19 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Исроилга биринчи марта ташриф буюрган араб давлати етакчиси Анвар Садат, МБА тарихидаги энг йирик жанжал ҳамда Ойга қўнган «Аполлон-12»га оид фактлар ўрин олган.
Исроилга биринчи марта ташриф буюрган Анвар Садат
1977 йил 19 ноябрь куни соат 20:06 да Бен-Гурион аэропортига Қоҳирадан учган самолёт келиб қўнган. Бу вақтда учиш йўлагида Исроилнинг юқори раҳбарияти тўпланган, фахрий қоровул саф тортган эди. Шундай қилиб Миср президенти Анвар Садатнинг Исроилга ташрифи бошланган.Бу мутлақо мисли кўрилмаган воқеа эди. Анвар Садат яҳудийлар давлатига келишга қарор қилган биринчи араб етакчиси эди. Миср ва Исроил ўртасидаги ўн йиллик қон тўкилишлардан кейин улар тинчлик ҳақида гаплашишга қарор қилган.
«Масиҳлик вақти етди», — дея шивирларди Бен-Гурион аэропортининг кекса ходими. «Бундан воқеалар ҳаётда бир марта содир бўлади. У ҳақида болаларимиз ва набираларимизга сўзлаб берамиз», — дея ёзганди «Давар» газетаси мухбири Нахум Барнеа. Нафақат Исроил ва Мисрда, балки бутун дунёдаги миллионлаб одамлар телевизор экранларига михланиб, тарихий воқеани кузатарди. Анвар Садатнинг ташрифини ёритиш учун Исроилга 3 мингга яқин журналист ташриф буюрган.
Учрашув маросими ярим соатга яқин давом этган. «Бу Яқин Шарққа хос маросим эди», — деб ёзади Барнеа. Бу вақт ичида Садат мезбонлар билан 150 мартадан ортиқ қўл бериб сўрашган. Кнессет (Исроил қонунчилик органи) меҳмонни араб тилида қутлаган.
Миср президентини кутиб олишга чиққанлар қаторида Исроил собиқ бош вазири Голда Меир ҳам бор эди. «Сиз билан учрашувни узоқ кутдим», — дея тан олган Садат унга. «Нима учун эртароқ келмадингиз?», — сўраган Голда. «Бунинг вақти энди келди», — жавоб қайтарган Миср президенти. У яна бир неча ўн киши билан қўл бериб сўрашиши лозим эди.
Сиёсатчилар, ҳарбийлар, журналистлар қуршовида қолган Садат аэропортда Ариэл Шарон — «Охирзамон уруши»да Миср мудофаасини ёриб ўтган афсонавий генерал — ҳам борми, дея сўраган. Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритаётган Шарон ростдан ҳам мезбонлар қаторида бор эди. «Биз сизни фронтнинг нариги чизиғида ушлашга роса уриндик», — деган Садат унга қўл узатиб. Шарон унга жавобан фақат кулиб қўйган. Ташқи ишлар вазири Моше Даянни Садатнинг ўзи таниб қолган.
Журналистларнинг учиш майдонига киритилиши билан боғлиқ Исроил ва Миср хавфсизлик хизматлари ўртасидаги можаро ҳам байрам маросими кайфиятига таъсир кўрсатмаган. Юзага келган кескинликни тезда бартараф этишга муваффақ бўлинган.
Эртаси куни Анвар Садар Қуддусдаги «Ал-Ақсо» масжидига, кейин эса бош вазир Менахем Бегин ҳамроҳлигида «Яд ва-Шем» мемориал мажмуасига борган. Шу куни кечқурун Садат Кнессет йиғилишига иштирок этиб, парламент трибунасидан Исроил ва араб давлатлари ўртасида тинчлик ўрнатишга чақирган машҳур нутқини сўзлаган. Садат Олти кунлик уруш давомида эгалланган барча давлатлар ҳудудидан Исроил қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилган ва мустақил Фаластин давлатини тузиш зарурати ҳақида гапирган.
Бироқ Садат ўз чиқишида Фаластин озодлик ташкилотини тилга олмаган ва бу Исроил томонидан ижобий қабул қилинган. Бунга жавобан Менахем Бегин Сурия ва Иордания етакчилари — Ҳофиз Асад ва подшоҳ Ҳусайнни Миср президентидан ўрнак олиб, Исроил билан тинчлик музокараларини олиб боришга чақирган. Мухолифат етакчиси Шимол Перес Яқин Шарқда тинчликни ўрнатишга яқин келажакда эришиш мумкинлигига ишонч билдирган.
