Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

6 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Ленин билан учрашиш учун Москвага келган Герберт Уэллс, араб давлатларининг Исроилга қарши уруши («Охирзамон уруши») ҳамда Чечен урушининг асосий иштирокчиси бўлган рус генералининг госпиталдан қувилишига оид фактлар ўрин олган.

Герберт Уэллс ва Ленин учрашуви

1920 йилнинг 6 октябрь куни машҳур инглиз фантаст ёзувчиси Герберт Уэллс Кремлда совет ҳукумати раҳбари Владимир Ленин билан учрашганди. Меҳмонни асосан Россияни электрлаштириш режаси қизиқтирган. Уэллс Совет Иттифоқига ташрифи ҳақида китоб ёзиб, ундаги бир бўлимни Ленин билан суҳбатга бағишлаган. Троцкийга ишониладиган бўлса, Лениннинг ўзи ёзувчига шубҳа билан баҳо берган.

Фото: «РИА Новости»

Машҳур фантаст ёзувчи Герберт Уэллс Россияга уч маротаба — 1914, 1920 ва 1934 йилларда ташриф буюрган. У Биринчи жаҳон уруши олдидан Романовлар империясидаги ҳаётни ёш Республика вақти ҳамда саноатлашаётган Совет Иттифоқи билан таққослаш имкониятига эга бўлган кам сонли хорижликлардан ҳисобланади. Биринчи ҳолатда Уэллс Санкт-Петербург ва Москвага ташриф буюрган. Англияга қайтганидан кейин эса рус тилини француз ва немис тилидан кейинги учинчи хорижий тил сифатида ўқилишига чақирган.

Бундан 102 йил олдин, бутун дунёга танилган вақтида 14 йил олдин танишга дўсти Максим Горкийнинг таклифига биноан Россияга келган. Янги Россия билан танишув вақти тасодифан танланмаган. 1920 йилнинг сентябрь—октябрида болшевиклар режими Кремлга мустаҳкам ўрнашиб олгани аён бўлган. Оқларнинг Қрим ва Узоқ шарқдаги қаршиликлар бир йил олдингига қараганда анча сусайган эди. Сўнгги йиллар давомида юзага келган вайронагарчиликлар бутун мамлакатни эгаллаб олган, ишлаб чиқариш деярли тўлиқ фалаж ҳолатга келганди. Бошқарув институтлари самарасиз ишлай бошлаган. Уэллс ўзининг сафари таассуротларини The Sunday Times газетасида чоп этилган «Зулматдаги Россия» китобида батафсил таърифлаган.

Герберт Уэллс

Герберт Уэллс
Фото: «РИА Новости»

Бу Лондонга келган совет делегациясига жавоб ташриф ҳисобланарди. Инглизни Россияга яна келишга «Моссовет» раҳбари Лев Каменев таклиф қилган. Бу сафар ёзувчи Россияда 15 кун қолган. Унинг ташрифини энг муҳим жиҳати 6 октябрь куни Кремлда Владимир Ленин билан учрашуви бўлган. Мартабали меҳмон ушбу учрашув учун 80 соатга яқин вақтини телефон музокаралари ва кутишга сарфлаган. У йиғилишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ расмиятчиликлар жуда зерикарли ва асабни ўйнатадиган даражада узоқ давом этганини эслаган. Сафарининг мазкур қисмига бағишланган бобни Уэллс «Кремль орзукаши» деб номлаган. Ҳатто кабинет хўжайини ташриф буюрувчини ўрганиш мақсадида унда диққат билан қараётгани тасвирланган сурат ҳам сақланиб қолган.

«У билан кўришиш қизиқ эди ва айтишим керакки, унга қарши фикрда бўлганман. Аслида мен тасаввуримдагига ўхшамайдиган шахс билан кўришган эдим. Ленин — қаламкаш одам эмас; унинг чоп этилган меҳнатлари у ҳақида тўғри таассурот бермайди», — деганди у.

