3 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан бургундияликлар томонидан сотиб юборилган Жанна д’Арк, муҳандислар хатоси билан Иркуцкда юз берган авиаҳалокат ҳамда «дуче» унвонини олган диктатор Муссолинига оид фактлар ўрин олган.
Жанна д’Аркнинг сотилиши
1431 йил 3 январь куни бургундияликлар ўзларининг инглиз иттифоқчиларига Юз йиллик урушда французлар ғалабаси рамзига айланган Жанна д’Аркни сотиб юборганди. Душманлар нафратига дучор бўлган аёл черков суди томонидан бидъат ва жодугарликда айбланиб, ўлимга ҳукм этилган.Жанна д’Арк 1412 йилда Франциянинг шимоли-шарқида жойлашган Домреми қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси қишлоқ оқсуякларидан бўлиб, Жанна анча яхши шароитда катта бўлган. Жаннага ўқиш ва ёзиш ўргатилмаган бўлса ҳам, унинг онаси қизига католик черковига бўлган чексиз муҳаббатни сингдирган.
Бу пайтда Англия ва Франция ўртасида Юз йиллик уруш давом этаётган бўлиб, Англия француз иттифоқчиси Бургундия герцоги ёрдамида Франциянинг шимолини ўз қўлига олган эди. Англия қироли Генрих V Парижни эгаллаб, ўзини бирлашган Англия ва Франция қироли деб эълон қилади. Француз тахтининг қонуний вориси валиаҳд шаҳзода Карл мамлакат жанубига чекинади.
Домреми аҳолиси душман босқини хавфи остида ўз уйларини ташлаб, жанубга кетишга мажбур бўлади. 13 ёшида Жанна илоҳий овозни эшитганини, овоз унга «ватанини қутқариши ва шаҳзода Карлга тахтга ўтиришда ёрдам бериши кераклигини» айтганини эълон қилади. 16 ёшида отаси уни эрга бермоқчи бўлганида буни қатъий рад қилиб, инглизларни ватани Франциядан бутунлай қувиб чиқармагунига қадар бокира қолишини айтган.
1428 йил май ойида Жанна яқин атрофда жойлашган шаҳзода Карлга содиқ инсонлар қароргоҳи Вокулёрга келади. Дастлаб у маҳаллий судья Роберт де Бордикур томонидан рад этилиб, қўшинга олинмайди. Аммо Жанна ўзининг илоҳий қутқарувчи эканлигини айтиб, кичик бир гуруҳ йиғишга эришади.
Сочларини қирқиб, эркакча кийинган Жанна валиаҳд шаҳзода олдига, Шинонга бориш учун душман ҳудуди орқали ўтувчи 11 кунлик йўлга чиқади. Шаҳзода Карл билан суҳбатлашган Жанна француз қироллари анъанавий тож киювчи шаҳри — Реймсда Карлга ҳам тож кийдиришни ваъда қилиб, ундан инглизлар қамал қилаётган Орлеанни озод қилиш учун қўшин беришни сўрайди. Кўпгина генерал ва маслаҳатчиларининг қаршилигига қарамасдан Карл унинг илтимосини қондиради. Бундай қалтис қарорни қабул қилишда муҳим ролни Жаннанинг Яратган номидан Карлнинг тахтга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлагани ва унинг ҳокимияти қонунийлиги айтгани бажарди.
1429 йил март ойида оқ зирҳ кийиб, оқ отга ўтирган Жанна д’Арк Орлеан ҳимояси учун йўл олади. Қўшинни Яратганнинг хабарчиси бошқараётганлиги тўғрисидаги хабар аскарларда руҳиятнинг кўтарилишига сабаб бўлади. Кўплаб мағлубиятлардан сўнг умидни йўқотиб, тушкунликка тушган саркарда ва аскарлар Жаннанинг илҳомлантирувчи сўзларидан руҳландилар. Бир неча ғалабадан сўнг Жанна инглиз-бургунд қўшинини Луара дарёси бўйлаб чекинишга мажбур қилади. Юз йиллик урушда анчадан бери ғалаба қозона олмаётган француз қўшини орасида бу муваффақиятлардан кейин Жаннанинг обрўси кескин ортади. Жанна д’Арк бошқа француз саркардалари имконсиз деб ҳисоблаган вазифани тўрт кун ичида амалга оширди. Орлеандаги ғалабалардан кейин уни «Орлеан қизи» деб атай бошлашади.
