Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспектори билан бирга-бир уришмоқчи бўлганлар қамалди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси хабар бермоқда.
Таъкидланишича, 10 октябрга ўтар кечаси соат 00:20 да 32 ёшли шахс 22 ёшли жияни ва бошқа танишлари билан туғилган кунини нишонлаш баҳонасида Денов туманидаги кафеларнинг бирида спиртли ичимлик ичган. Маст ҳолатда бўлган фуқаролар кафенинг ёпилишини талаб қилган профилактика инспекторининг талабларини бажармай, унга фаол қаршилик кўрсатган. Ҳатто улар инспектордан формасини ечиб, 22 ёшли жияни билан уришишини сўраб, уни ҳақорат қилган.
Жиноят ишлари бўйича Денов тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида ички ишлар ходими билан жанжаллашган икки шахс иши кўриб чиқилган.
Судланувчилар спиртли ичимлик таъсири бўлгани, айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Суд ҳукмига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)