Араб давлатлари ва Совет Иттифоқи Садатнинг Қуддусга ташрифига аксинча салбий тус берган. Сурияда миллий мотам эълон қилинган, Фаластин озодлик ташкилоти Миср президентининг мазкур ҳаракатини хоинлик деб атаган, Ливия Мисрдаги барча фуқароларидан зудлик билан ватанга қайтишни талаб қилган. Анвар Садатнинг Исроилга ташрифини Саудия Арабистони ҳам қоралаган. Теҳронда намойишчилар «El-Al» авиакомпанияси ваколатхонасининг ойналари синдириб ташлаган.
Совет Иттифоқи Миср раҳбариятининг «алоҳида битимлар ва таслим бўлиш сиёсатини» кескин қоралаган. Москва Сурия, Ливия, Яман, Жазоир ва Фаластин озодлик ташкилоти кирган «қаршилик фронти»ни қўллаб-қувватлаган. Умуман олганда Садатнинг Қуддусга ташрифи СССР учун кутилмаган воқеа эмасди.
Садат ўз сиёсатининг йўналишини «Охирзамон уруши»дан олдин белгилаб олганди. 1972 йил июлда Анвар Садат совет ҳарбий маслаҳатчилари ва мутахассислари хизматидан фойдаланишни рад этган. СССР ва Миср ўртасидаги муносабатлар кейинги йиллар давомида фақат ёмонлашган. 1976 йилда Садат СССР ва Миср ўртасидаги дўстлик тўғрисидаги битимни бекор қилиш бўйича таклифни парламентга киритган. Президентнинг таклифи мутлақ устунлик билан қабул қилинган. Депутатлар ушбу ташаббусни олқишлар билан кутиб олган. Мисрликлар Совет Иттифоқига Искандариядаги барча ходимлари ва мулкларини олиб кетиш учун бир ой муддат берган. Москва қанчалик истамасин, мазкур талабни бажарган.
Анвар Садатнинг Исроилга биринчи ташрифи уч кун давом этган. Шундан кейин у яна икки марта яҳудийлар давлатига борган. 1979 йил мартда у Беершебага, тўрт ойдан кейин Ҳайфа шаҳрига келган. Бу вақтда эса Вашингтонда Исроил—Миср тинчлик битими имзоланган ва Исроил Синай яриморолидан чекинишга тайёрланган. Исроил қўшинлари Синайдан 1982 йилда олиб чиқилган, аммо бу вақтга келиб Анвар Садат вафот этганди. 1981 йил 6 октябрь куни ислом фундаменталистлари Ал-Гама’а ал-Исломийя ва Миср Исломий жиҳодининг террористик гуруҳлари бирлашиб, Исроил билан яқинлашгани учун қасос олиш учун Миср президенти Анвар Садатга суиқасд уюштиришган.
Баскетбол мусобақалари тарихидаги энг катта жанжал
2004 йил 19 ноябрь куни Детройтдаги «Pelas of Obern-Xills» аренасида Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) тарихидаги энг даҳшатли жанжал содир бўлган ва у тарихга Malice аt thе Palace номи остида кирганди.Чемпионатнинг одатдаги куни эди. «Пистонс» жамоаси ўз майдонида «Индиана»ни қабул қилган. Барчаси мезбонлар мағлубияти томон элтаётганди — «Пейсерс» биринчи бўлимдаёқ олдинга ўтиб кетган ва танаффусдан кейин катта фарқ билан олдинда эди. Ғолиблик деярли нақд эди, аммо финал сиренасига 45 сония қолганида майдончада жанжал юзага келган.
«Индиана» ўйинчиси Рон Артест (ўша йили МБАнинг энг яхши ҳимоячиси деб топилган) саватга тўпни туширмоқчи бўлган Бен Уоллесга қўпол халақит беради.
«Уоллес тўпни уч сонияли зонада қўлга киритганида Стивен Жексон уни ҳимоялаётганди. Ҳисобнинг қандай бўлишининг менга қизиғи йўқ эди. Мен шунчаки унга халақит бермоқчи эдим. Биз бутун ўйин давомида курашдик ва мен унинг осонгина очко ишлашига йўл қўя олмасдим. Мен ҳеч қачон осон очко тўплашларига қўймайман. Тўпнинг ортидан эргашиб, унга халақит бердим холос. Жароҳат етказиш ниятим йўқ эди», — деб ёзади Рон ўзининг автобиографиясида.
Ушбу ҳолатдан кейин Уоллес ҳиссиётлари ва ғазабини бошқара олмай Артестни икки қўли билан итариб юборади. У эса икки метрга учиб кетади, аммо Бен жанжални давом эттириш ниятида Бен қўлларини мушт қилган ҳолда унга ташланади. Можарога иккала жамоа иштирокчилари ҳам қўшилади. Уоллесни тинчлантиришга уринишаётган бир вақтда жанжал айбдори кулганича ҳакам столига ётиб олади ва ҳатто реферилардан бирининг наушнигини тақиб кўради, у ўзини содир бўлаётган воқеага умуман қизиқмаётгандек қилиб кўрсатган. Уоллес эса ўзини боса олмаган — бақирган, рақиб олдига етиб боришга уринган ва ҳатто бошидаги боғични ҳам унга отган. Артестнинг асабини бузиб бўлмайдигандек кўринарди, бироқ трибунадагилар ёрдамга етиб келган.
