Қирғизистон Тожикистон билан келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишни режалаштирмоқда, деди республика президенти Садир Жапаров халққа мурожаатида. Унинг мурожаати матни президент расмий веб-сайтида эълон қилинган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, икки мамлакат муносабатларидаги муаммолар улар ўртасидаги ҳудудий чегаралар тартибга солинмаганидан келиб чиқмоқда.
«Давлатимиз чегаралари билан боғлиқ баҳсли масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Маълумки, Ўзбекистон республикаси билан чегарадаги барча участкалар тартибга солинган ва уларни расман ҳужжатлаштириш қолган, холос. Бугунги кунда фақат Тожикистон республикаси билан чегарадош ҳудудлар аниқлаштирилмаган ва муаммо туғдирмоқда. Биз қирғиз—тожик чегарасидаги келишмовчиликларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга уринишда давом этамиз», — деди Қирғизистон президенти.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро 16 сентябрга ўтар кечаси авж олди. Қирғизистонда Боткен вилоятининг Боткен ва Лайлак туманлари ҳамда Ўш вилоятининг бир қисми, Тожикистонда Сўғд вилоятининг Исфара ва Ғофуров туманлари бир қисми ва Лахш тумани ўққа тутилди. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Ўша куни икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди, бироқ кейинчалик бу келишув бузилди.
Изоҳ (0)