Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умурзоқовга тегишли топшириқ берди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Маълум қилинишича, администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинди.
Сардор Умурзоқов Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарларининг ушбу масала билан умуман шуғулланмагани учун, тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун улар Президент Администрациясига келишаётганини қайд этган.
Йиғилиш давомида иссиқхона эгалари бўлган тадбиркорлар ҳам тингланган. Улар ўзларини қийнаётган муаммолар, фаолиятидаги оғриқли масалалар ва улар юзасидан ўз таклифларини билдирган.
Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.
Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилди.
Шунингдек, Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.
Изоҳ (0)