироқ уни экранга проексиясини туширишга қодир аппаратни яратганди. Люмерларнинг камералари енгил ва бир жойдан бошқа жойга олиб бориш осон бўлган, шу сабабдан 1895 йил февралда унинг «синематограм» номи остида патентланиши бу йўналишдаги санъатда муҳим қадамга айланган.
28 декабрь куни Париждаги «Гран Кафе» салонида биринчи тижорий сеанс ўтказилган. Айнан шу сана кино «дунёга келган кун» ҳисобланади.
Кинодастур маиший мавзуга оид 10 та тасвирдан иборат бўлан: «Чақалоқни эмизиш», «Люмер фабрикасидан ишчиларнинг чиқиши» (Люмерлар ушбу фильм учун бир нечта дублни амалга ошириб, ишчиларнинг фабрика дарвозасидан бир неча бор кириб чиқишини ташкиллаштирган) ва ҳоказо.
Биринчи сеансда Люмерларнинг энг машҳур фильми бўлмаган. «Ла-Сёта вокзалига поезднинг келиши» дастурдан бир неча кун кейин ўрин олган, аммо томошабинларни шу даражада ҳайратга солганки, айнан шу фильм экранда биринчи марта намойиш этилгандек таассурот уйғотган. У вақтларда сеанслар мутлақо овозсиз, ҳеч нарсанинг жўрлигисиз намойиш этилган. Экранда ҳаракатланувчи оқ-қора тасвир — бўлди.
Ихтиронинг тижорий муваффақияти улкан эди ва Люмерлар тезда картиналарнинг бутун дунё бўйлаб тарқалишини йўлга қўйган. Белгиланган нуқтага камера ва фильмлар жамланмасини кўтарган оператор йўл олган. У ерда диққатга сазовор жойлар тасвирга олинган, кейин эса олиб келинган сеанслар намойиш этилган. Шу орқали оператор нафақат томошабинларни ўзига жалб этган, балки Люмерларнинг фильмлар коллекциясини тўлдирган — икки йил ичида уларнинг ихтиёрида 750 та қисқа метражли фильм тўпланган. Люмерлар йирик шаҳарларда катта премьералар ўтказган бўлиб, у ерга обрўли инсонлар ташриф буюрган.
Кинематограф воситалари мунтазам такомиллашиб борган, шу билан бирга ўзига хос кино тили ҳам пайдо бўла бошлаган. Илк тревеллинглар (сузаётган гондолага ўрнатилган камера), панорама, ноодатий ракурслар янгидан янги имкониятларни очган. Суратга олиш вақтида камера тутқичи секин ёки тез айлантирилса, комик ёки драматик эффектга эришиш мумкинлиги аёнлашган. Ҳатто монтаж жараёнлари қўлланган фильмлар чиқа бошлаган: машина инсон устига бостириб келади, кадрлар ёпиштирилганидан кейин эса автомобиль ортида жонсиз жасад қолганини кўриш мумкин. Баъзида оммани кулдириш учун роликларнинг тўғридан-тўғри проексияси орқадан олдинга қараб намойиш этилган.
Биринчи «тантанали» сюжетлар пайдо бўлган — тож кийдириш, тақдирлаш, расмий қабуллар ва уларнинг суратга олиш техникаси замонавий телевидениедан катта фарқ қилмайди. Оператор Люмерлар Россияга келганида Николай II га тахт кийдириш маросимини суратга олган, бироқ полиция плёнкани олиб қўйган.
1897 йилда оддий кинодастур қуйидагича бўлган: «Болакай юришни ўрганяпти», «Париждан Бордога электр аравачаларда пойга», «Гондоладан туриб қаралганда Венеция», «Марказий боғ қаршисидаги 59 кўча», «Люмер ва ўғиллари» ва ҳоказо.
Муҳандислар ва тижоратчилар Люмерларнинг ихтиросини қадрламасдан, унга арзон аттракцион сифатида қараган ва тез орада одамларнинг жонига тегади деб ўйлаган. 1897 йилда Люмерлар фильмлар ишлаб чиқариш ва намойиш этишни тўхтатган, фильмотекасини сотиб юбориб, ўзларининг асосий соҳаси — фотоаппаратлар ва фотоплёнкалар билан ишлашга қайтган.
АҚШда Капитолийга уюштирилган ҳужум
2021 йилнинг 6 январь куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп тарафдорлари сайловларда Жозеф Байденнинг ғалабасини шуҳба остига олиб, Вашингтон марказида тўпланган эди. 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини тасдиқлаш маросими ўктазилаётган Капитолий қаршисида тўпланганлар ва полиция ўртасида тўқнашув юз берган, шундан кейин оламон бино ичига бостириб кирганди. АҚШ Конгресси биноси Миллий гвардия етиб келгунига қадар бир неча соат давомида анархия домида қолган. Тартибсизликлар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган эди.
Ўша воқеалардан кейин кўринмай қолган Дональд Трамп ўтган йилнинг айнан шу санасида Флоридада жойлашган Мар-а-Лаго вилласида матбуот анжумани ўтказишни ва бир йил олдинги воқеаларга ўз муносабатини билдиришни режалаштирганди. Бироқ охирги дақиқаларда Трамп анжуманни бекор қилган. Манбаларга кўра, ушбу фикрдан қайтишига уни республикачи шериклари кўндирган. Уларнинг ҳисоблашича, мазкур мавзуни айлантириш консерватив электоратга путур етказиши мумкин.
Шу сабабли Республикачилар партиясидан бўлган конгрессменлар аниқ позицияни эгаллаган: ўша вақтдаги воқеаларни имкон қадар эсга олмасликка интилади, бу ҳақида гапирсалар ҳам мувозанатни ушлайди — тартибсизликлар вақтидаги зўравонликни қоралайди, аммо бундан сиёсий мақсадларда фойдаланган демократларни айблайди ҳам.
Таъкидлаш керакки, демократлар ростдан ҳам нафақат Американи, балки бутун дунёни ҳайратда қолдирган воқеа тасвирланган кадрларни имкон қадар ўз фойдасига бўлган. «Президентимиз учун 6 январь демократиямизнинг энг қора кунига айланганди», — деганди Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псаки.
Ушбу воқеалардан кейин АҚШ Адлия вазирлиги 6 январь тартибсизликларига алоқадор 400 дан ортиқ кишига қарши кенг кўламли терговларни бошлаган. Маълумотларга кўра, Капитолийдаги тартибсизликлар полиция хизматининг обрўсига путур етказган. Инқироздан кейинги тўрт ойда 70 дан ортиқ ходим ишдан бўшаган, 6 январь воқеаларида қатнашган яна 4 нафар полициячи ўз жонига қасд қилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)