Россия ва Эрон вакиллари Россия ҳудудида Эроннинг юзлаб дронларини ишлаб чиқаришга келишиб олди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари разведка хизматлари маълумотларига таяниб хабар берди.
Уч манбанинг айтишича, Россия ва Эрон вакиллари ноябрь ойи бошида Теҳронда бўлиб ўтган учрашувда шундай келишувга эришган. Ҳозир Эрон томони лойиҳалар ва асосий компонентларни Россияга топширишга тайёрланмоқда. Нашрнинг ёзишича, бир неча ой ичида Россияда қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.WP газетаси иқтибос келтирган АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, август ойидан буён Россия Украинадаги урушда Эронда ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ жанговар дронлардан фойдаланган. Уларнинг аксарияти фуқаролик инфратузилмасига зарба бериш учун ишлатилган.
Эрон дронларини йиғиш линиясини ишга тушириш орқали Россия сўнгги ҳафталарда Украинадаги урушнинг боришини ўзгартирган нисбатан арзон, аммо жуда вайронкор дронлар захирасини сезиларли даражада ошириши мумкин, дейилади газета хабарида.
Эрон ва Россия бир неча ойдан бери Украинадаги жангларда Эронда ишлаб чиқарилган жанговар учувчисиз учар аппаратлардан фойдаланилаётганини рад этиб келади. Ноябрь ойи бошида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги биринчи марта Россияга бир қанча дронлар етказилганини тасдиқлади, бироқ бу Украинага босқиндан олдин содир бўлганини айтди.
Изоҳ (0)