22 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Далласда ўлдирилган АҚШ президенти Жон Кеннеди, Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчернинг истеъфо бериши ҳамда Грузияда «атиргул инқилоби»нинг бошланишига оид фактлар ўрин олган.
Америкаликларнинг энг севимли президенти — Жон Кеннедига суиқасд
Бундан 59 йил олдин 22 ноябрь куни АҚШ президенти Жон Кеннеди — мамлакатни оз муддат бошқарган бўлса-да, америкаликларнинг энг севимли етакчисига суиқасд уюштирилганди. Расмийлар Кеннеди якка тартибда ҳаракат қилган қотил томонидан ўлдирилган деб ҳисоблайди, аммо америкаликларнинг аксарияти ҳамон АҚШ президенти фитна қурбони бўлганига ишонади.Усти очиқ автомобиль, унинг ичида эса барчага қўл силкитганча юзида табассум билан кетаётган инсон. Ўқ овозлари эшитилади. Бошидан жароҳат олган эркак ёнидаги аёл елкасига йиқилади. Ушбу фожиавий кадрлар ҳаваскор инсон камерасига олинган бўлиб, уни бутун дунё кўп маротага бўрган — бу АҚШ президент Жон Кеннедининг Далласга уюштирган сафарида яраланиши эди.
Орадан кўп ўтмай, таниқли журналист Уолтер Кронкайт АҚШ президенти шифохонада вафот этгани ҳақидаги хабарни ўқиган ва ўз ҳаяжонини яшира олмаган. У кўзойнагини ечиб, узоқ вақт битта нуқтага тикилиб қолган.
СССР ва АҚШ муносабатларининг кескинлигига қарамай, Америка президентининг ўлимига биринчилардан бўлиб Москва муносабат билдиради. АҚШнинг СССРдаги элчихонасида ТИВ раҳбари Андрей Громико Америка халқи ва президент оиласига ҳамдардлигини билдирган. Айнан Кеннеди ўз вақтида Кариб инқирозига масъул бўлган бўлса-да, СССР АҚШ президентига яхши муносабатда бўлган.
«Кеннеди ўзидан олдингиларга ўхшаган оддий президент эмас эди. У Оқ уйни ўзига хос муваффақиятли америкаликлар клубига айлантирган бўлиб, таниқлик ёзувчилар ва маданият вакиллари доимий меҳмонга келиб турган», — дейди Франклин Рузвельт номидаги АҚШни тадқиқ этиш жамғармаси раҳбари Юрий Рогулев.
Кеннеди бошқаруви даврида МРБ Куба етакчиси Фидел Кастрони ағдаришга уринган, шунингдек, дунёни ядровий уруш ёқасига олиб келган Кариб инқирози рўй берган. Ижтимоий сиёсат, фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати билан мулоқот туфайли америкаликлар унинг кўплаб хиёнатларини кечириб юборган. 1963 йил март ойида америкаликларнинг 74 фоизи унинг иккинчи муддатга қайта сайланишига ишонган.
Шунга қарамай, ўта консерватив доираларда ўта либерал президентдан норозилик кучайган, Кеннедининг рақиблари уни Американи йўқ қиладиган «коммунист» деб аташган. Рамзий равишда унинг қотиллиги айнан Техасда рўй берган. Ушбу штатда президент сиёсатига қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил этган.
АҚШ президентининг ўлдирилишини тергов қилган комиссия судьяси Эрла Уоррен Кеннедини Ли Харви Освалд ўлдирган деган хулосага келган бўлса-да, кўпчилик «ёлғиз қотил» версиясига ишонмаган.