Французлар ўзларининг тўлиқ устунлигини исботлаши учун ҳали Парижни ҳам озод этиши керак эди. Шаҳар Ореландан кўра яхшироқ ҳимояланганини билган д’Арк Карл VII дан кўпроқ аскар сўрайди. Аммо қирол армияга ортиқча харажат қилишдан бош тортади. 1429 йил август охирларида Париж деворларига қадар келган Жанна ўзининг қўшини билан мағлубиятга учраган ва чекинишга мажбур бўлади. Қиз оғир жароҳат олади, шу боис тўлиқ соғайгунга қадар кейинги ҳарбий сафардан қолиб кетади. Французлар Жанна Орлеандаги ғалабасидан жуда кибрланиб кетгани, шунинг учун илоҳлар унга ёрдам бермаётгани тўғрисида гап-сўз тарқатади.
1430 йил майда Жанна инглизларнинг иттифоқчилари — бургундияликлар томонидан босиб олинган Компен қамалини енгиллаштиришга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Жанглардан бирида у асирга тушган ва у армия етакчиси Жан де Люксембургга топширилган.
Охир-оқибат французлар қамални ёриб ўтган, инглизлар қўшини қочиб кетган. Французлар Жаннани озод этишдан хавфсираб, уни қалъага жойлаштиришган. Француз саркардаси устида савдо бошланган. 1431 йил 3 январь куни бургундияликлар Жаннани 10 минг ливр эвазига инглиз қироли номидан иш кўрган епископ Коношага сотган. Жаннанинг ғалабалари ортидан тахтга ўтирган қирол Карл VII Франциянинг ёш ҳимоячисини озод этиш учун бирор чора кўрмаган. Бунга унинг халқ орасида жуда машҳурлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Жанна на ҳарбий ва на фуқаролик судига, балки черков судига тортилган — у жодугарликда айбланган. Каноша раислигидаги инквизиция суди 1431 йил 9 январда бошланиб, беш ой давом этган. 30 май куни черков Жанна д’Аркни гулханда ёқиш орқали ўлимга ҳукм этган.
Муҳандислар айби билан ҳалокатга учраган самолёт
1994 йил 3 январь куни Иркуцк—Москва йўналиши бўйича учган «Ту-154М» йўловчи самолёти ҳалокатга учраган эди. «Байкал» авиакомпанияси бортининг қулашига гидросистемаларни ишдан чиқишига олиб келган иккинчи двигателда ёнғин чиққани сабаб бўлган. Фавқулодда ҳолат 115 йўловчи, 9 нафар экипаж аъзоси ва ерда яна бир кишининг умрига зомин бўлган.Иркуцк бежизга «самолётлар қулайдиган шаҳар» дейилмайди: охирги 55 йилда бу ўлкаларда олтита рейс ҳалокатга учраган. 1963 йилда Албаниянинг Хитойдаги элчихонаси ходимлари ҳалок бўлганди.
БКЛ130 одатдаги юзлаб рейслардан фарқ қилмаган ва мутлақо тинч ҳолатда ўтиши керак эди, бунинг устига штурвални 16 минг соатдан ортиқ парвоз қилган тажрибали учувчи Геннадий Падуков бошқарган. Аммо чигал ҳолатга кутилмаган вазият сабаб бўлган. Кўнгилсизликлар 4 минг метр баландликдаги парвоздан 3 дақиқа-ю 45 сония ўтгач бошланган. Ёнғинга двигатель стартёрига ёт предмет тушиши оқибатида унинг бузилиши сабаб бўлган — кейинчалик тергов давомида бу газ коллектори корпусининг бўлаги бўлгани аниқланган.
Стартёр корпусдан учиб чиққан турбинанинг айланувчи диски двигатель ва бўлинмага тушиб кетган, иккинчи двигателнинг ҳаво, ёнилғи ва мой линияларига, гидравлика тизимларининг элементларига зарар етказган.
