Дунё бўйича олти ойликкача бўлган чақалоқларнинг 52 фоизи она сутисиз катта бўлмоқда. Бу ҳақда ЖССТ ва ЮНИСЕФ раҳбарлари — Кетрин Рассел ва Тедрос Гебреесус томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталигига бағишланган ушбу ҳисоботда келтирилишича, ҳозир дунё бўйича олти ойликкача бўлган чақалоқларнинг бор-йўғи 48 фоизи тўлиқ эмизилмоқда, қолган қисми эса бундан мосуво.

Таъкидланишича, баъзи мамлакатларда аёллар фарзандларини кўкрак сути билан озиқлантириш борасида малакали тиббий маслаҳат олиш имкониятига эга эмас. Айримлари эса эмизишнинг чақалоқ ва она саломатлиги учун нақадар муҳимлигидан бехабар.
Кўрсаткичлар эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси томонидан 2030 йилгача белгиланган марра — 60 фоиздан анча кам.
Шунингдек, эмизикли болаларни озиқлантириш бўйича ўқув дастурларини йўлга қўйган мамлакатлар сони ҳам 20 фоиздан ошмайди. Қатор давлатларда она сути билан парваришлашни қўллаб-қувватлаш механизмлари ишлаб чиқилмаган. Бу борада доимий мониторинг дастурлари мавжуд эмас.
ЖССТ ва ЮНИСЕФ ҳукуматлар, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа ҳамкорларни оналар ва чақалоқларга кўрсатиладиган парвариш, жумладан, эмизишни қўллаб-қувватлаш хизматларини молиялаштиришга чақирган.
2022 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси (25 фоиз) 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган.
Изоҳ (0)