Чилонзордаги қурилишни тўхтатиб қолган инспектор тақдирланди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қурилиши бошланиш арафасида турган янги кўп қаватли уй-жой биноси бўйича қурувчи-тадбиркор ҳамда ички ишлар ходими ўртасидаги баҳсли ҳолат юзага келгани тасвирланган видео тарқалди. Кейинчалик бино қурилиши масъуллар томонидан тўхтатилди.
Мазкур манзилда тадбиркор ҳудудни ўраб олиш ишларини бошлаган вақтида «Кўтарма» маҳалласида фаолият олиб борувчи Чилонзор тумани ИИО ФМБ 1-сон бўлими профилактика катта инспектори капитан Азимжон Қудабоев вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда жараённи ўз вақтида тўхтатиб қолганди.
Чилонзор туман ҳокимлигининг маълум қилишича, Маҳалла нозирининг бу ҳаракатлари туман ҳокимлиги, аҳоли ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирофига сазовор бўлган.
Шу сабабли 9 ноябрь куни Чилонзор тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ушбу ходимнинг ўз касбига садоқатли меҳнати учун миннатдорчилик билдирилган ва муносиб тақдирланган.
«Шу ўринда туманимизда жамоат хавфсизлиги, аҳоли осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳиссасини қўшаётган, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатаётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз», — дейилади хабарда.