Барча гидротизимлар ишдан чиққани боис бошқарув соатига 510 километр тезликда йўқотилган ва самолёт Иркуцк аэропортидан 11 километр наридаги «Мамони» қишлоғида жойлашган сут фермасига урилган. Бу вақтга келиб парвоз бошланганига 12 дақиқадан бироз ўтганди, холос. Даҳшатли тўқнашув оқибатида самолёт икки қисмга ажралиб кетган — учувчилар кабинаси ва биринчи салон парчаланиб кетган, иккинчи салон ва дум қисми бошқа жойга тушган. Самолёт қолдиқлари 400 метр радиусга сочилган. Фюзеляж бўлакларидан бири фермадаги ходимлардан бирининг ўлимига сабабчи бўлган, яна бири жароҳатланган.
«Миша яхши эркак эди. Чилангарлик қиларди. 16 ёшли ногирон қизлари қолди», — дея эслайди фавқулодда ҳолатга гувоҳ бўлган тракторчи Евгений Ковалев.
Самолёт бортида бўлган 125 кишидан жами 74 нафарининг шахсига аниқлик киритилган. Бундан ташқари, ўнлаб қорамоллар ҳалок бўлган, ферма бутунлай вайрон қилинганди.
«Экипаж меъёрий ҳужжатлардаги, ахборот таъминотидаги камчиликлар, шунингдек, маълумотларнинг етарли эмаслиги сабабли бундай вазиятда ҳаракат қилишда нотўғри қарорни қабул қилди», — дейилганди Россия Транспорт вазирлиги баёнотида.
Фожиа сабабларини ўрганган тергов комиссияси «Ту-154М»нинг иккинчи двигателида бундан олдин ҳам носозликлар кузатилганини аниқлаган. Жумладан, 1993 йил ёзида Гуанчжоуга парвоз қилиш вақтида шунақа вазият кузатилган: ўша вақтда экипаж ёнилғини сарфлаб, авариявий қўнишни амалга оширганди.
Учувчилар кабинасидан олинган ёзувлар ўрганилганида парвоздан икки дақиқа олдин шундай суҳбат бўлган: «Двигательларни тайёрлаган муҳандисга айтгинки, улар жуда ёмон тайёрланган, ишга тушмаяпти. Учта двигателни ўт олдиришга 20 дақиқа вақт кетди».
«Дуче»га айланган диктатор Муссолини
Бундан 97 йил олдин Италия диктатори Бенито Муссолини «дуче» (доҳий) унвонини қабул қилган. Италия фашизми асосчиси, Адолф Гитлер тарафдори ҳисобланган Муссолинининг обрўси Италияда ҳозирга қадар сақланиб қолган. Айниқса, миллатчи сиёсатчилар унга италияликларнинг манфаатларини ҳимоя қилган инсон сифатида қарайди.1925 йил 3 январь куни Бенито Муссолини ўзига «дуче» унвони берилишига сабаб бўлган нутқни сўзлаган эди: бу орқали Италия бош вазири лавозимида бўлган етакчи ҳақиқий диктаторга айланган эди.
Бу вақтда ҳукумат ҳали коалиция кўринишида бўлиб, унинг таркибига мамлакат сиёсий элитаси либерал спектрининг бир қанча вакиллари ҳам кирарди. Бироқ Муссолинининг 3 январдаги нутқида Италия демократиясига тўғридан-тўғри таҳдидлар янграган, улар Вазирлар Маҳкамасини тарк этган — ҳукумат тўлиқ фашистлар қўлига ўтган.
Орадан анча йиллар ўтган бўлса-да, Муссолини мероси ҳали ҳам мунозарали бўлиб қолмоқда, итальян сиёсатчилари орасида ҳозирга қадар унинг тарафдорлари топилади. Агар Германияда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари жамият томонидан деярли шахсий айб сифатида қабул қилинса, Италияда ҳамма нарса бошқача.
Гитлер фонида Муссолини шахси у қадар ёмон кўринмаган. Италия диктатори яҳудийларни қирмаган, иқтисодий ислоҳоти эса аҳолининг қашшоқ қатлами ҳаётини яхшилашга ёрдам берган. Сўлларнинг душмани бўлган Муссолини ижтимоий ҳаракатдан чиққан ва ҳатто ёшлигида «Avanti» газетаси муҳаррири бўлган.
