Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 1 ноябрь куни маст ҳолда автомобиль бошқариб ЙПХ ходимларидан қочмоқчи бўлган ҳайдовчи узоққа бора олмади, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.
Қайд этилишича, ҳолат 1 ноябрь куни соат 08:15 чамасида Оқдарё туманидан ўтган М-37 автомобиль йўлида содир бўлган. Lacetti машинасига ЙПХ ходимлари томонидан тўхташ ишораси берилганда, ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай, ўз йўлида ҳаракатланишни давом эттирган.
Автомашина М-37 йўлининг 6-километрида тўхтатилган. Машина текширилганда, ҳайдовчи ҳужжатларсиз ҳаракатлангани аниқланган.
Шунингдек, у спиртли ичимлик ичганликда гумонланиб, алкотестер қурилмаси орқали тиббий кўрикдан ўтказилган. Натижада маст экани аниқланган.
«Кеча болалар билан ўтириб ичгандик. Қўрқиб, ҳайдаб қочиб кетдим. Лекин барибир ушлади», — деган ҳуқуқбузар.
Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, тегишли чора кўрилган.
Изоҳ (0)