Марказий банк сентябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражасини маълум қилди.
Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция пасаювчи динамикани давом эттириб, 14,8 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, сўров иштирокчилари орасида инфляцияни 8 фоиздан паст даражада ҳис қилганлар улуши июнь ойидан бошлаб мунтазам равишда ошиб бормоқда (18 фоиздан 31 фоизгача).
Аксинча, 20 фоиздан юқори ошганини ҳис қилганлар улуши сезиларли қисқарди (37 фоиздан 24 фоизгача).
Сентябрь ойида ҳам август ойи каби нархлари юқори даражада ошган деб гўшт, сут, нон, ун, шакар ва ёғ маҳсулотлари кўрсатилган.
Бироқ, нон, ун, шакар, бензин ва қурилиш молларининг нархлари юқори ўсишини қайд этган респондентлар улуши ўтган ойга нисбатан камайди.
Мамлакатга туристлар оқими кўпайишининг ижара нархларига таъсири сентябрь ойидаги аҳоли жавобларида акс этди.
Шунингдек, ташиш ва алоқа хизматлари, савдо, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган сўров иштирокчилари инфляцияни юқорироқ даражада сезди.
Мамлакат ҳудудлари кесимида сезилган инфляциянинг нисбатан юқори кўрсаткичлари Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Навоий, Андижон ҳамда Сурхондарё вилоятларида қайд этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда инфляция 12,2 фоизни ташкил этаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)