Тошкентнинг Учтепа туманида ҳам қурувчи ташкилот томонидан 42 туп дарахт ноқонуний равишда кесиб юборилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.
Давлат экология қўмитасининг хабар беришича, Учтепа туманининг Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчалари кесишмасида «Города Строй» МЧЖ ўраб олган ҳудуд ўрганилганда Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ушбу ҳудудда ўрганиш ишларини олиб бориб, дарахтларни хатловдан ўтказгани аниқланган. 2021 йил 11 октябрда далолатнома расмийлаштирилган, шунингдек, «Города Строй» МЧЖга дарахтларни кесиш бўйича рад жавоби ҳамда дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган.
Тошкент шаҳар Экология бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ушбу ҳудуддаги дарахтлар ҳолати бўйича навбатдаги хатлов ўтказилганда 42 туп, шундан 9 туп чинор, 2 туп арча мавжуд эмаслиги, чинор, шумтол, сафора, арча каби 27 туп дарахтлари кўчириб ўтқазиш, 4 туп терак эса муҳофаза қилиш чоралари кўрилмагани сабабли қуриб қолгани аниқланган.
Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига жами 425,1 миллион сўм миқдорда зарар етказилган. Ушбу ҳолат юзасидан «Города Строй» МЧЖ масъуллари тушунтириш беришдан бош тортган.
Тошкент шаҳар Экология бошқармаси тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, 6 сентябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим қилган. Жамоатчилик талаби билан ҳудудни ўраб олган тўсиқлар олиниб, дарахтлар қайта хатловдан ўтказилган.
Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан аввал Тошкентнинг Чилонзор туманида 58 туп ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб ташлангани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилганди. Дарахтлар кесилиши оқибатида ўсимлик дунёсига жами 797 миллион 700 минг сўм миқдорида зарар етказилган.