АҚШ Россия билан уруш қилмоқчи эмас, Америка президенти Жо Байден Украинадаги можаронинг кенгайишига йўл қўйишни истамайди, деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия алоқаларни сақлаб қолмоқда. Аввалроқ Байден Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни якунлашга қизиқиш билдирган тақдирдагина у билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтганди.
«Байден учун Украинадаги можаронинг кенгайишига йўл қўймаслик муҳим. Биз уни ҳеч қандай тарзда кенгайтиришни эмас, аксинча якунлашни хоҳлаймиз. Биз Россия билан урушни хоҳламаймиз, айниқса учинчи жаҳон урушини. Бунга интилаётганимиз йўқ», — деди Блинкен France 2 телеканалига берган интервьюсида.
Жо Байден 1 декабрь кунги матбуот анжуманида яқин орада Владимир Путин билан боғланмоқчи эмаслигини айтди. У Путин Украинадаги ҳарбий можарога барҳам бериш истагини билдирсагина, у билан музокарага тайёр бўлишини қўшимча қилди.
«Агар Путин урушга нуқта қўйиш усулини топишга ҳақиқатан ҳам қизиқаётган бўлса, у билан гаплашишга тайёрман. Ҳозирча мен буни кўрмаяпман», — деди у.
Байденнинг сўзларига кўра, Владимир Путин билан учрашувлар эҳтимоли НАТО билан маслаҳатлашувдан кейин кўриб чиқилади.
1 декабрь куни Кремль йил охиригача Россия ва АҚШ ўртасида мулоқотлар режалаштирилмаётганини маълум қилди. Ўз навбатида, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таъкидлашича, Москва ҳеч қачон Вашингтон билан музокаралардан қочмаган, аммо ҳозирча «қандайдир муҳим ғояларни эшитмаяпти».
Ноябрь охирида Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан ҳар қандай музокаралар яширинча эмас, оммага ошкора ҳолатда ўтиши кераклигини айтганди. Унинг офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк фронтдаги жорий вазият фонида музокараларни бошлаш Украина таслим бўлганини билдиришини таъкидлади.
Изоҳ (0)