6 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан бутун дунёни айланиб чиқишга отланган Магеллан экспедициясидан ягона кеманинг қайтиб келиши, махфий самолётда Японияга қочиб кетган совет учувчиси ва сиам эгизакларини ажратиш бўйича ўтказилган муваффақиятли операцияга оид фактлар ўрин олган.
Дунёни айланишга чиққан Магеллан
Бундан ярим минг йилдан олдинроқ, 1519 йилнинг 20 сентябрида денгизчи Фернан (Фернандо, Фердинанд) Магеллан дунё бўйлаб саёҳатга отланган эди. Тижорий экспедиция мақсадида амалга оширилган саёҳат XVI асрнинг энг муҳим воқеасига айланади.Бортида 280 киши бўлган «Тринидад», «Сан-Антонио», «Сантьяго», «Консепцион» ва «Виктория» кемалари Испаниянинг Санлукар-де-Баррамед портидан сузиб кетган. Магеллан худди Христофор Колумб каби Ер юмалоқ деган ғояни қўллаб-қувватлаган ва ғарбга саёҳат уни шарққа олиб бориши керак эди.
Атлантика океанини кесиб ўтишда кемалар Магеллан томонидан ўйлаб топилган сигнализация тизими сабаб бирор марта ҳам бир-бирини йўқотиб қўймаган. Флотилия Атлантиканинг Жанубий Америка қирғоқлари бўйлаб ҳаракатланган. 1520 йилнинг октябрида омон қолган учта кема ёрдамида денгизчи 38 кун ичида бўғоз бўйлаб жанубдан Янги Дунёни айланиб ўтишга муваффақ бўлган — кейинчалик ушбу бўғозга Магеллан номи берилган. 28 ноябрда улар Тинч океанига чиққан, унинг бундай номланишига тўрт ой давом этган саёҳатда бирор марта ҳам бўрон кузатилмагани сабаб бўлган. Аммо денгизчилар бошқа муаммога дуч келган — очлик ва синга касаллиги.
«Уч ой ва 20 кун давомида биз тузукроқ егулик истеъмол қилмадик. Қотган нон билан овқатланар эдик, аммо у ҳам нон эмас, энг яхши нонларни еб қўйган қуртларга аралашган урвоқлар эди. Каламуш нажасидек жуда бадбўй. Бир неча кундан бери туравериб, сасиб кетган сариқ сувни ичардик. Тез-тез ёғоч қириндиларини ҳам ейишга тўғри келарди. Каламушларнинг донаси ярим дукатдан сотиларди, аммо бу пулга ҳам уларни топиш амримаҳол эди», — дейди экспедицияда иштирок этган Антонио Пигаэтта.
1521 йилнинг 6 мартида флотилия Гуам оролида дуч келган, кўп ўтмай Магеллан ўша вақтда номаълум бўлган Филиппин оролларига бориб қолган ва маҳаллий аҳоли билан тўқнашувда вафот этган. Экипажнинг омон қолган қисми ўз кемаларида қочиб, ғарб томон сузишни давом этган. 1522 йилнинг 6 сентябрида Хуан Себастьян Элкано бошчилигидаги «Виктория» кемаси 18 нафар денгизчи билан саёҳатни якунлаган. Қолган барча денгизчилар ҳалок бўлган ва кемалардан айрилишган.
Ғарб томон йўл олган денгизчилар шарқдан қайтиб келиб, Ер шарсимон эканини, унинг асосий қисмини қуруқлик эмас, сув эгаллаганини исботлаб берган. Шунингдек, европаликлар энг катта океан — Тинчни босиб ўтиб, ундан Атлантика океанига ўтиш йўлини очган.
«Булутлар устида юрганимни ҳис қилардим»: совет учувчиси қандай қилиб Японияга қочиб кетганди
46 йил олдин совет учувчиси Виктор Беленко «МиГ-25П» янги қирувчи самолётида қочиб кетган эди. У потенциал душман ҳисобланган давлатга ўша вақт учун кўплаб махфий ускуналарга эга самолётни топширган, АҚШдан сиёсий бошпана олган, кейинроқ эса Америка фуқаролигини қўлга киритган.Фавқулодда ҳолат 1976 йилнинг 6 сентябрида катта лейтенант Беленко шериги билан Соколовка аэродромидан ўқув парвозини амалга ошираётганида содир бўлган. Борт рақами «31» бўлган самолёт 530-қирувчи-авиация полкига қарашли бўлган. Юқори баландликда учишга қодир «МиГ-25» совет муҳандисларининг ифтихори эди, америкалик ҳарбийлар эса ундан қаттиқ қўрқарди. НАТО тавсифига кўра, самолёт Foxbat — «Учар тулки» дея номланган.
