Хитойда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани сабабли Япония 30 декабрдан бошлаб Хитойдан келаётганлар учун чегара назоратини кучайтиради. Бу ҳақда Япония бош вазири Фумио Кисида журналистларга маълум қилди, деб ёзади Japan Times.
Бош вазирнинг айтишича, Хитойдан келган барча сайёҳлар ва сўнгги етти кун ичида Хитой материгида бўлган ҳар бир киши Японияга келганида COVID-19 учун тестдан ўтади. Вирус аниқланганлар бир ҳафталик карантинга юборилади. COVID-19 инфекциясининг кескин ўсишига йўл қўймаслик учун Хитойдан парвозлар сони назорат қилинади.
Япония икки ярим йиллик чекловлардан сўнг октябрь ойида чет эллик сайёҳлар учун чегараларини очган эди.
Хитой бўлса рекорд даражадаги касалланишларга қарамай, 8 январдан мамлакатга кириб келувчилар учун карантинни бекор қилмоқчи. Хитойда коронавируснинг жорий тўлқини январь ойида ўз чўққисига чиқиши кутилмоқда, деб ёзади Bloomberg.
Изоҳ (0)