Уганда президенти Ёвери Мусевени мамлакатнинг марказий қисмидаги бир қанча ҳудудларда уч ҳафталик локдаун жорий қилди. Бунга ҳозирга қадар 19 кишининг ҳаётига зомин бўлган Эбола эпидемияси сабаб бўлмоқда, деб ёзади Daily Monitor.
Уганда бир неча ҳафтадан бери Эбола вирусининг Судан штамми тарқалишига қарши курашмоқда. Вирус тарқалишини тўхтатиш учун расмийлар мамлакатнинг айрим ҳудудларида қаттиқ чоралар кўрди ва чекловлар ўрнатди.
Ушбу ҳудудларга давлат ва хусусий автотранспорт воситаларининг, жумладан, «бода-бода» — африканча такси, яъни йўловчи ўриндиғига эга мотоцикл ёки велосипеднинг кириши чекланди.
Мубенде ва Касанда туманларида комендантлик соати жорий этилди. Барча черковлар ва кўнгилочар жойлар ёпилди. Ўлим сабабларидан қатъи назар, барча ўликларни дафн этиш вазифаси махсус гуруҳлар зиммасига юкланди.
Угандада давлат хизматлари шай ҳолатга келтирилди, хавфли вирус тарқалаётган ўчоқларга қўшимча тез ёрдам машиналари юборилди.
Жаҳон соғлиқни ссақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Эболанинг Судан штаммига қарши вакцина ёки махсус дорилар ҳозирда мавжуд эмас. Уни даволаш учун тез орада клиник синовлари бошланадиган препаратидан умид қилинмоқда.
Изоҳ (0)