20 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан «Брат» фильми билан танилган Сергей Бодровнинг ўлимига сабаб бўлган кўчки, Покистондаги Marriott меҳмонхонасида теракт ва Перм давлат университетидаги оммавий қотилликка оид фактлар ўрин олган.
Сергей Бодров ҳамда унинг суратга олиш гуруҳининг аянчли ўлими
Бундан роппа-роса 20 йил олдин 20 сентябрь куни Шимолий Осетиядаги Кармадон дарасида жойлашган «Колка» музлиги кўчганди. Унинг оқибатида 125 киши, жумладан, «Алоқачи» фильмининг суратга олиш гуруҳи бедарак йўқолган. Улар орасида таниқли актёр ва режиссёр Сергей Бодров ҳам бор эди.Расмий маълумотларга кўра, Кармадон дарасида содир бўлган музлик кўчиши натижасида юзага келган сел оқибатида 19 киши ҳалок бўлган, 106 киши бедарак йўқолган ҳисобланади, жумладан, уларнинг 42 нафари кинорежиссёр кичик Сергей Бодровнинг суратга олиш гуруҳи аъзолари эди.
Муз, лой ва тошдан иборат кўчки оқими соат 20:08 да бошланган бўлиб, соатига 150-200 километр соат тезликда Геналдон дарёси бўйлаб қарийб 20 километр масофадаги барча иншоотлар, дам олиш базалари, электр энергияси линияларини вайрон қилиб ҳаракатланган. Версияларга кўра, музликнинг кўчишига одатдаги пулсацияси эмас, балки сейсмик, вулқон ва метеоролик характерга эга кутилмаган силжиш сабаб бўлган.
Суратга олиш гуруҳининг ҳалокати
Шу куни Сергей Бодров Кармадон дарасида «Алоқачи» фильмининг эпизодларини суратга олаётган бўлган. Кечқурун шаҳарга қайтиш вақтида орасида «Нарти» от театрининг етти нафар аъзоси бўлган кинематографчиларни муз сели ювиб кетган. Ҳеч ким омон қолмаган. Кенг кўламли қутқарув ишлари ҳам жасадлари топишга ёрдам бермаган, аммо музлар ўнлаб йиллар давомида эриши мумкин ва фожиа қурбонлари ўшанда топилиш эҳтимоли мавжуд.
Фожиадан бир ой олдин Сергей Бодров ўғилли бўлган, айнан шу сабабли у Москвада қолиб кетган — аслида суратга олиш ишлари август охирида бошланиши ва 10 кун ичида тугаши керак эди. Кўчки содир бўлган кечада Сергей Бодров рафиқаси Светланага қўнғироқ қилган. Болаларнинг аҳволи ҳақида сўраган. Эр-хотин узоқ вақт ҳайрлаша олмаган, гўшакни қўйиш вақтида Бодров рафиқасига «Болаларни асра» деган.
Кўчки оқибатида жами 125—130 миллион метр куб муз-тош массаси ҳаракатланган. Уларнинг асосий қисми «Кармадон дарвозаси» дея номланувчи қояли жарликда тўхтаган бўлиб, 10 миллион метр куб сув, катта ва майда тоғ жинслари ўтиб кетган холос. Ушбу массанинг барчаси шиддан билан сел оқимига айланиб, водий узра йўлида учраган нарсани яксон қилган ҳолда пастга оққан.
21 сентябрь куни тонгда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, йўл хизмати ходимлари, ўрмон қўриқловчи хизмати ва ҳарбий хизматчилар қутқарув ишларини бошлаб юборган. Ўша вақтдаги Россия ФВВ раҳбари Сергей Шойгу федерал бюджет кўчки оқибатларини бартараф этишга 6 миллиард рубльга яқин маблағ ажратишини маълум қилган. Қутқарув-қидирув ишлари давомида 19 кишининг жасади, турли тана аъзолари топилган, 14 эркак ва 3 аёлнинг шахси аниқланган. Бедарак йўқолганлар рўйхатида 120 киши бўлган. Табиий офат ҳудудидан фақат икки киши омон қолиб, шифохонага жойлаштирилган — Марат Датиев ва Алан Бетрозов.
