Flightradar24 сервиси 21 сентябрь Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидан амалга оширилаётган парвозлар акс этган видеони эълон қилди.
АP хабарига кўра, Владимир Путин қисман сафарбарлик ҳақида эълон қилгач, Россиядан халқаро парвозлар учун чипталар сотилиб кетган ёки нархи кескин кўтарилиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, қисман сафарбарлик чоғида 300 минг захирадаги аскар чақирилади. Унинг сўзларига кўра, бу Россия сафарбарлик ресурсининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади.
Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин бир неча дақиқалар ичида Москвадан Истанбулга, Тбилисига ва Ереванга тўғридан-тўғри рейслар учун чипталар тўлиқ сотилиб кетган. Шунингдек, Москвадан Тошкентга рейслар чипталари ҳам қолмаган.
ОАВлар эслатишича, «Россия Федерациясида сафарбарликка тайёргарлик кўриш ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ҳарбий ҳисобда турган фуқаролар яшаш жойидан ҳарбий комиссариатлар рухсатисиз чиқиб кетиши тақиқланади.
Flightradar24 — реал вақт давомида ҳаво кемалари ҳолатини кузатиш имконини берувчи очиқ веб-сервис. Сервис орқали фақат АDS-B/МLАТ туридаги транспондер билан жиҳозланган ва ушбу транспондер ёқиб қўйилган ҳаво кемаларинигина кузатиш мумкин.
Мавзуга доир:
- Россияда сафарбарликка қарши петицияни ўн минглаб одамлар имзолади
- «У ўз аскарларини қонга ботирмоқчи» — Зеленский Путиннинг қисман сафарбарлик борасидаги қарорига изоҳ берди
- «Урушни тўхтатиш учун ҳамма Путинга максимал босим ўтказиши керак» — Макрон Россиядаги сафарбарлик ҳақида кескин фикр билдирди
Изоҳ (0)