Рогулевнинг сўзларига кўра, миш-мишларнинг бир қисми Кеннедининг Кастрони, мафияни ва ҳатто ФҚБнинг қудратли раҳбари Эдвард Гуверни ағдаришдаги муваффақиятсиз уриниши учун қасос деб ҳисоблаган. Маълумки, Гувер Кеннедини ҳушламаган. Гувер ҳатто ўзининг бевосита бошлиғи — АҚШ адлия вазири Роберд Кеннеди ҳам нишонга олган. «Президент ҳам, унинг укаси ҳам Гуверни лавозимдан четлатишни хоҳлаган, аммо у қарши тура олган. Масала шундаки, Гувер суиқасддан хабардор бўлиб, унинг олдини олиш бўйича бирор чора кўрганми?», — дейди Рогулев.
2013 йилда ўтказилган Гуллуп сўрови натижаларида келтирилишича, америкаликларнинг 61 фоизи Кеннедининг ўлдирилиши ортида федерал ҳукумат, мафия ёки МРБ турибди деб ҳисоблаган. 2017 йил ёзида АҚШ ҳукумати мамлакатнинг 35-президенти ўлдирилишига оид ҳужжатларни оммага эълон қилган. Улар орасида 1964 йилда АҚШ тарафига ўтиб кетган «КГБ» собиқ ходими Юрий Носенконинг сўроқ қилиниши аудиоси ҳам мавжуд. Носенко Ли Харви Освалд СССРда яшаган вақтида уни кузатганини сўзлаб берган.
Америкада Освалд Оқ уй раҳбарини ўлдириш учун «КГБ» томонидан оғдириб олингани тўғрисида версия бўлган. Аммо охир-оқибат СССР ҳам ушбу АҚШ фуқаросидан қандай қутулишни билмагани маълум бўлган.
Носенконинг ўзи ҳам Освалднинг СССР разведкаси билан бирор-бир алоқаси борлигини рад этган ва совет махсус хизматлари унинг хатти-ҳаракатидан шокка тушганини айтган. Освалтнинг ўзи тергов давомида етарлича маълумот бермаган: Кеннеди ўлдирилганидан кўп ўтмай, Далласдаги тунгги клублардан бирининг эгаси унга ўқ узган.
«Миллат онасими ёки жодугар?»: истеъфо берган Маргарет Тэтчер
1990 йил 22 ноябрь куни «темир хоним» номи билан тарихга кирган Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчер истеъфо берганди. У ўз фаолияти давомида рақибларига қарши қақшатгич усулларда курашган, Аргентина билан «кичик урушда» ғалаба қозонган, совет етакчиси Михаил Горбачёв билан тил топишган ва Германиянинг бирлашишига қарши чиққан.«Кучли бўлиш — бу худди хоним бўлишдек. Агарда бу ҳақида гапиришга тўғри келса, демак сен ундай эмассан», — деган эди 1979 йил 4 май куни Буюк Британия бош вазирига айланган Маргарет Тэтчер.
Тэтчер Буюк Британия раҳбарига айланган, парламент сайловларида кетма-кет уч маротаба ғалаба қозонган биринчи бош вазир, 11 йил давомида ҳокимиятда қолган биринчи британиялик сиёсатчи. Маргарет Тэтчер ёки «Мегги» шубҳасиз кучли шахс эди.
Тэтчернинг ўзи сиёсатчининг жинсини аҳамияти йўқ деб ҳисоблаган, энг муҳими у ўз ишини яхши бажариши керак. Буюк Британияда Маргарет Тэтчерга нисбатан муносабат ҳозирда икки ёқлама: кимдир учун у «миллат онаси» бўлса, бошқалар уни «жодугар» деб атайди.
Тэтчер Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига айланганида, мамлакатда иқтисодий қулаш кузатилаётганди: йиллик инфляция 18 фоизни ташкил этган, фунт ўз тарихидаги энг ёмон кўрсаткичга тушиб кетган, мамлакатда узлуксиз иш ташлашлар бошланган — Буюк Британиядаги ишсизлар сони 1,5 миллион кишига етган.