Томошабинлардан бири Ронга ичида ичимлик бор стаканни улоқтирган. Уоллес билан уришиш нияти бўлмаса-да, у мухлисларнинг бу қилиғига чидай олмаган.
У тўғри трибунага отилиб, мухлисни йиқитган. Кейинроқ аниқланишича, Артест бошқа одамга ташланган — стаканни жабрланувчининг шериги отган. Аммо жанжал вақтида бошқа бир ишқибоз Роннинг юзига ичимлик сепиб юборган. Унинг жамоадоши Стивен Жексон унга жавоб қайтарган — мушти билан қулоғига урган. Шундан кейин трибунада ҳақиқий олишув юзага келган.
Жанжалга бошқа мухлислар ва «Пистонс» ўйинчилари ҳам қўшилган. Артестга ҳужумлар давом этган: кимдир унга мушт туширса, бошқалар стакан улоқтирган. Ўйинчи трибунадан чиқиб кетишга муваффақ бўлганида, уни паркетда «Детройт»нинг икки фанати кутиб олган. Уларнинг ҳақоратини эшитиб қолган Рон майдондагиларнинг бирини урган.
Аренада ҳақиқий тартибсизлик юз берарди. Артестни икки кишилашиб трибуна остидаги хонага олиб кетишга уринишаётганида попкорн, стакан ва бошқа чиқиндилар учиб келган. Жермейн O’Нилнинг омади чопмаган: у туннел олдида ким биландир тортишиб қолганида кимдир стул улоқтириб юборган. Ўйинчилардан ҳеч кимга жиддий жароҳат етмаган, аммо баскетбол ишқибозлари орасида жабрланганлар бор эди. Тўққиз нафари турли тан жароҳатларини олган, икки нафари шифохонага ётқизилган.
Учрашув якунланишига 45,9 сония қолганида тўхтатилган, «Пейсерс» жамоаси ғолиб деб эълон қилинган. Ўйин тугаши билан «Индиана»нинг кийиниш хонасига полиция келиб, айбланувчиларни қўлга олишга уринган. Бироқ Артестни зудлик билан жамоа автобусига ўтказишиб, уни чиқаришдан бош тортишган. Натижада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳибсга олиш билан шошмасликка қарор қилиб, жамоанинг стадионни жанжалсиз тарк этишига кўмаклашган.
Тез орада МБА ҳам ўз муносабатини билдирган. Артест, Уоллес, O’Нил ва Жексон вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар номаълум муддатга четлатилган. Кейинги куни эса иккала жамоанинг тўққиз ўйинчиси жами 146 та ўйинни («Пейсерс» — 137 та, «Пистонс» — 9 та) ўтказиб юбориши эълон қилинган. Энг узоқ муддатли дисквалификация Артестга берилган — у 2004/2005 йил мавсумлари охирига қадар майдонга тушишга четлатилган. Артест 86 та ўйинда қатнашмаган ва бу МБА тарихидаги энг узоқ муддатли четлатилиш ҳисобланади. Рон ўз маошининг 5 миллион долларидан айрилган.
Артест, Жексон, O’Нил, Дэвид Харрисон ва Энтони Жонсон жанжални уюштирганликда айбланган. 2005 йилда узоқ муддатли суд жараёнларидан кейин уларга бир йил шартли қамоқ жазоси, 60 соат жамоат ишлари, 250 доллар жарима ва психологик консультация тайинланган.
Жанжалда қатнашган мухлислар ҳам эътибордан четда қолмаган. Уларнинг барчасига «Пистонс» ўйинларига ташриф буюриш тақиқланган. Артестга стакан отган Жон Грин тергов давомида можарога айбдор деб топилган. У муқаддам сохта пуллар чиқаргани, қурол олиб юргани, муштлашгани ва маст ҳолатда автомобиль бошқаргани учун қўлга олиниб, ўша вақтда синов муддатида бўлган. 2006 йилда у Артестга ҳужум қилгани учун 1 ой қамалган ва 2 йил шартли қамоқ жазосига маҳкум этилган. O’Нилга стул отган Брайант Жексон эса 6 минг доллар жарима тўлаган.
«У юмшоқ ва майин»: Ойга қўниш бўйича иккинчи миссия қандай ўтганди?
