Россиянинг янги «Магадан» дизель-электр сувости кемаси Япон денгизи акваториясидан денгиз ва қирғоқдаги нишонларга қарата «Калибр» қанотли ракеталарни учирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилган.
Таъкидланишича, жанговар машқларни бажаришдан аввал сувости кемаси белгиланган ҳудудга яширинча кириб, у ердан нишон позицияларига ракета зарбалари берган.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета зарбасининг амалга оширилишини Тинч океани флотининг кемалари, самолётлари ва учувчисиз учар қурилмалари таъминлаган.
«Биринчи ракета билан денгиздаги нишон — шартли душманнинг сувусти кемасига имитация қилувчи қалқон нишонга зарба берилди», — деб хабар берди ҳарбийлар.
«Иккинчи ракета Хабаров ўлкасидаги Сюркум тактик даласида жойлашган қирғоқдаги нишонга бориб тегди. У 1000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди», — дейилади хабарда.
«Калибр» қанотли ракеталари билан жиҳозланган «Магадан» сувости кемаси 9 октябрь куни Тинч океани флоти базасига, Владивостокка етиб келган эди.
2021 йил октябрида у Россия Ҳарбий-денгиз флоти жанговар таркибига киритилган ва унга Андреев байроғи ўрнатилган эди.
«Магадан» — Тинч океани флоти учун 636.3 лойиҳаси доирасида сериядаги учинчи сувости кемаси.
Сувости кемаларининг ушбу сериясини қуриш бўйича шартнома 2016 йил сентябрида имзоланган. Биринчи кема — «Петропавловск-Камчацкий» Россия ҲДФга 2019 йил 25 ноябрда берилган. Сериядаги иккинчи «Волхов» сувости кемаси флот таркибига 2020 йил 24 октябрда кирган.
636.3 лойиҳаси сувости кемалари «Калибр» қанотли ракеталари билан жиҳозланмоқда.
Изоҳ (0)