Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин уни қайта тиклаш баҳоси 349 миллиард доллардан ошади, деди Жаҳон банки президенти Дэвид Мелпас. Унинг фикрича, асосий харажатлар Украина инфратузилмасини, хусусан, электр тармоқларини тиклашга сарфланади.
Шу билан бирга, Мелпас халқаро ҳамжамият Украинага маблағ ажратилишидан ҳеч қандай «толиқиш» сезмаганини айтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатлари давом этаётгани сабабли Россияга нисбатан «умидсизлик» кучаймоқда. «Бу машаққатли уруш ва у умидларни пучга чиқармоқда», — деб қўшимча қилди Жаҳон банки раҳбари.
Жаҳон банки аллақачон Украинага 18 миллиард доллар ажратган. Хусусан, октябрь ойида банк Киевга Британия кафолати остида 500 миллион доллар ажратганди. Украина расмийларининг ўзи мамлакатга зарур бюджет ёрдамини ойига 4-5 миллиард долларга баҳоламоқда. Киев Европа Иттифоқи 2 миллиард доллар ажратишини кутмоқда, шундан 500 миллион доллар Германиядан келади.
Аввалроқ Украина раҳбари Владимир Зеленский мамлакатни қайта тиклаш қиймати 1 триллион доллардан ортиши мумкинлиги ҳақида айтганди.
Изоҳ (0)