Геологларнинг маълум қилишича, «Колка» музлиги 12 йил давомида эрийди. Ўтган давр мобайнида музлик деярли бутунлай эриб кетди, аммо ҳалок бўлганларнинг жасадларини топиш имконсиз. Чунки тош ва лой зирҳли қоплама ҳосил қилган бўлиб, унинг остидан сув оқиб ўтган ва у жасадларнинг ювиб кетган.
Кармадон дарасидаги қутқарув ишлари ярим йилдан ортиқ давом этган. Қутқарувчилар ва олимлардан ташқари, бедарак йўқолганларнинг яқинлари ва кўнгиллилар дарага лагер қурган. Улар охирги дақиқаларга қадар кимдир туннелга яширинган бўлиши мумкинлигига умид қилган. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари музликни ёриб ўтишни талаб қилган. Мутахассислар бу уринишни мақсадли деб ҳисобламаган, чунки 100 метр қалинликка эга музни орқали олдинги туннел қаерда жойлашнини тўғри ҳисоблаш имконсиз эди. Шунга қарамай, қутқарувчилар 19 та чуқур қазиган ва фақат 69 метрли 20-чуқур туннелга олиб борган. Аммо у ҳам сув билан тўлгани сабаб, одамлар омон қолган бўлиши мумкин эмасди. Шундай қилиб, кенг кўламли қутқарув ва қидирув ишлари 2004 йилнинг 7 майида якунланган.
Фожиадан омон қолганлар
«Алоқачи» фильмининг сюжетига мувофиқ бошқа қаҳрамонлардан наркокурьер Катя (Анна Дубровская) ва режиссёр Армен (Александр Мезенсев) омон қолган. Вазият тақазоси билан айнан шу актёрлар музлик кўчишидан омон қолган, чунки улар ўша вақтда бошқа жойда суратга тушиши керак эди.
Анна Дубровская узоқ вақт бедарак йўқолганлар рўйхатида бўлган, чунки у фожиа рўй берган кунда Владикавказда бўлган ва 20 сентябрь куни Москвага театрда Дездемона ролини ўйнаш учун учиб кетган. Бундан ташқари, суратга олиш ишларига «Нарти» театрининг айрим актёрлари ҳам кеч қолган — бу уларнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Операторлар Игорь Гринякин ва Наталя Вотрен селдан 10 дақиқа олдин ҳодиса жойидан кетишга улгурган. Шунингдек, кичик Сергей Бодровнинг дўсти Алексей Балабанов кўчки содир бўлган кунда суратга олиш ишларида иштирок этиши керак эди, аммо қандайдир сабаб билан бормаган.
1996 йилда Сочидаги кинофестивалда Бодров режиссёр Алексей Балабанов билан таниши қолган ва у йигитни «Ука» («Брат») фильми суратга олинаётган STV студиясига таклиф этган. Картинада Бордов бош қаҳрамон — Данил Багров ролини ижро этган. 2000 йилда режиссёр «Брат-2»ни — фильм воқеаларининг давомини суратга олади. Иккала картина ҳам машҳурликка эришиб, Бодров бутун бир авлод учун қаҳрамонга айланади.
2017 йилда ўтказилган овоз бериш жараёнларига мувофиқ, россияликлар Данил Багровни асосий рус қаҳрамони деб ҳисоблайди. Овоз бериш жараёнида ушбу персонаж Илья Муромес, Стёпа амаки, Глеб Жеглов ва ҳатто Штирлесни ҳам ортда қолдирган.
Исломободдаги меҳмонхонада портлаш
Бундан 14 йил олдин 20 сентябрь куни кечаси Покистон пойтахти Исломободда жойлашган Marriott меҳмонхонаси олдида кучли портлаш содир бўлган эди. Оқибатида 54 киши ҳалок бўлган, 266 киши жароҳат олган. Қурбонларнинг аксарияти покистонликлар бўлиб, беш нафар хориж фуқароси ҳалок бўлган ва 15 нафари жароҳат олган.Портлаш президент Осиф Али Зардорийнинг Покистон парламентидаги биринчи нутқидан бир соат ўтиб содир бўлган. Marriott пойтахтдаги энг нуфузли меҳмонхона ҳисобланиб, унинг атрофида ҳукумат бинолари, дипломатик ваколатхоналар ҳамда элчихоналар жойлашган.
