UzAuto Motors 4 январдан бошлаб контрактация шартномасини тузиш, барча автомобилларни топшириш ва тўловларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу SAP ҳисоб дастурий таъминотини амалга ошириш ва маҳсулот инвентаризацияси ўтказаётгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, дастурий таъминотни ишга тушириш тадбирларининг ўтказилиши муносабати билан UzAvto Савдо иловаси фаолияти ҳам вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.
Дастурий таъминотни янгилаш ва инвентаризация ишлари якунлангандан сўнг, контрактация шартномаларини тузиш, олдиндан тўловни қабул қилиш ва автомобилни етказиб бериш тўлиқ ҳажмда қайта тикланади.
2022 йил, янги йил арафасида автомобиль етказиб бериш бўйича шартнома тузган ва 7 кун ичида олдиндан тўловни амалга ошира олмаган шахслар иш қайта тикланганидан сўнг, автомобиль учун олдиндан тўловни амалга ошириши мумкин.
Шу билан бирга, улар томонидан автомобиль етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар ўз кучида қолади, фақат олдиндан тўлов муддати узайтирилади.
«UzAuto Motors компанияси истеъмолчилардан 4-5 кун давом этиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларни тушунишларини сўраб қолади», — дейилади компания хабарида.
Изоҳ (0)