Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида Nexia-2 ҳайдовчиси 4 кишини уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлди.
Вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 3 январь куни тахминан соат 18:20 лар атрофида Яккабоғ тумани «Мевазор» МФЙ ҳудудида юз берган. Ҳайдовчи Р.А. Nexia-2 ни Шаҳрисабз туманидан Яккабоғ тумани йўналиши томон бошқариб бораётганида йўлни кесиб ўтаётган Ж.Х., М.М. ҳамда вояга етмаган Ш.С., Ш.Х.ни уриб юборган.
Оқибатда уларнинг уч нафари олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида, яна бири шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ТБ томонидан Р.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) жиноят иши қўзғатилган.
Ҳайдовчи Р.А. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)