Колинда Грабар-Китарович дунёдаги энг машҳур аёл бўлиши билан бирга, энг оддий раҳбарлардан бири ҳамдир. У Хорватия президенти лавозимини эгаллаган биринчи аёл ва мамлакат тарихидаги энг ёш ҳукумат вакилига айланди. Унинг баъзи тарафдорлари Колинданинг қувноқ феъл-атвори ва очиқкўнгиллилигига қойил қолишади, бошқалари эса уни қалблар маликаси ва сиёсатдаги энг жозибали аёл деб атайди. Улар бир нарсага аниқ тан беришади — бу аёл ўзининг соддалиги ва камтарлиги билан ажралиб туради. Колинда ўзига ҳар қандай ҳашаматни раво кўриши мумкин, лекин у бунинг ўрнига эконом-классда учишни афзал кўради, футбол ўйинларини VIP ложадан томоша қилишни рад этади, жамоат транспортида сайр қилади ва озиқ-овқат маҳсулотларини шахсан ўзи харид қилади.
«Мен сизларнинг бирингизман»
Колинда Грабар-Китарович 2015 йилги сайлов кампанияси пайтида ватанпарварлик, оилавий ва насроний қадриятлар ҳақида гапирганда, Хорватия либерал ОАВлари у ҳақда «Катта гавдали аҳмоқ малласоч» деб ёзган эди. Бир мунча вақт ўтгач, иккинчи турда 50,42 фоиз овоз олиб, президентлик сайловида ғалаба қозонди. Ўша пайтда янги президент — Колинда Грабар-Китарович 46 ёшда эди.
Аввалига кўпчилик аёлга давлат раҳбари сифатида нотўғри фикр билан қараган. Бироқ у тезда хорватлар қалбини забт этди: «Мен сизларнинг бирингизман, сизларнинг овозингиз бўламан», дея таъкидлаганди ўшанда Колинда. Ва у ўз ваъдасини бажара олди.
Шундан сўнг мамлакат аҳолиси жигарранг кўзли ва чиройли табассумли бу малласоч аёл чинакам халқ президентига айланганига ишонч ҳосил қилди: унда ёпиқлик ва совуқлик йўқ эди. Баъзилар ҳатто унинг кайфияти доимо аъло бўлади, деб ўйлашади, чунки у кулиб юради. Колинда президент бўлишига қарамай, оддий одамлар каби Загреб марказидаги «Баста» пицсериясига боради, бозордан озиқ-овқат сотиб олади, жамоат транспорти ёки микроавтобусда ҳеч қандай ҳашаматсиз хотиржам сайр қилади.
Шу кунгача собиқ президент сайёҳлар олдига хотиржам бориб, шаҳарликлар билан бемалол суратга тушади. У пиёда сайр қилиш билан бирга, спорт билан фаол шуғулланади, бўш вақтларида микротўлқинли печда пиширилган попкорн еб, болалари ва эри билан фильм томоша қилади. Грабар-Китаровичнинг тан олишича, плейлистида уни илҳомлантирадиган бир нечта қўшиқлар мавжуд: Мередит Брукснинг Bitch («Ярамас») ва Эмина Араповичнинг Vucica («Бўри боласи») номли хорватча қўшиқлари шулар жумласидан.
Танқидчиларнинг ҳам тан олишича, Колинда ҳар доим замонавий услубдаги ўзига ярашган либосларни кияди. У кийимларини ўзи харид қилади, шу ўринда энг қиммат мода уйларининг ҳашаматли либосларини сотиб олишга қурби етишини ҳам тан олади. Аммо сиёсатчи кийинишга катта маблағ сарфлашни ёқтирмайди, чунки у камбағал оилада туғилганини ҳали-ҳануз эсдан чиқармаган. «Меҳнатингиз билан топилган пул лотереяда ютиб олишдан кўра кўпроқ ҳузур бағишлайди, деб ўйлайман», — дейди у.
Колинда нафис кўйлаклар, классик костюм ва пальтолар, юбкаларни маъқул кўради. Айниқса, у маҳаллий дизайнерлар брендларини яхши кўради — Грета Гуделж, Александра Дойсиновис, Иван Тандарис, Александар Секулжиcа, Весна ва Марадан Мария Милкович бутикларидан кўнглидагидек либос топа олади. У дизайнерлардан кўпинча этник мотивлар, тўр, каштадўзлик, нақшлардан фойдаланишни сўрайди. Баъзан унинг буюртмасига кўра, кийимларга бирор-бир сўз ҳам қўшиш мумкин: «жасорат», «севги» ёки руҳлантирувчи «ўзингдек бўл» каби. Сиёсатчининг севимли ранглари — қизил, оқ ва қора.
