2022 йил сентябрь ойида Тошкентдаги уй-жой ижара нархлари таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Тошкент шаҳрида 1 квадрат метр учун ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4 фоизга ошди.
Уй-жой ижараси нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор — 49 фоиз, Яшнобод — 44 фоиз, Сергели — 34 фоиз ва Шайхонтоҳур туманларида — 33 фоиз қайд этилди.
1 квадрат метр учун ижара ҳақининг юқори қиймати Шайхонтоҳур (12,5 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,8 доллар) туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (6,7 доллар) ва Бектемир (4,6 доллар) туманларида кузатилди.
Аввалроқ жорий йилнинг июль—сентябрь ойларида Ўзбекистондаги турар жойлар учун ижара нархлари таҳлил қилингани ҳақида хабар берилганди.
Август—сентябрь ойларида турар жойлар учун ижара нархларида ўсиш кузатилди. Июль ойида мамлакат бўйича ижара нархлари вақтинчалик пасайиб (меҳнат таътили даври ва ўқув йилининг якунланиши), сўм бирлигида 2,5 фоизга камайди (доллар эквивалентда 2,2 фоиз).
Кейинги икки ой ичида 17 фоизлик сезиларли ўсиш кузатилди. Бу мос равишда августда 8,6 фоиз ва сентябрда 7,7 фоизни ташкил этди.
Тошкент шаҳар, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 1 квадрат метр учун ижара ҳақи сезиларли даражада ошган. Ҳозирги вақтда аҳоли томонидан сезилаётган ижара ҳақининг ошиши инфляцион кутилмаларда ўз аксини топмоқда.
Изоҳ (0)