Тергов давомида Покистон полицияси гумонланувчи тариқасида уч кишини ҳибсга олган. Улар худкуш террорчига ёрдам беришда айбланган. Кейинроқ уларга нисбатaн бирор далил топилмагани боис барчаси оқланган.
Полиция маълумотларига кўра, меҳмонхонадаги портлаш табиий газ сизиб чиқиши натижасида юзага келган, оқибатида 258 та хонага эга беш қаватли бинонинг юқори қаватларида ёнғин чиққан. Портлаш овози 15 километр радиусда эшитилган. Ёнғин Marriott меҳмонхонасининг бутун конструкциясини эгаллаб олган. Бинонинг учдан икки қисми ёниб кетган.
Marriott меҳмонхонасининг эгаси Садруддин Хашванийнинг айтишича, портловчи воситалар ўрнатилган юк машинаси шлагбаум олдида тўхтатилган. «Бир нечта ўқ овози эшитилди. Қўриқчилардан бири жавоб ўтини очди, кейин эса худкуш портловчи қурилмани ишга келтирди. Дарвоза олдидаги барча қўриқчилар ҳалок бўлди», — деган Хашваний.
Покистон раҳбариятининг учрашуви
Покистоннинг олий раҳбарияти портлаш содир бўлган вақтида Marriott меҳмонхонаси ичида бўлиши керак эди. Бироқ сўнгги дақиқаларда режалар ўзгариб, президент Осиф Али Зардорийнинг парламент йиғилишидаги биринчи чиқишидан кейин улар бошқа жойга кечки овқатга тўпланган. «Шу куни миллий йиғин спикери раҳбариятдаги барача учун — президент, бош вазир ва қуролли кучлар бошлиқлари учун Marriott меҳмонхонасида кечки овқат режалаштирган эди», — деган ИИВ раҳбари Раҳмон Малик.
Аммо меҳмонхона эгаси Хашваний бирор-бир тадбир режалаштирилганини рад этган. Унинг сўзларига кўра, «ҳукумат амалдори айтган кечки овқат учун жой айтилмаган».
Покистон ички ишлар вазири Раҳмон Малик Зардорий ва бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний ҳужумни қоралаб, терроризмга қарши қаттиқ курашиш кераклигини айтганини маълум қилган. Адлия вазири Фарук Наек эса воқеани «Покистоннинг 11 сентябри», деб атаган.
Маълумотларга кўра, ҳужумда гексоген ва тротилдан фойдаланилган. Тахминан 600 килограмм гексоген тротил билан аралаштирилган. Портлаш кўламини ошириш мақсадида алюминий кукуни ҳам қўшилган.
Хавфсизлик хизматининг исмини ошкор этишни истамаган юқори мартабали амалдорини маълум қилишича, АҚШнинг Афғонистонга йўл олиши керак бўлган 30 нафар денгиз пиёдаси меҳмонхонада жойлашган ва теракт мақсади уларни йўқ қилиш бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, теракт бўйича масъулиятни «Ислом фидоийлари» номли кичик террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган. Раҳмон Маликнинг айтишича, барча ислар ФАТАъга (Федерал бошқарувдаги қабилалар зонаси) олиб боради. Покистон—Афғонистон чегараси етти йил давомида турли террорчилик ташкилотлари — афғон толиблари, покистон толиблари ва «Ал-Қоида» учун бошпана вазифасини ўтаган.
