7 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан «Сем амаки» иборасининг пайдо бўлиши, «Мона Лиза»ни ўғирлашда гумонланиб, ҳибсга олинган француз шоири ва ҳип-ҳоп афсонаси дея таърифланадиган Тупак Шакурнинг отиб кетилишига оид фактлар ўрин олган.
АҚШ тимсоли бўлиб қолган «Сем амаки» қаердан пайдо бўлган? Уни атай яратишганми?
1813 йилнинг 7 сентябрида АҚШ ҳукумати томонидан расман қўлланган «Сем амаки» ибораси Нью-Йорк штатининг Трой шаҳрида яшаган гўшт қадоқловчи Семюел Уилсон исми билан боғлиқ. Фуқаролик бурчини бажаришга чақириб, кўрсаткич бармоғини томошабинга қаратган «Сем амаки»нинг портрети дастлабки суратдан 60 йил ўтганидан сўнг дунёга келган. Одамларга таъсир кўрсатган «Сем амаки» плакатининг ғояси асосида кўпдан кўп вариацияларда, шу жумладан, «Она ватан» совет плакати ҳам вужудга келган.
«Сем амаки»ни дунёга танитган карикатура
«Сем амаки» иборасининг келиб чиқиши ҳанузгача жуда ҳам кўп баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Одатда «Сем амаки» дейилганида 1812—1815 йилларда Англия билан бўлган уруш пайтида америкалик аскарларга гўшт етказиб бериб турган савдогар Семюел Уилсон ушбу иборанинг келиш чиқиш манбаи деб қаралади. Семюел Уилсон етказиб бераётган мол гўштининг бўлакларига бу давлат буюртмаси эканини билдириш учун «U.S.» ҳарфлари билан белгиланган тамға босган. Аммо аскарлар бундай тамға босилган боскаларни «Сем амакининг овқати» деб атаган, маҳаллий газетаси эса бу воқеани босиб чиқарган. Шундан буён «Сем амаки» ибораси АҚШ федерал ҳукуматининг ўзига хос номи сифатида машҳурликка эришган.
1860—1870 йилларда карикатурачи Томас Наст «Сем амаки»нинг имижини оммалаштирган. Рассом унга оқ соқол ва йўл-йўл юлдузчаларга эга костюм «кийгизган». Асли келиб чиқиши немис бўлган Наст замонавий Санта-Клаус образини, шунингдек, Демократлар партияси тимсоли бўлган эшак, республикачилар партиясининг тимсоли филни яратган дея эътироф этилади.
Бироқ «Сем амаки»нинг энг оммалашган образини рассом Жеймс Монтгомери Флегг яратган. Унинг версиясига кўра, «Сем амаки» бошига баланд цилиндр кийиб олган, кўк пиджакда, унинг нигоҳлари эса сизга қаратилган. Биринчи жаҳон урушида «Сем амаки»нинг портрети остига «Сизнинг АҚШ армиясида хизмат қилишингизни хоҳлайман» ёзуви туширилиб, армияга жалб этиш реклама кампанияси сифатида фойдаланилган. Бундан ташқари, айнан шу образ 1916 йилда «Лесли» ҳафталик журналининг муқовасида «Сен тайёрмисан?» ёзуви билан босиб чиқарилган. Плакат кенг тарқалиб, бир неча бор турли шиор ва чақириқлар билан оммалашган.
1961 йилнинг сентябрида АҚШ Конгресси Семюел Уилсонни Американинг миллий рамзи — «Сем амаки»ни яратганини тан олган. Уилсон 1854 йилда 88 ёшида вафот этган ва Трой шаҳридаги қабристонга — рафиқаси Бетси Менн ёнига кўмилган. Ҳозирда Трой шаҳрини «Сем амаки»нинг уйи деб аташади.
«Мона Лиза»нинг ўғирланиши ортидан унинг машҳурликка эришиши
1911 йилнинг 7 сентябрида француз шоири, ХХ аср бошларидаги Европа авангардининг энг йирик вакилларидан бири Гиём Аполлинер «Мона Лиза» картинасини ўғирлашда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Сюрреализм асосчиларидан бири ҳисобланувчи Аполлинер аслида ким эди? Ростдан ҳам у Леонардо Да Винчининг бутун дунёга машҳур картинасини ўғирлаганми? Қуйида шоирнинг ижоди ва унга боғлиқ қизиқарли маълумотлар билан бўлишамиз.Гиём Аполлинер ХХ аср бошларининг энг кўзга кўринган адабиёт намоёндаларидан бири ҳисобланади. Унинг ёрқин адабий карьераси санъатда футуризм, кубизм, дадаизм ва сюрреализм каби йўналишларнинг ривожланишига таъсир кўрсатган. Ажойиб рассом, ҳикоянавис, ҳарбий — Гиём Аполлинер авангард хулқ-атворнинг намунасига айланган.
