Тошкентда Европа кенгаши делегациясининг янги офиси очилиш маросимида кенгаш президенти Шарл Мишел Ўзбекистон президенти билан самарали ва конструктив музокаралар олиб борилганини таъкидлади. Сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, уларда ортга қайтмасликни таъминлашда давлат раҳбарининг ролини юксак баҳолади.
Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг ўзгаришларни давом эттиришдаги сиёсий иродаси эътирофга лойиқ. Таъкидланишича, мамлакат иқтисодиётни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва демократияни мустаҳкамлаш йўлида катта муваффақиятларга эришмоқда. «Биз инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилдик, Ўзбекистон президенти қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади», — дейди кенгаш раҳбари.
У, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон президентининг ролини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақалараро савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўплаб ташаббус ва ғоялар генератори бўлаётгани қайд этилди.
Европа кенгаши раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон янги қиёфа касб этгани, ЕИнинг минтақадаги янада жозибали ва асосий ҳамкорига айланганини таъкидлади.
Ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тезроқ имзолаш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Унинг сўзларига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистонда «Европа Иттифоқи—Марказий Осиё» ўртасида алоқа бўйича муҳим конференция бўлиб ўтади. Бу минтақалараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш ва умумий манфаатдор барча масалалар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлади.
Европа кенгаши президентининг таъкидлашича, музокаралар чоғида Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш ва Украинадаги урушнинг салбий таъсири масалалари ҳам муҳокама қилинган. Шарл Мишел сўзининг якунида «Европа кенгашининг Тошкентдаги делегацияси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мен билан Ўзбекистон президенти ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим рол ўйнаши керак», — деб таъкидлади.
Изоҳ (0)