Бир қатор Европа компаниялари суюлтирилган газ (LNG) экспортчилари билан келгуси йиллар учун ёнилғи сотиб олиш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Европа Иттифоқи газ омборлари қарийб 95 фоизга тўлган ва кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, қитъа бу қишда энергия фалокатидан қутула олади.
Бироқ Россия етказиб беришдан узилиб қолгани ва чекланган LNG етказиб бериш бўйича глобал рақобат кучайиб бораётгани инобатга олинса, Европа давлатлари келаётган қишда ёнилғи сотиб олишда қийналади.
Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2026 йилга келиб қўшимча LNG пайдо бўлади. Нашрнинг таъкидлашича, Германиядаги кўплаб компаниялар ўн йилликнинг иккинчи ярмида юзага келиши мумкин бўлган энергия танқислигидан хавотирда.
Улар сўнгги ҳафталарда АҚШ ва бошқа LNG ишлаб чиқарувчилари билан ўн йилликнинг ўрталаридан кейин бошланиши мумкин бўлган етказиб бериш бўйича келишувлар ҳақида музокаралар олиб боришган.
Европада кўпчилик 5-10 йиллик етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни мақсад қилган бўлса-да, баъзи компаниялар ва амалдорларни узоқ муддатли шартномалар қизиқтирмаётгани музокараларни мураккаблаштирмоқда.
Германия ва Европанинг бошқа давлатлари қазиб олинадиган энергия манбаларидан фойдаланишни сезиларли даражада қисқартиришни мақсад қилиб қўйган.
Шунинг учун компаниялар керак бўлмайдиган газ туфайли қийин аҳволга тушиб қолишдан қўрқмоқда, деб ёзади газета.
Аввалроқ Россия ва Хитой энергия таъминоти учун миллий валюталарда тўлашга ўтаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)