Ўқувчига Кремлга уюштирган ташрифи ҳақида маълумот берар экан Уэллс мамлакатни 1914 йил билан таққослайди. Николай II даврида Кремль ҳудудига ҳеч қандай тўсиқсиз кириш мумкин бўлган бўлса, эндиликда эркин ҳаракатланиш тақиқланган эди. Дарвозадан киришда ундан рухсатнома сўрашган. Ленин билан учрашгунга қадар Уэллс ўзига ҳамроҳлик қилаётган шахслар билан бешта хонадан ўтишга мажбур бўлган. Соқчилар ундан ҳар сафар ҳужжат сўраган.

Ленин китоб ва қоғозларга тўла ёзув столида ўтирган. Уэллс столнинг ўнг тарафидан жой олган. Унинг таърифича, қизиқарли суҳбат бошланган. Доҳийнинг сўзларига кўра, инглиз фантасти ўзининг социалистик қарашларига қарамай, Россияда у қадар жиддий қабул қилинмаган.

Фото: «РИА Новости»

«Уэллс қандайдир махлуқ билан учрашишни кутган эди, қаршисида зиёли ва файласуф инсон пайдо бўлди. Ва Уэллс бошқалар қатори бундан ҳайратга тушди. Аслида Лениннинг олдига кўплаб хорижликлар ташриф буюрарди. Раҳбар сифатида машҳур чет элликлар билан мулоқот қилиш унинг вазифаларидан бири эди», — деб ёзади Лев Данилкин.

Ленин билан суҳбатдан кейин Уэллс Москвада ушланиб қолмасликка қарор қилиб, кечки поездда Петроградга — дўсти Горкийнинг квартирасига йўл олади. У ердан Таллин ва Стокгольм томон отланади. Шу билан бирга, фантаст Москвани Петроград билан таққослаб, унинг анча жозибадор эканини пайқашга улгуради.

Орадан 14 йил ўтгач Уэллс Москвага Сталин билан суҳбатлашиш учун қайтган эди.

«Охирзамон уруши» (тўртинчи араб—исроил уруши)

1973 йилнинг 6 октябрь куни Миср ва Сурия 1967 йилги «олти кунлик уруш» натижасида Исроил томонидан эгаллаб олинган ерларни қайтариш мақсадида уруш бошлаган эди. Ўшанда Исроил қуролли кучлари Ғазо секторини, Синай яримороли, Иордан денгизининг ғарбий қирғоғи ва Суриянинг Голан тепаликларини эгаллаб олганди, бу эса ушбу ҳудудларда истиқомат қилган арабларнинг оммавий қувилишига олиб келган.

Фото: Wikipedia

1973 йилги урушда араблар Сувайш канали ва Голан тепаликлари зонасида кутилмаган ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмоқчи бўлган. Миср қўшинлари Сувайш каналини кесиб ўтиши, Сурия ҳарбийлари эса Иордан дарёси орқали ҳужумга киришиши лозим эди. Ушбу вазифаларни бажариш учун Миср 400 мингга яқин ҳарбий, 2 мингдан ортиқ танк, 400 дан ортиқ жанговар самолётлар, 200 та вертолёт, 200 та ҳарбий кемаларни жалб этган; Сурия эса 130 минг ҳарбий, 1,3 мингдан ортиқ танк, 400 га яқин жанговар самолёт, 50 та вертолёт ва 27 та жанговар кемани урушга йўналтирган. Араблар томонидан ҳарбий ҳаракатларда Ироқ, Марокаш, Иордания, Саудия Арабистони ва Кувайтнинг чекланган қўшинлари ҳам иштирок этган. Жазоир, Ливан, Тунис ёрдам берган. Миср—Сурия бирлашган қўшинлари қўмондони этиб мисрлик генерал Аҳмад Исмоил тайинланган.