Инфляцияни бартараф этиш ва бюджет харажатларини камайтириш учун Тэтчер давлат мулкларини оммавий хусусийлаштиришни эълон қилган: British Petroleum, British Гас ва British Airways хусусий қўлларга ўтган. Кўплаб компаниялар инқирозни енгиб ўтган, бироқ давлат қўллаб-қувватловисиз бозорда қола олмайдиганлар ҳам бор эди.
Британия бош вазири иқтисодий вазиятни ортиқча харажатларни кесиб ташлаш орқали курашган. Тэтчернинг қаттиқ сиёсати фонида инфляция 8 фоизгача тушган бўлса-да, мамлакатда норозилик ва иш ташлаш бошланган. Ўшанда Британия ОАВлари иқтисодий йўналишни ўзгартириш кераклиги ҳақида ёза бошлаган, бироқ Тэтчер бунга жавоб қайтарган: «Хоҳласанглар, ортга қайтаверинглар. Хоним қайтмайди».
Иқтисодий яхшиланиш ва Британия бизнесининг кўтарилишига қарамай, 1980 йил декабрда Тэтчернинг рейтинги 23 фоизга тушиб кетган — бу Буюк Британия бош вазирлари орасидаги энг паст кўрсаткич эди. Тэтчернинг сиёсатини ҳатто унинг партиядошлари ҳам танқид қилган: 22 вазирнинг 9 таси унинг ислоҳотларига қарши бўлган.
Яқинлашиб келаётган сайловларда консерваторлар орасида обрўсини тиклаб олиши учун Тэтчерга ғалабали уруш керак эди. Сабаб топилган. Аргентина Фолкленд ороллари бўйича назоратни ўз қўлига олмоқчи бўлганида Британия оролга қўшин юборган. Британия қироллик флотининг кучи Аргентинани чекинишга мажбур этган. Ушбу операция ватанпарварлик туйғуларининг жўшишига олиб келган ва Тэтчер 1984 йилда бош вазир лавозимига қайта сайланган.
Аммо Тэтчер «темир хоним» номини қаттиқ иқтисодий сиёсати ва Аргентина ҳарбийлари устидан эришган ғалабаси учун олмаган. Тэтчер бош вазир лавозимини эгаллагунга қадар Совет Иттифоқини танқид қилиб чиққанди. «Руслар дунё ҳукмронлигини мақсад қилмоқда ва улар ҳали дунё кўрмаган энг қудратли империя давлатига айланиш учун куч-воситаларини тўпламоқда. Биз учун эса замбаракдан бошқа барчаси муҳим бўлган бир пайтда, улар мой ўрнига замбаракларни танлади», — деганди Тэтчер.
Танқидга жавобан СССР Мудофаа вазирлигининг «Қизил юлдуз» газетаси Британия бош вазири «темир аёл» деб атаган, The Sunday Times эса уни «Iron Lady» дея таржима қилган ва шундан кейин бу лақаб ҳозирга қадар сақланиб келмоқда.
«Горбачёв биринчи учрашувдаёқ нафақат қайта қуриш дастури ҳақида гапирди, балки ўзгаришлар бўлиши, жумладан, бу катта қадамлар билан амалга оширилиши ҳақида айтди», — деганди Тэтчернинг собиқ маслаҳатчиси лорд Чарльз Пауэлл.
Шунга қарамай, Тэтчер Германиянинг бирлашувида Горбачёвнинг қарашларига қўшилмаган. У катта Германия давлати Британия манфаатларига таҳдид солади деб ҳисоблаган. «Биз немисларни икки марта ер тишлатдик, улар эса яна қайтмоқда», — деганди Тэтчер.
Кўпгина консерваторлардан фарқли ўлароқ, Тэтчер Европа интеграциясини чуқурлаштириш ғоясига совуққонлик билан қараган ва қарорлар қабул қилишда марказлаштиришга қарши эди, чунки у Европа Иттифоқини давлат суверенитетига таҳдид деб билган.
