Twitter’нинг янги хўжайини Илон Маск ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг аккаунтини қайтариш ёки қайтармаслик ҳақидаги қарорни қабул қилишни таклиф этди.
Reinstate former President Trump
— Elon Musk (@elonmusk) November 19, 2022
Тегишли сўровномани Маск ўз аккаунтига жойлади.
Айни пайтгача ушбу сўровда қарийб 7,3 миллион киши қатнашиб, уларнинг 53,3 фоизи Трампнинг Twitter’га қайтишини қўллаб-қувватлаган.
Сўров бир кеча-кундуз давом этади, Twitter фойдаланувчилари 20 ноябрь Тошкент вақти билан тахминан тонгги уч яримларгача овоз бериши мумкин.
Трампнинг Twitter’даги аккаунти 2021 йил январида, президент тарафдорлари Конгресс биносига шиддатли ҳужум уюштирганидан кейин бир умрга блоклаб қўйилганди. Ижтимоий тармоқ маъмурияти версиясига кўра, Трамп ўз постларида ҳужумчиларга эрк берган. Шунингдек, президентнинг Facebook ва Instagram’даги аккаунтлари ҳам блокланган.
Маск 2022 йил майида, унинг Twitter билан олди-сотди битими ҳали якунланмаган пайтда, Трампнинг аккаунтини қайтаришга тайёрлигини айтганди. «Бу хато деб ўйлайман, чунки бу мамлакатнинг катта қисмини қочириб юборди ва охир-оқибат Дональд Трампнинг фикр билдириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келди», — деган эди у собиқ президентнинг ижтимоий тармоқда блокланиши ҳақида.
Трампнинг ўзи эса 2022 йил апрелида барибир Twitter’га қайтмоқчи эмаслигини айтганди.
Изоҳ (0)