1969 йил 19 ноябрь куни Американинг иккинчи миссияси Ойга қўнганди. «Апполон-11» миссияси Ойга биринчи қўнган кема бўлгани боис унинг иштирокчилари кўпроқ машҳурликка эришган. «Апполон-13» учинчи миссияси эса кема бортидаги техник муаммолар сабаб умуман фожиали якунлаши мумкин эди.«Аполлон-12»нинг миссияси қатор драматик вазиятларга бой бўлгани билан тарихга муҳрланган. Агарда «Аполлон-11» миссияси қандайдир сабаб билан омадсизликка учраганида, мазкур миссия Ойни забт этган биринчи кемага айланиши керак эди. Бироқ ҳаммаси режа бўйича кетган ва Ойга иккинчи экспедициянинг старти 14 ноябрь куни амалга оширилган. Миссия командири Чарльз Конрад (3-учувчи); дала модули учувчиси Ричард Гордон, Ой модули учувчиси эса Алан Бил. Парвоз старти омадсиз якунланиши мумкин эди — чунки у момақалдироқ вақтига тўғри келиб қолган.
Алан Бин ўзининг зийраклигини дастлабки дақиқаларданоқ намойиш этган, парвознинг 37-сониясида яшин «Сатурн-5» ракетасини тешиб ўтиб, кўплаб датчиклар ишида носозликлар келтириб чиқарган, натижада Ерга кўплаб тушунарсиз телеметриялар кела бошлаган. Бу Америка Парвозларни бошқариш маркази тарихидаги энг драматик воқеага айланган — ғалати сигналларни қабул қилиб олган оператор Жон Аарон SCE блоки таъминотдан узилганида шундай бўлишини эслаган.
Аарон парвоз бошлиғи Жерри Грифинга блокни захира қувватига ўтказишни буюрган. У буйруқни тушунмаган, бироқ экипажга ҳарфлаб етказган: «Тru SCE tо Аux». Экипаж командири Чарльз Конрад ҳам ҳеч нарсани тушуна олмаган, бироқ Биннинг тасаввури иш берган. У зудлик билан керакли тугмаларни топган ва Ерга тўғри маълумотлар узатила бошланган — миссия давом этган.
Экспедиция «Аполлон-11» қўнган жойдан 1,5 минг километр наридаги Бўронлар океанига қўнишни амалга ошириши, Ойга илмий ускуналарни ўрнатиши, геологик намуналарни тўплаши, орбита юзасидан келажакдаги қўнишлар учун суратга олиш ишларини бажариши керак эди.
Шунингдек, астронавтлар зиммасига экзотик вазифа юкланган — икки йил олдин Ойга қўнган «Сервеер-3» космик аппаратининг жойини топиши лозим бўлган. «Аполлон-12» миссиясининг қўниш жойи ҳам шу мақсадда танланган. Ой юзасига биринчи марта қадам ташлаган Конраднинг гаплари тарихга кирган: «Нил учун у кичкина бўлиши мумкин, аммо менга у катта. У юмшоқ ва майин».
Кейинроқ аниқланишича, Конрад Ердалигида италиялик журналист билан шу жумлани айтишга гаров боғлаган. Мухбир аёл NASA барча астронавтларни фақат маълум гапларни ишлатишга ўргатади деб ҳисоблаган.
«Аполлон-12» миссияси Ойга олдиндан танланган ҳудудга қўниш мумкинлигини исботлаган биринчи кема эди — у белгиланган нуқтадан 200 метрга оғган холос. Бу NASA мутахассислари фақатгина кеманинг хавфсизлигидан келиб чиқиб, ўзлари учун керакли ҳудудни танлай олишини билдирган.
Астронавтлар кемадан иккинчи бор чиққанида қарама-қарши кратер четига етиб бориб, «Сервеер-3» аппаратини топган. Улар зондни суратга олган ва ундан бир неча килограммли илмий қурилмаларни, жумладан, телекамерани ечиб олган — у Ерда Ой шароитининг металларга таъсирини ўрганиш учун керак эди. Бу астронавтлар Ердан олдинроқ учирилган аппаратни топишга муваффақ бўлган биринчи воқеа эди.
Таҳлиллар 1000 сутка давомида Ойда бўлган аппаратнинг металл конструкцияси микрометеоритлар таъсирига кам учраганини кўрсатган. Астронавтлар бузилган камерани Ерга қайтаришга қарор қилган, аммо бунинг учун улар Ойда тўпланган 6 килограмм намуналарини ташлаб кетишга мажбур эди.
Ой юзасида 32 соат бўлган астронавтлар 32 килограмм намуна тўплаган, уларнинг 45 таси алоҳида тош кўринишида. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ушбу жисмлар ўртача 500 миллион ёшда.
Бутун экспедиция 10 кун давом этган ва Ерга муваффақиятли қайтиш билан якунланган. Ой юзасига оёқ қўйган тарихдаги учинчи инсон — Конрад 1999 йили мотоциклда ҳалокатга учраган, Гордон 2017 йилда, Бин эса 2018 йилда вафот этган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)