Франциянинг Le Figaro нашри Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити ҳақида ёзар экан, унинг иккита муҳим жиҳатига эътибор қаратди. Биринчидан, бу Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг пандемия бошлангандан бери илк хорижий сафари бўлиб, у, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. Иккинчидан, ШҲТ кўлами бўйича БМТдан кейин турадиган йирик минтақавий тузилмадир. Бу ташкилот заминида дунё аҳолисининг 42 фоизи истиқомат қилади.
ШҲТ Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас, деб ёзади нашр. ШҲТда Ўзбекистон алоҳида ўринга эга. Ташкилотга яқинга қадар Ўзбекистон вакили, ҳозирда мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Норов раҳбарлик қилди, саммитнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам бежизга эмас. Бу Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабасидир, дейилади нашр мақоласида.
Le Figaro экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистон чиндан ҳам халқаро муносабатларнинг катта «шахмат доскаси»да муҳим ўрин тутади. Мамлакат Путиннинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватламайди, бундан ташқари, у эҳтиёткорона ташқи сиёсати туфайли Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам бир хил муносабатларни сақлаб қолмоқда. Ўзбек дипломатияси фаол ва кўпқирралидир.
Ҳозирда Ўзбекистон нафақат ташкилот ичидаги турли йўналишларни ривожлантиришга таъсир кўрсатмоқда, балки бошқа аъзо-давлатлар томонидан илгари сурилаётган таклифларни ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда, дея эътироф этди экспертлар. Масалан, мамлакат яқинда ШҲТнинг улкан салоҳиятини транспорт, коммуникация, логистика, инновацион ва рақамли ҳамкорликни, маданий ва ижтимоий дипломатияни ривожлантиришга йўналтириш зарурлигини таъкидлаган.
Нашр экспертлари Ҳиндистон, Покистон ҳисобига кенгайган ташкилот яқин келажакда Эрон, Беларусь, Миср, Қатар, Саудия Арабистони ҳисобига Яқин Шарқ тарафга кенгайишини қайд этган. Туркиянинг ҳам ушбу тузилмага қўшилиш эҳтимоли юқори. Хусусан, саммитга мамлакат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклиф қилинган.
Изоҳ (0)