Перм давлат университетидаги оммавий қотиллик
2021 йилнинг 20 сентябрь куни Перм давлат университети ҳудудида оммавий қотиллик содир этилганди. Ҳужум уюштирган шахс томонидан амалга оширилган отишма оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 47 киши турли тан жароҳатларини олган, гумонланувчи Тимур Бекмансуров қўлга олиш вақтида қаршилик кўрсатгани учун яраланган ва оғир аҳволда шифохонага етказилган.Александр Стабровский — Лойиҳалар бўлими менежери, Перм давлат университети тарихи музейининг собиқ директори
— Мен ўз кабинетимда — саккизинчи корпуснинг биринчи қаватида эдим (Бекмансуров шу бинога ҳужум қилган). Ҳамкасбим Виталий билан бирга ўтиргандик, унинг машинасидаги сигнализация ишга тушиб кетди. У кабинетдан чиқди, мен эса дераза олдига бордим. Қурол кўтарган йигит хиёбон бўйлаб келаётганини кўрдим. У қуролни олдинга чиқариб олди. Мен бунга аҳамият бермадим: талабалар бирор нимани машқ қилаётган бўлса керак деб ўйладим. Унда ҳеч қандай асабийлик сезилмасди. У бир текис қадам ташлаб келарди, худди параддагидек — кейин қарсиллаган овоз эшитилди.Лекин бу йигитнинг ўқ узаётганини мен кўрмадим. (Қарсиллашдан кейин) Эшикка ўгирилдим. Бу вақтда Виталий офисга югуриб кирди. У эшикни ёпди, яна бир нечта қарсиллаш эшитилди. Улар ўқ овозига ўхшамасди, мен университетда теракт содир бўляпти, деб ўйладим. Маълум бўлишича, бу йигит (асосий) корпусга кириб, ўша ерда ўт очишни бошлаган. Йигит ҳамкасбимизни отиб ташлади, у қирқ ёшдан сал ошганди, ҳозир реанимацияда ётибди. У йўлакда шунчаки ўз ишлари билан юрганида иккови учрашиб қолган.
У (ҳужумчи) иккинчи қаватга кўтарилди. Кейин одамларнинг деразадан сакраётганини эшитдик. Бир йигит мен яқин турган дераза ортидан ерга учиб тушди. У сакраган, лекин, афтидан, оёғи синганми ёки бошқа нарса, хуллас, қочиб кетолмаган. Йигит ўша жойда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари келиб (ҳужумчи ушланганидан кейин) олиб кетгунга қадар ётди.
Қуролли шахс иккинчи қаватга кўтарилиб, ҳаммани кетма-кет ўққа тутди. Ҳаммамиз ўз кабинетимизга қулфланиб олдик. Иккинчи қаватда талабалар билан бўлган ўқитувчи эшикни чилвир билан беркитди — натижада у кира олмади.
Отишма, тахминан, етти дақиқа давом этди. Кейин 20 дақиқа давомида ҳаммаёқ тинчиб қолди. Ўлик сукунат ҳукм сурар, ҳеч нарса эшитилмасди. 20 дақиқадан сўнг полиция, тез ёрдам, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги келди. Улар эшигимиз ортида шовқин солди: «Полиция, полиция, қўлингизни кўтариб чиқинг, деворга қаранг!». Бир соатлар ичида бизни кўчага олиб чиқишди. Ҳамкасбим билан кийимларимизни олиб, ташқарига чиқдик. Талабалар кўчада турарди.
Менимча (ҳужумнинг сабаби) бор-йўғи куз, хуруж қилиш. Замонавий аҳмоқларнинг психологияси аллақачон маълум. Шунга қарамай, университетда бундай вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида махсус дарслар ва алгоритмлар муҳокамаси бўлмаган.
Мен бу университетда 50 йил ишладим, ҳозир 73 ёшдаман. Келиним ушбу воқеа фонида менда инфаркт бўлиши мумкинлигидан хавотирланяпти, лекин ҳозирча дадилман.
Виталий Призюк — Перм давлат университети журнали бош муҳаррири
Менинг машинам унинг (ҳужумчи) йўлида турганди. У машина ёнидан ўтиб, ўқ узган. Лекин мен уни кўрмадим, фақат сигнализацияни эшитдим. Курткамни устимга ташлаб, нима бўлганини текшириш учун ташқарига чиқдим. Мен машинам ёнига шошиб, йўлакка чиққанимда — нималар бўлаётганидан бехабар эдим — у ерда 50 га яқин одам тўпланганди.Ўқ овозлари бизга жуда яқиндан эшитиларди, гўё йўлакда отилаётганди, ҳамма кабинетларга қочиб кетди. Жуда кўп ўқ узилди, уларнинг овози шунчалик баланд эдики, биз университетга кўп одамлар ҳужум қиляпти деб ўйладик, лекин билсак, у ёлғиз ўзи экан.
