Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, туман экология бўлими инспекторлари томонидан дарахт кесилиши ҳолати юзасидан келиб тушган мурожаат жойига бориб ўрганилган.
Ўрганишларда ҳолат ўз тасдиғини топиб, туманнинг «Бўстон» МФЙ ҳудудида фуқаро Ғ.Ч. ҳеч қандай рухсатномасиз 4 туп элдор қарағайи ҳамда 2 туп шарқ туя дарахтини таг қисмидан қўпориб ташлагани аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 1 миллион 500 минг сўм жарима ҳамда 5 миллион 700 минг сўм зарар қўлланилган.
Изоҳ (0)