Россиянинг Украинага ядровий ҳужуми ядровий жавоб эмас, балки Европа Иттифоқи давлатлари, НАТО ва АҚШнинг кучли ҳарбий жавобига сабаб бўлади. Бу ҳақда ЕИ дипломати Жозеп Боррел Брюггедаги Европа Дипломатик академиясининг очилиш маросимида айтиб ўтди.
«Ядровий таҳдид мавжуд. Россия президенти Владимир Путин қуруқ пўписа қилмаётганини айтди. У бундай қилолмайди ҳам. Украинани қўллаб-қувватлаётганлар: ЕИ, унга аъзо давлатлар, АҚШ ва НАТО ҳам пўписа қилмаяпти. Украинага қарши ҳар қандай ядровий ҳужум ядровий жавобни эмас, балки кучли ҳарбий жавобни келтириб чиқаради», — деди Боррел ва бундай жавоб Россия армияси учун «ҳалокатли» бўлишини қўшимча қилди.
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Россия президенти Владимир Путин, ҳукумат амалдорлари ва тарғиботчилар Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигига қайта-қайта ишора қилди. 21 сентябрь куни Путин сафарбарлик бошланиши ҳақидаги мурожаатида Россия ҳукумати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун «ихтиёридаги барча воситаларни» ишга солишга тайёрлигини айтди.
Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россия ядро қуроли устидан назоратни кучайтирди. Бироқ Вашингтон ҳозирча Москванинг Украинада ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлиги белгиларини кўрмаяпти.
Изоҳ (0)