Uzbekistan Airways Нукус—Мўйноқ—Тошкент йўналишидаги авиақатновни йўлга қўйилишини эълон қилди.
Авиакомпания матбуот хизматининг хабар беришича, Мўйноқ ва Нукус аҳолиси учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда йўловчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда, 12 сентябрдан бошлаб Нукус—Мўйноқ—Тошкент йўналишдаги қатновларни жорий қилмоқда. Авиақатновлар душанба кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, фақат 9 сентябрь куни HY-012 Нукус—Тошкент йўналишида авиақатнов Мўйноқ аэропортига қўниб, йўловчиларни бортга қабул қилади ҳамда қуйида кўрсатилган жадвал бўйича амалга оширилади.
- Нукусдан жўнаб кетиш — 09:45, Мўйноққа етиб бориш — 10:45;
- Мўйноқдан жўнаб кетиш — 11:25, Нукусга етиб бориш — 12:25.
Маълумот учун, Мўйноқ — Ўзбекистон шимоли-ғарбийда жойлашган шаҳар номидаги аэропорт бўлиб, 1947 йилда қурилган. 3-классга оид Мўйноқ аэродроми Ан-24, Як-40 ва бошқа енгил самолётларни, шунингдек, барча турдаги вертолётларни қабул қилишга қодир бўлган. 1960 йиллар бошидан 1990 йилга қадар аэродромда Ан-2 самолётлари кунига маҳаллий линиялар бўйича (асосан, Қўнғирот, Нукус, Урганч, Тахтакўприк, Қозоқдарё, Аспантай, Тулей пунктлари) 19 тагача йўловчи авиарейсларини амалга оширган. 2020 йилнинг августида Мўйноқда янги аэропорт ишга тушган эди.
Шавкат Мирзиёев бу аэропорт расмга тушиш учун эмас, инсонларга хизмат қиладиган бўлиши кераклигини таъкидлаганди. «Аввал ҳам айтганман, маданият Мўйноқдан Нукусга бориши керак», — деган эди президент.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда йил бошидан бери маҳаллий парвозлар нархи сезиларли даражада ошди