Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълум қилишича, ШҲТ саммитида аҳоли ва тадбиркорлар учун юқори тезликдаги интернет хизматларини кенгайтириш мақсадида ярим миллиард доллардан ортиқ инвестиция шартномалари имзоланди.
Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви доирасида кўплаб соҳаларда ва устувор йўналишларда илмий-техник ҳамкорлик борасида аниқ режалар белгиланиб, уларнинг амалга оширилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бундай келишувлар, аввало, инсонларнинг фаровонлигини оширишга, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилиши лозим.
Хитой раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатда бўлиб турибди. Ташриф доирасида «Ўзбектелеком» АК мамлакатдаги мавжуд инфратузилмани модернизациялаш ва ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар олиб бормоқда. Жумладан, «Huawei International ПТЕ., Ltd.» ва «ZTE Corporation» компаниялари Хитой ва Ўзбекистон халқларининг фаровонлиги йўлида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида республикада телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича умумий қиймати 506,8 миллион доллардан ортиқ 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «Huawei International ПТЕ., Ltd.» ва «ZTE Corporation» корпорациялари ҳамда «Ўзбектелеком» АК ўртасида жами 8 та шартнома имзоланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида икки босқичда республиканинг ғарбий ва шарқий ҳудудларида телекоммуникация тармоқлари ва рақамлаштиришга қаратилган инфратузилма ривожлантирилади.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиш натижасида аҳолининг телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва қамрови янада кенгайтирилади ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилади. Халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет билан тўлиқ қамраб олиш, республика бўйлаб темир йўлларида юқори тезликдаги мобил интернет билан тўлиқ қамраб олишга эришилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ва барча вилоятлар марказларида бешинчи авлод 5G стандартидаги таянч база станциялари ўрнатилади ва маълумотларни узатиш ва магистрал транспорт тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти кенгайтирилади.
Изоҳ (0)