Кейинроқ маълум бўлишича, Беленко парвоз давомида ёлғон авария уюштирган. Ўз етакчисидан ортда қолиб, баландликни 30 метрга қадар туширган ва тўғри Япония томон йўл олган. Бу қадар пастлаб учиш ҳам совет, ҳам япон радарларидан қочиш имконини берган. Японияга етиб келган Беленко 6 минг метр баландликка қадар кўтарилган ва япон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари томонидан аниқланган. Алоқа частоталарининг фарқи сабаб японлар совет учувчиси билан боғлана олмаган ва уни тутиб қолиш учун ҳавога қирувчи самолётлар кўтарилган, бироқ Беленко яна пастлаб, радарлардан йўқолиб қолган.
Қочоқ аввалига Титоседаги Америка авиабазасига боришни режалаштирган, аммо парвоз жараёнида ўз режасини ўзгартирган — бунга ёнилғи муаммоси ёки уриб тушириш хавфи сабаб бўлган бўлиши мумкин. У самолётни Хоккайдо оролидаги Хакодате фуқаролик аэродромига қўндирган. Қўниш йўли қирувчи самолёт учун етарли эмасди. «МиГ-25» тупроқ йўлга чиқиб кетган, ҳайдовчилар уни автомобиль йўлида учратган. Беленкога ўзини суратга олишаётгани ёқмаган, у кабинада чиқиб, пистолетидан икки маротаба огоҳлантирувчи ўқ узган ва маҳаллий ҳукумат вакиллари етиб келишини кутган. Улар келиши билан учувчи АҚШдан сиёсий бошпана сўраган ва 9 сентябрь куни мамлакатдан олиб чиқиб кетилган.
«Қарор қабул қилишим учун узоқ вақт керак бўлди, аммо якуний қарорни қочишимдан бир ой олдин қабул қилдим ва шунда ўзимдан жуда мамнун бўлдим. Мен ўзимни булутлар устида юргандек сездим. Ўзимни озод инсон сифатида ҳис қилдим. Бироқ мақсадимга эришишим учун Японияда об-ҳаво яхши ва ёнилғи баки тўла бўлиши керак эди. Буларнинг иккисини бир вақтга тўғрилаш учун бир ой керак бўлди. Ўтган ой давомида ўз мажбуриятларимни шу қадар яхши бажардимки, командирларим лавозимимни кўтаришга тайёр эди. Аммо 1976 йилнинг 6 сентябрида барча компонентлар бир-бирига мос келди», — дейди Беленко 1996 йилда Full Context журналига берган интервьюсида.
Ушбу воқеани узоқ вақт яшириб юриш имконсиз эди, бироқ совет томони анча вақтгача машғулот вақтида ёнилғиси тугаган самолёт Японияга қўнишга мажбур бўлди, деган версияни илгари суриб келган. Учувчи бошқа давлатда асирга олинди, дея ҳисобланган. Япониядан самолёт ҳамда учувчини зудлик билан қайтариш талаб этилган.
Америка томони қирувчи самолёт ва унинг авионикасидан ташқари, «ўзимники — бегона» тизимини ҳам ўрганган, шу сабабли Совет Иттифоқи уни ўзгартириш учун миллиардлаб рубль сарфлашга мажбур бўлган. Умуман олганда, ўша вақтда мазкур тизим эскириб бўлганди ва уни алмаштириш зарурати олдинроқ пайдо бўлганди.
«МиГ-25» — Микоян—Гуревич конструкторлик бюросининг ихтироси бўлиб, у икки двигателга эга учинчи авлод қирувчи-тутиб қолувчи самолётдир. Виктор Беленко қочгунига қадар Ғарб томонида у ҳақида деярли маълумот бўлмаган, бори ҳам жосус сунъий йўлдошлар томонидан Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар жараёнида олинган. Исроил ҳарбийлари 1971 йилнинг мартида шу каби самолёт 3 Махадан (3672 километр/соат) тезроқ учгани ва 20 километрга кўтарилганини кузатган. Уни тутиб қолиш ва уриб тушишнинг имкони бўлмаган. Кейинроқ «МиГ-25» 29 та жаҳон рекордини ўрнатган, жумладан, энг юқори баландликка ҳам кўтарилган — 37 650 метр. Британиянинг Flightglobal авиация портал муҳаррири Стивен Тримблнинг ҳисоблашича, самолёт Ғарб учун психологик таҳдид бўлган.