«Бошқа мухлислар қаторида биз ҳам авиарейсни узоқ кутганмиз»
2018 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Колинданинг машҳурлиги бутун жаҳонга овоза бўлди. Шундан сўнг президент Владимир Путин шахсан ўзи уни учрашувга таклиф қилди. Хорватия раҳбари чемпионатнинг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди: бутун дунё унинг Москвадаги ўйинни Россия ва Франция раҳбарлари ҳамроҳлигида томоша қилаётгани тасвирланган суратларини кўрди. Грабар-Китарович урилган голлар қувончидан рақсга тушди: ҳис-туйғуларини яшириб ўтирмади ҳам. Хорватия терма жамоаси Франция терма жамоасига ютқазиб қўйганида эса барча ўйинчиларни, шу жумладан, французларни ҳам қучоқлаб ўпди.
Колинда Россиядаги бошқа ўйинларга ҳам хорватияликлар билан бирга борди: у чартер рейс ва стадионларга чипталар буюртма қилди. «Аэропортда парвозни узоқ кутиб қолиш ҳолатлари тез-тез бўлиб турарди ва хорватиялик мухлислар сингари биз ҳам бутун тунни самолётда ўтказардик», деб эслайди у.
Хорватия президенти бошқа футбол ишқибозлари билан биргаликда ўйинларни одатий трибунадан томоша қилди. «Мен ҳам бошқалар каби қувноқ эканлигимни кўрсатишни, трибунадаги мухлислар билан бирга жамоани қўллаб-қувватлашни хоҳладим. Мен ҳам миллий рамзларимиз туширилган футболка кийдим. Одатда узун кўйлак кийиш керак бўлган VIP зонада сиз бундай кийимда бўлолмайсиз», — дея тушунтиради сиёсатчи.
Миллий жамоанинг кейинги ўйинларида ҳам у худди шу футболкада бўлди ва шу билан костюмларда бўлган бошқа сиёсатчилардан ажралиб турди.
Колинданинг тан олишича, у нафақат футбол, балки баскетбол ва сув полоси бўйича ҳам терма жамоанинг ўйинларига шахсан ташриф буюришга ҳаракат қилади. У болалигидан спортга меҳр қўйган: унинг дўстлари, асосан, ўғил болалар бўлган ва улар билан бирга тўп ортидан қолмаган.
Эркакшода қизалоқ
Кўпчилик Грабар-Китаровичнинг ҳаётини Золушка ҳақидаги эртакка қиёслайди. Аёл Хорватиянинг Риека шаҳри яқинидаги Лубарска қишлоғида туғилган. Унинг ота-онаси бошланғич мактабнигина битирган жуда оддий одамлар эди. Отаси гўшт дўконига эгалик қилар, онаси эса уй бекаси бўлган. Қизининг исми ҳам кутилмаганда танланган: ўша пайтда машҳур хорват хонандаси Зденка Вучковичнинг «Колинда» деб номланган қўшиғи машҳур бўлган даврлар эди.
Қизнинг шаклланишига уни ҳақиқий католик ва ватанпарвар қилиб тарбиялаган бобоси ва бувисининг таъсири катта бўлди. Улар 1942 йилда итальян фашистларининг қишлоққа қилинган ҳужумидан омон қолган: бобоси партизанларга қўшилган, аммо бувиси концлагерга тушиб қолган. Кейинчалик бувиси асирликдан озод бўлгач, антифашистлик йўлини танлайди.
Колинданинг отаси ўғилли бўлишни орзу қиларди, шунинг учун ҳам қиз эркакшода бўлиб ўсди: у овга чиқар, чўзма (рогатка)дан тош отар, футбол ўйнарди. Ҳозир ҳам бўш вақтида тирдан ўқ отишни яхши кўради.
Мактабда Грабар-Китарович аълочи ўқувчи бўлиб, тарих ва чет тилларини яхши кўрарди, стюардесса ёки таржимон бўлиш орзуси эди. Бу вақтга келиб у инглиз, испан, португал тилларини ўзлаштирган, немис, итальян ва француз тилларида эса оз-моз гапира олган. Иқтидорли қишлоқ қизи шаҳарга келганида, кўпчилик унинг қишлоқча талаффузидан кулишади. Бундай талаффуздан қутулиш учун у нутқи устида жуда кўп ишлайди.