Фото: Wikipedia

Ҳужумни 6 октябрь куни — Исроилда «Ём Кипур» ёки Қиёмат кунини нишонлаш байрамида бошлаш режалаштирилган. Барча тадбирлар ўқув машғулоти номи остида яширин ўтказилган. Қўшинлар ўз манзилига ҳужумдан беш кун олдин жойлаштирилган.

Исроил разведкаси фронт чизиғига айрим Миср ва Сурия қисмларининг жойлашувини фош этишга муваффақ бўлган. Исроил қўшинлари сонини оширган, уларнинг жанговар шайлигини кучайтирган, 4 октябрь куни қисман яширин, 6 октябрдан эса умумий сафарбарликни бошлаган.

Уруш аввалида Исроил қуролли кучларида 115 минг киши, 2 мингга яқин танк, 500 га яқин жанговар самолёт, 90 та вертолёт ва 58 та ҳарбий кема бўлган.

Исроил қўмондонлигининг режаси эгаллаб олинган ҳудудларда олдиндан мудофаага тайёрланиб, араб қўшинларига ҳужумини қайтариш ва Исроил ичига киришига йўл қўймаслик, агарда мудофаа босиб ўтилса, жавоб зарбалари билан уларнинг яксон этиш бўлган. Уруш ўз фойдаларига кетса, Қоҳира ва Дамашқ томон юришни давом эттириш кўзда тутилган.

Белгиланган кунда Сурия ва Миср қўшинлари ҳужумни бошлаган. 7 октябрь ҳолатига кўра, Сурия қўшинлари 12-15 километр олдинлаган, бироқ катта йўқотишларга учраган, айниқса, кўплаб танкларидан айрилган. 8-10 октябрь кунлари фаол мудофаа ҳаракатларини амалга оширган Исроил қўшинлари ўзларининг дастлабки позициясига қайтишга мажбур бўлган. Миср ҳарбийлари эса 6 октябрь куни Сувайш канали орқали ҳужумга киришган, 8 октябрда шарқий қирғоқда иккита пласдармни (ҳарбий операцияга тайёргарлик кўриладиган майдон) эгаллаган. 9-13 октябрь кунлари эгалланган жойларида мустаҳкам ўрнашиб олган, 14 октябрь куни ҳужумни бошлаган, аммо 500 та танкидан айрилган бўлса-да, муваффақиятга эришмаган. 15 октябрдан бошлаб ташаббус тўлиқ Исроил қўшинлари томонга ўтган, 18 октябрда Сувайш каналига чиқиб борган, 19 октябрда уни эгаллаган ва Қоҳира томон йўл очилган. Миср қўшинлари оғир аҳволда қолган.

Фото: Wikipedia

22 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши СССР ва АҚШ ташаббуси билан иккала томонни ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган. 24 октябрда Сурия фронтида жанговар ҳаракатлар тўхтатилган. Миср қўмондонлиги ҳам ўз навбатдаги БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига амал қилган. Исроил эса ҳужумни давом эттирган. 24 ва 25 октябрь кунлари қўшинлар Сувайш атрофига чиқиб борган. СССРнинг кескин дипломатик ҳаракатлари АҚШни Исроилга босим ўтказиб, ўт ўчиришни тўхтатишга мажбурлаган ва 25-октабда жанговар ҳаракатлар тўхтатилган. 1974 йилнинг январида Исроил Миср билан қўшинларни олиб чиқиб кетиш бўйича келишувни имзолаган, шу йилнинг майида Сурия билан ҳам худди шу каби ҳужжатга қўйил қўйилганди. Томонларнинг позициялари орасида БМТнинг қуролли кучлари жойлаштирилган.

Фото: Wikipedia

1970 йилларнинг иккинчи ярмида Миср президенти Анвар Садат Исроил билан ярашиб, Вашингтонда тинчлик битимини имзолаган. Ушбу келишувга кўра, Исроил Мисрга Синай яриморолини қайтарган, Миср Исроилни тан олган ва Фаластинда араб давлатини қуриш талабидан воз кечган.