Аполлинер кам, бироқ қизиқарли ҳаёт кечирган. Тақдир тақозоси билан француз адабиётининг классигининг Учинчи республика паспорти бўлмаган (шахсни тасдиқловчи ҳужжатни у ўлимидан икки йил олдин олган). Италия ва Россия фуқароси бўлган шоир Парижда хорижлик сифатида яшаган. У тез-тез арзон ҳақ тўланадиган ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлган. Туғма иқтидори ва санъатга бўлган муҳаббатигина Гиём Аполлинерни шафқатсиз доирадан чиқиб, одамларга қўшилишига ёрдам берган.
Гиём Аполлинернинг ҳақиқий исми — Велгелм Алберт Владимир Александр Аполлинарий Вонж-Костровицкий. У 1864—1864 йилларда қўзғолон омадсизликка учрагач, Россиядан кўчиб кетган поляк дворянининг қизи — Ангелика Костовицкийнинг никоҳсиз туғилган ўғлидир. Боланинг отаси ким бўлгани номаълумлигича қолган. Гиёмнинг отаси онасининг яқин дўсти бўлган италиялик аристократ Франческо Флюжи д’Аспермонт деган тахминлар мавжуд. Аммо бундан ҳам қизиқ версиялар бор. Костровицкийлар оиласига кўра, Гиём Аполлинернинг отаси француз императори Наполеон Бонапарт бўлган.
Аполлинер машҳур адабиётшунос, таниқли инсон бўлишига қарамай, ўз хоҳишига кўра Биринчи жаҳон урушида иштирок этиш учун фронтга йўл олган. 1916 йилда у бошига снаряд бўлаги келиб тегган. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокорлар шоирнинг бош чаноғини операция қилган. Оғир ярадорлигига қарамай, у адабиёт билан шуғулланишни давом этган. 1917 йилда Жон Кокто, Пабло Пикассо ва Эрик Сати каби дўстлари Сергей Дягилевнинг буюртмасига кўра, балет ёзган. Балетни саҳналаштириш билан эса Гиём Аполлинер шуғулланган. Айнан ўшанда у биринчи марта санъатда фикрларининг зоҳирий ифодасини тасвирловчи «сюрреализм» терминини қўллаган.
1911 йилнинг 7 сентябрида Аполлинер «Мона Лиза»ни ўғирлашда гумонланиб, ҳибсга олинган. Ўғирликда унинг дўсти — испаниялик машҳур рассом Пабло Пикассо ҳам гумонланган. Бироқ неча кундан кейин шоирнинг ўғирликка ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Картина ўзини Лувр ходими сифатида таништирган италиялик Винченцо Перужа томонидан ўғирлаб кетилган ва у «Жаконда»ни Флоренциядаги «қора бозор»да сотишга уринган.
Картинани ўғриси ёки қаҳрамон?
Юқорида қайд этилганидек, картинани Лувр ходими, музейда декоратор-рассом бўлиб ишлаган Винченцо Перужа ўғирлаган. Унинг бармоқ излари «Жаконда»нинг ромида қолган бўлса-да, полиция негадир уни излаш билан шуғулланмаган. Агарда Перужа картинани Италияга олиб чиқиб кетиб, уни коллекционер Альфредо Жерига сотишга уринмаганида, балки қўлга тушмаган бўларди.
Перужанинг шедеврни сотишга бўлган уриниши муваффақиятсиз якунланган. Уффитси галереяси директоридан картина экспертизасида ёрдам сўраган Альфредо Жери қаршисида бутун Франция полицияси қидираётган хазина турганини англаб етган. Ўғри ушланган ва судланган.
Перужа Францияда эмас, айнан Италияда судлангани унинг омади бўлган. Чунки ўғирликни у «Наполеон томонидан олиб кетилган» шедеврни ватанига қайтариш учун содир этганини айтган. Афтидан, Перужа «Мона Лиза»нинг Францияга бориб қолишига Наполеоннинг алоқаси бўлмаганини билмаган кўринади. Шундай бўлса-да, картина бир неча йил француз императорининг ётоқхонасида осиғлиқ турган.
Ўғри бир йилдан кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум этилган, бироқ миллий қаҳрамонга айланган Перужа тез орада озодликка чиқариб юборилган.
Биринчи саҳифаларда
«Жаконда»нинг ўғирланиши ва уни қидириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида газеталар тинимсиз ёзиб борган. «Ўшанда француз халқи шу қадар қимматбаҳо хазинаси борлигидан хабар топгандир», — дея ҳазиллашади айримлар.
Ҳазилларга қарамай, газетачилар картинани шу қадар реклама қилиб юборганки, бирорта бир реклама агентлиги жуда катта пулга ҳам буни уддалай олмаган бўларди. Ва бу нафақат Францияда рўй берган. 1914 йилда картина Луврга қайтарилгач, у ҳақида янаям кўпроқ ёзишни бошлашган. Айнан шу воқеадан кейин «Мона Лиза»ни бутун дунё танийдиган бўлган.