«Улар самолётнинг ташқи кўриниши, қанотларининг ўлчами ва улкан ҳаво панжаралари сабаб унга ортиқча баҳо бериб юборишди. Улар самолёт жуда тезкор эканини биларди, шунингдек, у манёврчан ҳам деб ҳисобланган эди. Биринчиси тўғри чиқди, иккинчиси эса унчалик эмас… 1976 йилгача АҚШда бу самолёт ‘СР-71’ни тутиб қолишга қодир эмаслигини билишмасди ва шу вақтгача совет ҳаво маконига кириш учун таваккал қилинмаганди», — дейди Тримбл.
Самолётнинг олиб қочилиши «Кремний» типидаги таниш давлат тизимини анча мураккаб алгоритмли кодлаш тизими — «Пароль»га ўзгартиришга олиб келди. «Смерч-А» радиолокацион станцияси «Сапфир C-25»га алмаштирилган. Бундан ташқари, самолёт дўст давлатларга экспорт қилина бошланган, Осиё ва Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатлар уни харид қилган. Шундай экан Беленконинг қочиши америкаликларга фойда келтирганман — улар жанговар ҳаракатлар олиб бораётган деярли барча нуқталар замонавий жанговар машиналарга эга бўлган.
Виктор Беленко ўз тақдиридан нолийдиган инсон бўлмаган — диссидент эмас эди, репрессияга учраган қариндошлари ҳам йўқ. Хотини ва ўғли, яхши иши бор эди. Ўзининг қочишини у мафкуравий мулоҳазалар билан оқлаган, аммо улар дарҳол пайдо бўлмаган. Хатти-ҳаракати ортидан у Америка фуқаролиги ва махсус хизматларда юқори маошли консултантлик ишини олиб келган, аммо унинг Совет Иттифоқи ва Қуролли кучлардаги билими ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган, иккинчи турмушидан ажрашган ва уйидан айрилган эди, бизнеси ҳам катта даромад олиб келмасди.
Учувчи олдинги оиласи билан бирор марта ҳам алоқа қилмаган, ҳатто қайта қуриш даври тугагандан кейин ҳам. Виктор Беленко журналистлар ёрдамида бир неча йилдан кейин «МиГ учувчиси» номли китобини ёзиб, чоп эттирган бўлиб, қочишга нима ундагани ҳақида батафсил ёзган. СССРда китобнинг рус тилидаги вариантини тегишли рухсатномага эга бўлганларгина ўқиши мумкин бўлган.
Беленкодан бир неча кун кейин, ундан илҳомланган Валентин Зосимов исмли совет учувчиси эски «Ан-2» самолётида қочишни амалга оширган. Зосимов 1976 йилнинг 23 сентябрида Эронга учиб ўтган. СССР раҳбариятининг Эронга қарши таҳдидлари жаҳон дипломатиясида дуч келинмаган эди ва бу давлат ишларига билвосита ҳарбий аралашув таҳдидларини ўз ичига оларди. Келгусидаги бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун жазо муқаррарлигини исботлаб қўйиш лозим эди. Эрон подшоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий икки томонлама алоқаларни бузмаслик учун халқаро ташкилотларнинг норозиликларига қарамай, Зосимовни қайтаришга қарор қилади. 25 октябрь куни Зосимов СССРга қайтариб олиб келинади
«Ўзимни ҳам, уларни ҳам ўлдирмоқчи эдим»
35 йил олдин шифокорлар жамоаси биринчи бор бош қисми бирлашган сиам эгизакларини муваффақиятли операция қилган. Эгизакларнинг иккиси ҳам неврологик муаммоларга дуч келган, улардан бири 30 ёшгача ҳам яшамаган бўлса-да, шифокорлар бундай операциянинг имкони борлигини исботлаб берган.1987 йилнинг 6 сентябрь куни Балтиморда бош қисми бирлашган ҳолда туғилган сиам эгизакларини ажратиш бўйича биринчи муваффақиятли операция ўтказилган. Бундай болаларни жарроҳлик йўли билан ажратишга уриниш ундан олдин ҳам бўлган, бироқ уларнинг барчаси эгизаклардан бирининг ёки иккисининг ҳам ўлими билан якунланган.
Патрик ва Бенжамин Биндер 1987 йилнинг 2 февралида Германияда дунёга келган. Эгизакларнинг онасига кўра, ҳомиладорлик вақтидан патологиядан хабар топгач, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. «Ўзимни ҳам, уларни ҳам ўлдирмоқчи эдим. Мен икки юзи бор, катта битта бошга эга болаларни кўрдим. Эй Худо, улар қандай яшашади ахир, дея ўйладим», — дейди аёл матбуотга берган интервьюсида.
