Россиянинг Приморск ўлкасида МиГ-31 қирувчи-тутувчи самолёти ҳалокатга учради, деб ёзмоқда «ТАСС» фавқулодда хизматларга таяниб.
Самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай Алексеевка қишлоғи яқинидаги ўрмонга (Владивостокдан 65 километр узоқликда) қулаган. Экипаж парашютдан сакрашга улгурган, учувчиларнинг аҳволи ҳозирча номаълум. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати қирувчи самолёт ҳалокатга учраганини тасдиқлади. «Самолётда ўқ-дорилар бўлмаган. У кимсасиз жойга қулаган, ерда ҳеч қандай вайронагарчилик йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага техник носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин», — дейилади туман хабарида.
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери жангларга алоқадор бўлмаган тарзда Россия ҳарбий авиациясининг ўнта самолёти ҳалокатга учради, деб ёзганди The Bell октябрь ойи ўрталарида.
Октябрь ойида Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида Су-34 бомбардимончи самолёти тўққиз қаватли бино ёнида қулаб, 15 киши ҳалок бўлганди. Бир неча кундан кейин Су-30СМ қирувчиси Иркуцкдаги икки қаватли уйга қулаб тушди.
Изоҳ (0)