Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги йўл қурилишида қарийб 87 минг доллар қўшиб ёзилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум қилинишича, Хонобод—Туркобод автомобиль йўлининг 0-7 км қисмида ётқизилган асфальтбетон қатламларидан олинган 73 та намуналарнинг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги, қоплама қалинлиги кам экани аниқланган.
Бош пудратчи томонидан йўл қопламасининг қатламлар қалинлиги меъёрдан кам ётқизилганлиги оқибатида жами 86 728 доллар миқдоридаги иш ҳажми қўшиб ёзилганлиги маълум бўлди. Текшириш давомида эса ушбу қўшиб ёзилган иш ҳажмлари тўлиқ бартараф этилган.
«Ўзйўлинспекция»нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ётқизилган асфальтбетон қатламининг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлмасада, 2021 йилда ижобий хулоса бериб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Ҳолат юзасидан «Ўзйўлинспекция»нинг масъул ходимлари ва бошқаларнинг ҳаракатларида ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир: «Ўзйўлинспекция»га қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар сони ошди
Изоҳ (0)