Шифокорлар аёл ва унинг турмуш ўртоғини агарда болалар шундайлигича қолдирилса, улар ҳеч қачон эмаклаш ёки ўтиришни ўргана олмаслигидан огоҳлантирган. Болаларнинг юриб кетишидан эса умид қилмаса ҳам бўларди. Болакайларни ажратиш операциясини балтиморлик нейрожарроҳ Бенжамин Карсон амалга оширишга рози бўлган.
Операция белгиланган кунда етти нафар педиатр-анестезиолог, беш нафар нейрожарроҳ, икки кардиожарроҳ ва беш нафар пластик жарроҳ тўпланган. Уларнинг барчаси охирги бир ой ичида манекенлар ёрдамида операцияга тайёргарлик кўрган.
Шифокорлар қон айланишини тўхтатиб, митти беморларнинг тана ҳароратини Цельсий бўйича 20 даражага қадар совитган. Бундан усулдан операцияда биринчи бор фойдаланилган эди.
Операциядан сўнг шифокорлар болаларни медикаментоз комага туширган. Касалхона эшиги тагида кўплаб журналистлар навбатчилик қилган. Газеталар операция ва эгизакларнинг яшаб кетиши борасидаги шифокорлар прогнозига оид сарлавҳаларга тўлган. Аммо орадан етти ой ўтгач, оила Германияга қайтганидан кейин уларга бўлган қизиқиш кескин камайиб кетган, ҳатто Карсон ҳам улар билан боғлана олмаган. У оилага бир неча мактуб йўллаган, бироқ бирор марта жавоб олмаган.
Болаларнинг иккиси ҳам омон қолганига қарамай, улар ногирон бўлиб қолган. Бенжаминда товуш чиқариш қобилияти бўлган, Патрик эса овозсиз бўлган. Балтиморда у қанчадир вақт кислородсиз қолиб кетган, балки шу боланинг миясига шикаст етказган бўлиши мумкин. 1993 йилга келиб ҳам эгизакларнинг бирортаси мустақил ҳаракатлана олмаган.
2015 йилда Патрик вафот этган. Бенжамин эса нисбатан мослашишга муваффақ бўлган, бироқ гапиришни ўргана олмаган. Болаларнинг отаси ичкиликдан вафот этган, онаси эса бошқа эркакка турмушга чиқиб, соғлом болани дунёга келтирган.
Карсон шундан кейин тўртта шу каби операцияни ўтказган бўлиб, улардан бирини 1997 йили Замбияда амалга оширган. Болалар нафақат яшаб кетган, балки мутлақо нормал ривожланган ҳам.
Сиам эгизаклари ҳақида илк қайдлар эрамиздан олдинги 179 йилга бориб тақалади, улар ҳақида хитойлик тарихчи Хоу Ханшу ёзган. XIX асрда сиам эгизаклари бадбашаралар шоуларининг «юлдузлари»га айланган. Уларнинг 20-30 ёшгача яшаганлари яхшигина даромад кўрган ва ҳатто оила қуришга эришган.
СССРдаги энг машҳур сиам эгизаклари Маша ва Даша Кривошляповалар бўлган — улар қорин бўшлиғидан бирлашиб кетган, битта тос суяги ва бир жуфт оёқ-қўлга эга бўлган. Аёллар 53 йил умр кўриб, таълим олган, юришни ўрганган. Улар ўзларини ажратиш бўйича операцияни рад этган. Эгизаклар бундан ҳам кўпроқ яшаши мумкин эди, бироқ Мариянинг спиртли ичимликка муккасидан кетиши унинг юраги тўхташига сабаб бўлган. Опа-сингилларнинг қон айланиш тизими битта бўлгани сабаб 17 соатдан сўнг Даря ҳам вафот этган.
АҚШда дунёга келган сиам эгизаклари Эбигайл ва Бриттани Хенселни ҳаёти эса яхши кечган. 1990 йилда туғилган қизларнинг тос суяги битта, қўллари ва оёқлари иккита, ўпкаси учта. Улар нафақат юришни, балки машина ҳайдашни, велосипед учишни, сузиш ва фортепиано чалишни ўрганган.
Қизлар олий маълумотга эга бўлиб, ҳозирда бошланғич мактабда болаларга математикадан дарс бериб келади.
Уларнинг қирғизистонлик тенгдошлари Зита ава Гита Ризохановалар эса муваффақияти операция қилинган. Қизларнинг ҳар бирида биттадан оёқ қолгани сабаб протезда юришга мажбур бўлган. 2015 йилда Зита полиорган етишмовчилигидан вафот этган.
2016 йилда Гита Россия фуқаролигини олган, Ўшдаги мусулмонлар коллежида ўқиган. 2018 йилда Қуръони каримни ёд олиб, қория бўлган. 2017 йили Гитага йўғон ичак саратони ташхиси қўйилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)