Фото: Wikipedia

Урушда Исроил томони 16 минг ҳарбийсидан, 900 та танк ва 250 та самолётидан айрилган, араб давлатларининг эса 20 минг ҳарбий, 1900 та танк ва 270 та самолёти йўқ бўлган.

«Бюджетга қиммат тушяпти: Чеченистонда портлатилган генералнинг госпиталдан қувилиши

2018 йилда Россия собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков 1995 йилнинг 6 октябрь куни Чеченистонда содир бўлган портлашда жароҳат олган генерал-полковник Анатолий Романовни ҳарбий госпиталдан чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган. Вазирнинг сўзларига кўра, унинг даволаниши бюджет учун жуда қимматга тушган.

Фото: «РИА Новости»

Генерал-полковник рафиқаси Лариса Романовага кўра, собиқ ҳарбий Буденко номидаги Бош ҳарбий клиник госпиталдан Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилоятидаги клиник госпиталига кўчирилган. Бу Романов жароҳат олганидан 13 йил ўтиб амалга оширилган, бироқ тўсатдан бундай қарор нима сабабдан қабул қилингани айтилмаган.

Ўша йилнинг 27 сентябрь куни генерал-полковник 70 ёшни қаршилаган эди. Мазкур сана муносабати билан генералга бутун мамлакат бўйлаб турли совға-саломлар юборилган. Марказий телеканалларда унинг биографик фильмлари ва видеосюжетлар намойиш этилган.

«Росгвардия» қўмондонлиги совға сифатида генерал-полковник Аналотий Романовга бағишланган китоб тақдимотини ўтказган. «Байроқдор» номли китобни Андрей Эдоков ёзган бўлиб, у Романов билан бирга хизмат қилганларнинг хотираларига асосланган. Уларнинг сўзларига кўра, генерал 1995 йилда Чеченистондаги ҳаракатларнинг асосий иштирокчиларидан бири ҳисобланган.

Фото: «РИА Новости»

1995 йилнинг 19 июлида Романов Россия ички ишлар вазирининг ўринбосари — Чеченистондаги Федерал қўшинлар бирлашмаси қўмондони этиб тайинланган. Ўша йилнинг 6 октябрь куни унга нисбатан суиқасд уюштирилган: машинаси остида радиобошқарилувчи «фугас» (портловчи модда) ўрнатилган, натижада автомобиль парча-парча бўлиб кетган. Генерал билан машина ичида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Шундай портлашдан кейин Романовнинг омон қолганига ҳеч ким ишонмаган — ярадор генерал ноёб камарбанди орқали ажратиб олишган. Портлаш оқибатида ҳарбий хизматчининг бош чаноғи синган ва у 18 кун давомида комада ётган. Суиқасддан бир ой ўтгач, Россия Қаҳрамони ва генерал-полковник унвони билан тақдирланган.

Фото: «РИА Новости»

Бурденко номидаги Бош ҳарбий клиник госпиталда Ромонов 13 йил давомида даволанган. Унинг даволаниши учун илдиз ҳужайралардан фойдаланиш каби янгича услублардан фойдаланилган. Генералнинг рафиқасини айтишича, Анатолий ҳамма гапни тушунади, ўз эмоцияларини билдиради, бироқ гапира олмайди ва қўл ҳамда кўзи ёрдамида мулоқот қилади.

Романовнинг танасида ҳамон кўплаб металл бўлаклари бор, унга томографиядан ўтиш тақиқлангани боис аниқ нечта борлигини билишнинг имкони йўқ.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Суриядаги курдлар Россиядан ҳудудларини ҳимоя қилишда ёрдам сўради
Маҳаллий
Ўзбекистонда 2023 йилда мева ва сабзавотлар нархи жиддий ўсиши кутилмоқда
Дунё
Ким Чен Ир топшириғи билан уюштирилган теракт, самолёт бошқариб ҳалокатга учраган «Формула-1» чемпиони ва немислар томонидан қатл этилган Космодемянская. Кун хроно...