Ҳип-ҳоп афсонасининг ўлдирилиши
1996 йилнинг 7 сентябрь куни ҳип-ҳоп афсонаси Тупак Шакурга суиқасд уюштирилган эди, орадан олти кун ўтгач у вафот этган. Рэпернинг ўлимига қорин қисмига отилган бешта ўқ сабаб бўлган. Бироқ ғайриоддий ўлим ва қотил ҳамон топилмагани унинг мухлислари томонидан кўплаб конспирологик версияларни юзага келтирган.Расмий версияга кўра, Тупак 1996 йилнинг 7 сентябрь куни Майк Тайсон ва Брюс Сельдоннинг бокс жангидан кейин отиб кетилган. Қотиллик содир этилган вақтда рэпер ўз менежери Шуг Найт билан бирга машинада бўлган. Улар Лос-Анжелесдаги клубга кетаётганида оқ Cadillac келиб тўхтаган ва унинг орқасидан 14 маротаба ўқ узилган.
Бошидан яралган Найт омон қолган бўлса-да, ўқлар рэперга оғир жароҳат етказган. Тупак зудлик билан шифохонага етказилган ва у сунъий комага туширилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, рэпернинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. 13 сентябрь куни ўлим ҳолати қайд этилган, эртаси куни Шакурнинг жасади кремация қилинган.
Ҳип-ҳоп афсонаси бўлган Тупак Шакур 1971 йилнинг 16 июнида Нью-Йоркда туғилган. Болалигидан мусиқага қизиққан (кўча ансамбли аъзоси бўлган), санъат мактабида актёрлик маҳоратига ўқиган, Шекспир песаларининг саҳна кўринишларида рол ижро этган. Шакур репга 1987 йилда кириб келган, дебют студия альбоми — 2Pacalypse Now орадан тўрт йил ўтгач чиққан. Жанр тарихида энг кўп сотиладиган артистлардан бири ҳисобланувчи Тупакнинг жами 11 та пластинкаси бўлиб, уларнинг олтитаси унинг ўлимидан сўнг чиқарилган.
Реп ижрочи ўз ижодида асосан Америка жамиятидаги тенгсизликка қарши курашга эътибор қаратган. Шакур ижтимоий муаммоларни олиб чиқиб, АҚШдаги қора танлилар ва бошқа аҳоли ўртасидаги тафовутни қисқартиришга уринган. Шакур ижодидан 50 Cent, Ja Rule, Lil Wayne, Фредди Гиббс ва ҳатто Эминем каби реп-ижрочилар илҳомланган.
2005 йилда Roling Stone журнали Тупакни «Абадийлар: барча даврларнинг энг зўр 100 қўшиқчиси» рўйхатининг 86-поғонасига жойлаштирган. Шунингдек, у ҳайкал ўрнатилган биринчи рэперга айланган.
Тупак Шакур отиб кетилганида эндигина 25 ёшга тўлган эди. Узоқ йиллар давомида суиқасд иши очилмай келган, бироқ 2018 йилда гангстер Дуэйн Кит Дэвис (Шакурга ўқ узилган машинада бўлган) уни Baby Lane лақабли жияни отганини маълум қилган. Орадан икки йил ўтгач, у ҳам отишмада ҳалок бўлган.
Рэперни ким ўлдирган?
Чак Филипс — Los Angeles Times газетасининг журналисти рэперни аслида ким ўлдирганини билишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Шакурни МGM Grand меҳмонхонасидаги жанжал учун ўч олишни мақсад қилган Орландо Андерсон отиб кетган. Шунингдек, журналистнинг таъкидлашича, қотиллик қуроли Шарқий қирғоқ томонининг рэпери бўлган Кристофер Уоллес (Notorious B.I.G.) томонидан олиб келинган.
Ўша куни Орландо Макавели тўдаси томонидан калтакланган ва у «оғаларидан» ёрдам сўраб борган, натижада Шакурни ўлдириш ҳамда бунинг ортидан яхшигина пул ишлаб олиш режа қилинган. Гап шундаки, Notorious B.I.G. нинг ўзи ҳам Лос-Анжелесда бўлган. Можародан хабар топган Вест-Сайд қироли Тупакнинг ўлдирилиши учун 1 миллион доллар ва қотиллик учун ўз қуролини беришни ваъда қилган.
Орадан бир соат ўтгач, топшириқ бажарилган. Biggie Smalls бандитларни дастлабки тўлов — 500 минг доллар билан мукофотлаган. Ноториус қолган пулни қандай тўлагани номаълум. 1997 йилда уни ҳам шу каби тақдир кутиб олган: рэпер худди шундай вазиятда машинасида отиб кетилган. 1998 йилда эса Орландо Андерсон ҳам ўлдирилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)