Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ЖЧ—2022 2-тури доирасида Мексикага қарши кечган баҳсда (2:0) майдонга тушди ва гол уришга муваффақ бўлди.
Месси Жаҳон Чемпионатларидаги 21-ўйинида иштирок этди. Бу борада Лео Диего Марадонанинг рекордини такрорлади. Ҳеч қайси футболчи Аргентина терма жамоасида мундиалларда 21 тадан ортиқ ўйин ўтказмаган.
Лионель мундиаллардаги 8-голини урди. Бу борада футболчи Марадона ва Криштиану Роналдуга етиб олди. Рекордчи Мирослав Клозе ҳисобида 16 та гол бор.
Аргентинанинг қаторасига 6 ўйинидан бери гол ураётган Месси терма жамоа сафидаги умумий голлари сонини 93 тага етказиб олди. Бу борада фақат Криштиану Роналду (118 та) ва Али Дайи (109 та) ундан олдинда.