Италияда ҳозирга қадар Муссолини бюстлари ёки фашизм рамзлари туширилган футболкаларни учратиш мумкин. 2019 йилда таъмирлашга ёпилган Муссолини қабри томоша учун яна очилган.
Бенито Муссолини Иккинчи жаҳон уруши тугашидан анча олдин Италияда ҳокимиятни қўлдан бой берган. 1943 йил июлда итальян армиясида ҳарбий кампаниянинг омадсиз якунланиши фонида дуче ҳокимиятдан ўзининг Фашистлар партиясидаги тарафдорлари томонидан четлатилган. Иқтисодий инқироз Муссолинининг ҳибсга олиниши, партиянинг тарқатиб юборилиши ва Италиянинг урушдан чиқиши билан якунланган.
1943 йил 12 сентябрда ҳибсга олинган диктатор немис десантчилари томонидан озод этилган. Соғлиғида муаммолари кузатила бошланган Муссолини сиёсатдан бутунлай чекинишни истаган. Аммо Адолф Гитлер бунга йўл қўймаган. У билан учрашувда фюрер Муссолинидан Италияга қайтишни ва янги фашистлар давлатини тузишни талаб қилган. 23 сентябрда немислар томонидан эгаллаб олинган Апеннинг яриморолининг шарқий қисмида Италия социал республикаси (Сало Республикас) эълон қилинган. У тўлиқ Учинчи рейх қўллаб-қувватлови билан шаклланган. Давлат раҳбари лавозимида бўлишига қарамай, 60 ёшли Муссолини бирор-бир мустақил қарор қабул қила олмаган.
1945 йил 25 апрелда Сало Республикаси тугатилган. Шу куни Миланда картинал Шустер ўртакашлигида Муссолини бошлиқ фашистлар делегацияси ва ҳарбий вазир Родолфо Грациани ўртасида музокара ўтказилган. Таниқли француз тарихчиси ушбу учрашув ҳақида шундай ёзганди:
«Вазият жуда танг эди, бироқ жараён келишув билан тугайдигандек кўринарди: Муссолини сўзсиз таслим бўлишга қаршилик билдирмади, аммо фашист раҳбарлар ва уларнинг оила аъзолари учун кафолат талаб қилди. Шу пайт префект Басси пайдо бўлди ва Қаршилик кучлари немислар билан музокаралар ўтказаётгани, уларни ўйлаш шарт эмаслигини маълум қилди. ‘Улар доим бизга қулдек муносабатда бўлишган. Мен ўз озодлигимни қайтариб оламан’, — дейди Муссолини».
Дученинг бундай жавобидан кейин Қаршилик кучлари раҳбарияти умумий исён бўйича буйруқ берган. Муссолинининг ўзи Бергамо шимолидаги водийга кетишга қарор қилган. У агарда қўлга тушса, судсиз қатл этилишини биларди.
Муссолини, унинг севгилиси актриса Карла Петаччи ва яқин тарафдорлари Комо шаҳрига келиб жойлашган. Бу ерда диктатор охирги марта рафиқаси Ракеле билан учрашган, шунингдек, қизи Елена ва ўғли Витторио билан суҳбатлашади. Шунингдек, яна икки фарзанди — Анна ва Романонинг тақдиридан хавотирга тушган.
Муссолини ўзининг охирги тунини Данго қишлоғидаги уйчада ўтказган. У ерда дуче Қаршилик кучларидан бирининг раҳбари Валеер Аудизиога (полковник Валерио) топширилган. Версиялардан бирига кўра, у дучени озод этиш учун келгани ҳақида ёлғон гапириб, уни қўлга олган. Муссолини ва Петаччи машинага ўтқизилган. Қатл учун маъқул жойни кўрган Аудизио ҳайдовчига тўхтатишни буюрган. Маҳаллий вақт билан соат 16:10 да диктатор, унинг севгилиси ва яна бир нечта юқори мартабали фашист отиб ташланган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)