Россия томонидан Украинанинг энергетика инфратузилмасига доимий ҳужумлар дунёдаги озиқ-овқат инқирозини янада кучайтиради. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Қайд этилишича, вазият асосий озиқ-овқат экспортчилари бўлган АҚШ, Бразилия ва Аргентинада қурғоқчиликни янада оғирлаштирмоқда. Ёзда Украина Қора денгиз орқали озиқ-овқат экспортини тиклашга муваффақ бўлган. Аммо «дон йўлаги» доирасида Украина донининг етказиб берилиши барча эҳтиёжларни қопламайди.
«Узоқ давом этган глобал озиқ-овқат инқирози Украинадаги урушнинг энг кенг тарқалган оқибатларидан бирига айланди ва очлик, қашшоқлик, эрта ўлимга таъсир қилди», — дейилади хабарда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ҳисоб-китобига кўра, 345 миллиондан ортиқ одам озиқ-овқат билан таъминланмаган ёки очликдан ўлиш хавфи остида. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан икки баравар кўплиги айтилмоқда.
Озиқ-овқат танқислиги ва юқори нархлар Африка, Осиё ва Америкада инқирозга сабаб бўлмоқда. Урушдан вайрон бўлган Афғонистон ва Яман энг кўп жабр кўрмоқда, Миср ва Ливан эса ўз тўловларини тўлашга қийналмоқда. Озиқ-овқат инқирози ҳатто АҚШ ва Буюк Британия каби бой мамлакатларга ҳам таъсир қилди.
Қайд этилишича, Украина дунёдаги энг йирик дон экспортчиларидан бири, аммо Россия бошлаган уруш туфайли портлар тўсиб қўйилганди, жаҳон ҳамжамияти экспортни тўхтатиш қашшоқ мамлакатларда очарчиликка олиб келиши мумкинлигидан хавотирда бўлган.
БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, буғдой ва бошқа маҳсулотлар нархининг пасайишига Украинадан озиқ-овқат етказиб беришнинг қайта тикланиши сезиларли таъсир кўрсатди.
Мавзуга доир: Россия Украинанинг камида 1 миллиард долларлик буғдойини ўғирлади — NASA
Изоҳ (0)