Партиядошларининг фикрига эътибор бермаслик Консервативлар партияси Маргарет Тэтчердан юз ўгиришига олиб келган. 1992 йилги сайловлар аввалида консерватор Майкл Хезелтайн Тэтчер ўрнига Консерваторлар партиясига бошчилик қилиш ниятини билдирган. Партия ичидаги овоз бериш жараёнларининг биринчи тури Тэтчернинг ғалабаси билан якунланган, бироқ унинг рақиблари ҳам етарлича овоз тўплаган. Тэтчер иккинчи турда курашни давом эттирмоқчи эди, аммо ўз партияси томонидан қўллаб-қувватланмагач, сайловда қатнашмасликка қарор қилган.
1990 йил 22 ноябрь куни Маргарет Тэтчер Буюк Британия бош вазирлиги лавозимидан кетишини эълон қилган. Ўзининг кетишини у консерваторларнинг сотқинлиги билан изоҳлаган.
«Атиргул инқилоби»
2003 йил 22 ноябрь куни Грузияда «атиргул инқилоби» — мамлакат президенти Эдуард Шеварднадзенинг истеъфосига олиб келган норозилик намойишлари серияси бошланган эди. Инқилоб мамлакатнинг бўлажак президенти Михаил Саакашвили парламентга боришда қўлига атиргул кўтариб олгани боис шу каби номга эга бўлган.Саакашвили ва унинг ўша вақтдаги тарафдорлари — мухолифат етакчислари Нино Буржанадзе ва Зураб Жвания парламент сайловларида Шварднадзе партияси фойдасига овозлар сохталаштирилганидан ғазабга тушган. Инқилобнинг бўлажак етакчилари овозларнинг қайта ҳисобланишини талаб қилган.
Парламентдаги вазият кескинлашган ва қўриқчилар президентни залдан олиб чиқиб кетишга қарор қилган. Ўшанда бўш қолган минбарга Саакашвили чиқиб, депутатларга мурожаат қилишдан олдин президентнинг стаканида турган чойни ичган. Совет давридан қолган одатга мувофиқ собиқ Грузия Коммунистик партияси раҳбари темир тутгичли стаканда чой ичишни яхши кўрарди.
Шеварднадзенинг президентилиги яна бир неча соат давом этган — эртаси куни у Саакашвили ва унинг тарафдорлари билан Россия воситачилигида музокаралар учун учрашган: вазиятни тартибга солиш учун Россия ташқи ишлар вазири Игорь Иванов етиб келган.
Президентлик лавозимидан кетиш Шеварднадзенинг сиёсий карьерасига якун ясаган. Айнан у қайта қуриш даврида совет Ташқи ишлар вазирлигига бошчилик қилган ва дунёнинг етакчи давлатларидаги ҳамкасблари билан музокаралар ўтказган эди. 1990 йилларда биринчи президент — Звиад Гамсахурдия авторитар режимининг ҳалоскори сифатида қабул қилган Грузия Шверднадзедан чарчаганди.
«Атиргул инқилоби» кўпинча «Америка лойиҳаси» дейилишига қарамай, аслида ундай эмас — АҚШ шунчаки вазиятдан ўз мақсадида фойдаланган. Шеварднадзе атрофидагилар коррупцияга ботгани, куч тузилмалари хоҳлаган ишини қилиши аллақачон халқда норозилик кайфиятини пайдо қилганди. Шу билан бирга, Американинг турли нотижорат ташкилотлари ростдан ҳам президент рақибларига ёрдам берган. Бунда ўз қарашлари Оқ уй манфаатларига мос келмайдиган миллиардер Жорж Сорос муҳим рол ўйнаган. Сорос «Кмара» номли грузин ёшлари ҳаракатини фаол қўллаб-қувватлагани маълум.
