Қашқадарё вилоятида ноҳақ ишдан бўшатилган 24 нафар ходим ишига тикланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева хабар берди.
Маълум бўлишича, вазирлик ноҳақ ишдан бўшатилганлар ҳуқуқини тиклаш учун воқеа юзасидан судга мурожаат қилган.
Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси ва вазирликка мурожаат қилган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Қарши ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармасининг Қарши отрядида ишловчи 24 нафар ходим ишдан ноқонуний бўшатилганини айтиб, кўмак сўради. Мазкур ҳолат бўйича судга мурожаат қилинди ва судда ишчилар ҳуқуқи Бандлик бош бошқармасининг давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳимоя қилинди, — дейди Мавжуда Мирзаева.Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди ишдан ноҳақ бўшатилган 24 нафар ходим ишини кўриб чиқиб, уларни ишига қайта тиклаш ҳақида қарор чиқарган.
Ноҳақ ишдан бўшатилган пайтимизда бизга кўмак берган ва ҳуқуқларимизни ҳимоя қилган, ишга тикланишимизга ёрдамлашган масъулларга, вазирликка раҳмат, — дейди ишга қайта тикланган ходимлар.
Изоҳ (0)