Мактабни тугатган Колинда таълим гранти ютиб олади ва таҳсил олиш учун АҚШга жўнаб кетади. Америкадаги стипендияси етмагани сабабли у бўш вақтида кир ювувчи бўлиб ишлайди. Ватанига қайтиб, университетга кирганида унинг қўлидан энагалик ва инглиз тилидан репетиторлик қилиш келарди.
Аёл бўлажак турмуш ўртоғи Яков билан 1989 йилда Загреб университетида ўқиётганида танишган. Йигит муҳандислик, Колинда эса халқаро муносабатлар йўналиши бўйича таҳсил олган. Турмуш қуришгандан сўнг аввал қизи Катарина, кейин ўғли Лука дунёга келди. Колинданинг сиёсатга қизиқиб қолишига ҳам турмуш ўртоғи Яков сабабчи бўлди. Ҳозирда унинг эри бизнесмен ва университет профессори: машҳурликка қизиқмагани сабабли рафиқасининг соясида қолишни афзал кўради.
Колинданинг сиёсий фаолияти 1992 йилда бошланган. Дастлаб Грабар-Китарович Фан ва технологиялар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бўлими маслаҳатчиси, кейин эса Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси бўлди. 2003 йилда у Европа интеграцияси бўлимига раҳбарлик қилди, икки йилдан сўнг эса мамлакат ташқи ишлар вазири бўлди. 2008 йилдан 2011 йилгача у Хорватиянинг Қўшма Штатлардаги элчиси лавозимида фаолият юритди. Интервьюларининг бирида эса «Мен сигир соға оладиган кам сонли дипломатлардан бириман», деб ҳазиллашган ҳам.
Чўмилиш кийимидаги президент
Олти йил олдин интернетда чўмилиш кийими кийган жозибали малласоч аёлнинг суратлари тарқалди. Ташқи томондан, у Хорватия президентига жуда ўхшарди, устига устак ўша пайтда Колинда оиласи билан таътилда эди. Кўпчилик давлат раҳбари, айниқса, қатъий кийиниш услубига риоя қиладиган одам бундай очиқ-сочиқ чўмилиш кийимини киймаслиги кераклиги ҳақида ёзишни бошлади. Кейинчалик бу Грабар-Китарович эмас, балки Колиндага жуда ўхшаш бўлган актриса Никол Остин эканлиги маълум бўлди. Айни ўша вақтда давлат раҳбарининг чўмилиш кийимида бўлган ҳақиқий фотосуратлари тарқалиб кетди – бу янада катта шов-шувга сабаб бўлди. Колинданинг чўмилиш кийими сипо бўлса-да, президентнинг қадди-қомати кўпчиликни мафтун қилиб қўйди.
Колинда ҳақидаги фейк хабарлар интернетда тез-тез пайдо бўлиб туради. Бир сафар эса оммавий ахборот воситалари у президент самолётини, шунингдек, ҳукумат амалдорларини олиб юрувчи 35 та Mercedes автомобилини сотиб юборгани ҳақида ҳам ёзган. Унда айтилишича, у тушган пулларни давлат ғазнасига топширган, шунингдек, консул ва элчилар маошларини 60 фоизга қисқартиргани ҳам айтиб ўтилган. Кейинчалик бу ҳақиқат эмаслиги маълум бўлди. Мамлакатда барча ҳокимият фақат президентга эмас, балки ҳукуматга тегишли, аслида Грабар-Китаровичнинг бундай ваколатлари йўқ.
Халқнинг чексиз меҳрига қарамай, Колинда президентлик курсисида узоқ вақт қолмади. 2019 йилнинг декабрь—2020 йилнинг январь ойларида Хорватияда бўлиб ўтган янги президентлик сайловларида у Зоран Милановичга ютқазди. Аммо спортга бўлган муҳаббати Колиндага шу ерда ҳам ёрдам берди: у Хорватиянинг Халқаро Олимпия қўмитасидаги расмий вакили этиб сайланди.
Мавзуга доир:
- Оқ уйдан кейинги ҳаёт: президентлик муддатидан сўнг АҚШнинг собиқ биринчи хонимлари нима билан шуғулланади?
- Биринчи хонимлар амал қилиши шарт бўлган этикетлар: президентларнинг рафиқаларига нима қилиш мумкин-у, нималар мумкин эмас (фото ва видео)
- «Тэтчер даври»— Буюк Британиянинг чуқур иқтисодий тангликдан чиқиши. Аёл иродаси рамзига айланган «Темир хоним» — Маргарет Тэтчер ҳақида
- Фанга бўрон каби кириб, анча-мунча эркакларнинг попугини пасайтириб қўйган олима. Мария Складовская-Кюри ҳаёти давомида амал қилган 10 сабоқ
Изоҳ (0)