Ҳозир яқинларимиз ва ҳамкасбларимиз билан йиғилдик. Бирга ўтириб, ҳамма учун қайғуряпмиз.
Иван Печишчев — Филология факультетининг журналистика ўқитувчиси
Бугун (20 сентябрь) университетнинг иккинчи корпусидаги талабаларимга маъруза ўтишга бордим — кампусимизда ўндан ортиқ корпус бор. Мен озроқ кеч қолдим, соат 11:30 эди. Бўлажак географлар ўқийдиган саккизинчи корпусдан ўтаётганимда, иккинчи қават деразаларидан сакраётган талабаларни кўрдим.Россия Жиноят кодексига мувофиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. 2021 йилнинг 23 сентябрь куни Россия Тергов қўмитасининг Перм ўлмаси бўйича тергов бошқармаси бошлиғи С.Сарапулсев ўз жонига қасд қилган. Қатор оммавий ахборот воситалари адлия полковниги раҳбарият билан учрашувда университетдаги оммавий қотиллик бўйича терговни ёмон ташкиллаштиргани учун гап эшитгани, унинг қўл остидагилар ишдан четлатилганидан кейин ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзган. Бошқа маълумотларга кўра, Сарапулсевнинг ўлими унинг хизмат фалоятига, хусусан, ҳужум сабаб бошланган терговга боғлиқ эмас.Нима бўлганини сўрай бошладим. Улар менга отишма ҳақида айтишди. Бинодан кучли қарсиллаш овозларини эшитдим. Жуда ваҳимали эди. Ҳамма ҳар томонга қочарди. Мен талабаларим жойлашган иккинчи корпусга қараб йўл олдим (у алоҳида бино, лекин саккизинчи корпусдаги ўтиш йўлаклари орқали у ёққа ўтиш мумкин). Биздаги хавфсизлик хизмати аллақачон чора кўрган, бу ва қолган биноларнинг эшиклари ёпиб қўйилганди. Мен тақиллатдим, тушунтирдим. Ниҳоят улар мени ичкарига киритди.
Натижада шогирдларим олдига келдим. Ҳамма ҳайрон эди, жуда қўрқарди. Улар иккинчи курс — тахминан 18 ёшда. Қизлар йиғлаётган эди. Улар ҳужумчини танимаган. Нима бўлаётганини тушунмасди. Фақат даҳшат билан ҳамма нарсани ижтимоий тармоқларда ўқирди.
Мен ваҳимани камайтиришга ҳаракат қилдим. Биз нисбатан хавфсиз жойда эканимизни, бизнинг корпус ҳам, корпусдан корпусга ўтиш йўлаги ҳам ёпиқ эканини тушунтирдим. Биз улар билан аудиторияни беркитиб, баррикада қуриб олдик ва бир ярим соат шундай ўтирдик.
Университет бундай ҳолатлар учун ҳаракатлар алгоритмини олдиндан ишлаб чиқмаган. Бизга фақат карнайлар орқали синфларда қолишни айтишди. Мен эса талабалардан ваҳима қилмаслик учун ижтимоий тармоқларни ўқимасликни сўрадим. Кейин бизга карнайда уйга кетишимиз мумкинлигини айтишди ва бизни олиб кетишди.
Гумоналнувчи — 2003 йилнинг 8 март санасида туғилган юридик факультетнинг 1-босқич талабаси Тимур Бекмансуров. Йигит ҳужумдан бир неча дақиқа олдин, «ВКонтакте»даги саҳифасига ўқотар қурол учун қандай лицензия олгани, бошидаги ўғирқлар кучайиб боргани, ҳужумни теракт деб баҳолаш керакмаслиги, бирор экстремистик ташкилотга аъзо эмаслигини айтгани тасвирланган «Манифест»ини жойлаштирган. Ҳужумдан бир неча соат ўтиб, аккаунт блокланган. Шифохонада Бекмансуровнинг яраланган чап оёғи кесиб ташлаган. Руҳий-психологик экспертиза натижасига кўра, Тимур Бекмансуров ақли расо деб топилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)