Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров 2024 йилда Парижда қўлга олинишини Франция полициясининг хатоси, дея таъкидлади. Бу ҳақда у 24 август куни ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.

Дуровга кўра, орадан бир йил ўтиб ҳам олиб борилган суриштирувлар на унинг, на Telegram платформасининг айбдорлигини исботлай олган.
“Истеҳзоли тарзда айтадиган бўлсам, мени Франция полицияси ўз хатоси сабаб ҳибсга олган: улар 2024 йил август ойига қадар Франция ва Европа Иттифоқи қонунларини инкор этиб, Telegram’га расмий юридик тартиб орқали сўров юбормаган эди. Бизнинг модерация амалиётларимиз стандартларга тўла мос келади. Telegram Франциядан юборилган юридик жиҳатдан асосли ҳар қандай сўровга доимо жавоб берган”, деган Telegram асосчиси.
Дуровнинг фикрича, уни ҳибсга олишнинг ягона сабаби Франциянинг эркин давлат сифатидаги обрўсига путур етказилганидир. У, шунингдек, ҳибсга олинганига бир йил бўлган бўлса-да, ҳозиргача апелляция суди санаси белгиланмаганини, ўзи эса ҳар 14 кунда Францияга қайтишга мажбур бўлаётганини маълум қилган.
“Биз курашни давом эттирамиз ва ғалаба қозонамиз”, деб ўз постини якунлаган Дуров.

Маълумот ўрнида, Павел Дуров 2024 йил 24 август куни Париждаги Le Bourget аэропортида бир қатор айбловлар, жумладан, ижтимоий тармоқда ноқонуний операцияларни амалга оширишда иштирок этганликда айбланиб, қўлга олинган эди.
Париж прокуратурасига кўра, бундай жиноят учун 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш ва 500 минг еврогача жарима жазоси қўлланиши мумкин. Судья қарорига асосан, Дуров суд назоратига олинган ва унга 5 миллион евро гаров тўлаш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, Дуров ҳафтасига икки марта полицияга бориб баёнот бериши ва Францияни тарк этмаслиги шарт қилинган эди. Лекин француз ҳукумати 2025 йилнинг июнь ойи ўрталарида Дуровга нисбатан назоратни юмшатиб, унга 10 июлдан бошлаб мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берган.
Изоҳ (0)