«Шеварднадзенинг қулашидан икки ҳафта олдин у ҳокимиятда абадий қоладигандек туюрларди, икки ҳафтадан кейин эса сизга барчаси аниқлаб бўлинганини айтишади. Аслида нима бўлганини тушуниш жуда қийин. Масалан, АҚШ Шеварднадзенинг ағдарилишини ростдан истамаган, чунки у Ироққа босқинни қўллаб-қувватлаган дунёнинг 15 етакчисидан бири эди», — дейди америкалик политолог Линколн Митчелл.
Россия ҳам Шеварднадзенинг кетишига хотиржам қараган, боиси Грузия етакчисининг сҳечен жангарилари фаоллигига нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаётгани Кремлни ғазаблантирган. Россия бу вақтда Грузияга нисбатан нафақат сиёсий, балки ҳарбий таъсирга ҳам эга эди. Мамлакат ҳудудида Россиянинг бир нечта ҳарбий базалари бўлган.
Аввалига грузинлар Саакашвилини унинг европача услуби ва коррупцияга қарши кескин кураши учун яхши кўрган. Унинг даврида Грузияда фаол қурилишлар, иқтисодий ислоҳотлар бошланган, йўл полицияси ислоҳ қилинган ва йўллардаги порахўрликларга барҳам берилган. Бироқ Грузия иқтисодиётидаги маълум муваффақиятларга қарамай, Саакашвили ҳокимиятга келганидан икки йил ўтиб, унинг тарафдорлари ўртасида келишмовчилик юзага кела бошлаган. Бу 2005 йилда Саакашвилининг «атиргул инқилоби» бўйича шериги ва бош вазир Зураб Жваниянинг ўлимидан бошланган. Расмий версияга кўра, у ис газидан заҳарланиб ўлган, бироқ мухолифат бош вазирнинг ўлимида Саакашвилининг атрофидагиларни айблаган.
2007 йил сентябрда Тбилисда ҳукуматнинг мухолифат телеканалларини ёпиш тўғрисидаги қароридан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланган. Бу вақтга келиб Москва билан муносабатлари кескин ёмонлашган Грузия президенти Россияни намойишчиларга ёрдам беришда айблаган.
Саакашвилининг сиёсатий карьерасига 2008 йил августда Жанубий Осетия сабаб Россия билан қисқа муддатли можарога боргани зарар етказишни бошлаган. Ўзини ўзи мустақил дея эълон қилган республикани куч билан қайтариб олишга уринган Саакашвили Москванинг қаттиқ позициясига дуч келган. Россия ўзининг хатти-ҳаракатларини Жанубий Осетиянинг аксарият аҳолиси Россия фуқаролигига эга экани билан изоҳлаган.
2013 йилда Саакашвилининг иккинчи президентлик муддати якунига етган, бундан бир йил олдин партия сайловларда ютқизган эди — унинг тарафдорларининг бир қисми мухолифат тарафига ўтиб кетган. Грузия сиёсатидан кетган Саакашвили Украинага ўтган ва Одесса вилояти губернатори сифатида иш бошлаган.
Аммо ёшликдан дўст бўлган Украина президенти Пёрт Порошенко билан жанжаллашиб қолиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Саакашвили Грузияга қайта олмаган — янги ҳукумат унга нисбатан жиноий иш қўзғатган.
2021 йил 1 октябрь куни Михаил Саакашвили саккиз йилдан буён биринчи марта Грузияга келганди. Келиши биланоқ Тбилисида ҳибсга олинган, шундан сўнг очлик эълон қилган. 2022 йил 15 ноябрь куни Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳозирда клиникада даволанаётгани ва унга 17 та тиббий ташхис қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Шифокорлар Саакашвилига деменсия (ақлий заифлик) симптомлари, шунингдек, сил ва бошқа касалликлар ташхисини қўйган.
«Ташхислар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Таҳлил жавобларини кутмоқдамиз. Касаллик бўйича шубҳалар бор, бу борада ишлар давом этмоқда. Сиёсатчи деменсия ва сил касалига шубҳа қилингани, шунингдек, 34 та бошқа хасталик аниқланганини назарда тутяпман», — дейди Хачапуридзе.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)