Москванинг Тверь туман суди «Халқаро Memorial» («Memorial» Халқаро тарихий-маърифий, хайрия ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамияти», Россия Олий суди қарори билан тугатилган) Москвадаги «Memorial» илмий-тадқиқот ва маърифат марказига ўз офисини хайрия қилишига оид битимни ҳақиқий эмас, деб топди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Суд Россия Бош прокуратураси даъвоси бўйича «Memorial» офисини давлат даромадига ўтказди.
«Memorial» аввалроқ прокуратуранинг талабини бинонинг сиёсий мақсаддаги рейдерлик ишғоли деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Тинчлик бўйича 2022 йилги Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди. Мукофотни Россиянинг «Memorial» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти, беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси, «Вясна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси Алес Беляцкий ҳамда Украинанинг «Фуқаролар эркинликлари маркази» ташкилоти ўзаро бўлишиб олди.
«Тинчлик мукофоти совриндорлари ўз мамлакатларидаги фуқаролик жамияти вакилларидир. Кўп йиллар мобайнида улар ҳукуматни танқид қилиш ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ёқлаб келди. Улар ҳарбий жиноятлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳокимиятнинг суиистеъмол қилинишини ҳужжатлаштириш учун катта куч сарфлади. Уларнинг барчаси биргаликда тинчлик ва демократия учун фуқаролик жамиятининг аҳамиятини намоён қилади», — дейилади қўмита баёнотида.
2021 йил декабрида Россия Олий суди «Халқаро Memorial»ни, Москва шаҳар суди эса «Memorial» ташкилотини тугатиш ҳақида қарор чиқарганди. Иккала ташкилот ҳам суд қарорини шикоятлари билан ўзгартира олмади.
Изоҳ (0)