Россия таркибидаги Татаристон Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси (ДУМ) «Мусулмонлар учун банк карталари» лойиҳасини ишлаб чиқди ва тасдиқлади. Бу ҳақда ДУМ матбуот хизматига таяниб «ТАСС» хабар бермоқда.
Татаристон Мусулмонлар диний идораси Уламолар кенгаши Ак Барс банки билан биргаликда «Мусулмонлар учун банк карталари» лойиҳасини ишлаб чиқди ва тасдиқлади. Шариат меъёрларига мос келадиган дебет карта мазмунан банкнинг стандарт картасига энг яқин ҳисобланади, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Аниқлик киритилишича, янги картада ҳисобдаги пул фоизсиз сақланади. Мижозларнинг маблағларини ҳисобга олиш алоҳида ҳисобварақларда (банкнинг бошқа пул оқимларидан алоҳида) амалга оширилади.
Бундан ташқари қўйилган маблағлар шариат томонидан тақиқланган фаолиятни молиялаштириш учун ишлатилмайди.
Карталар казино хизматлари, қимор ва лотерея бизнесининг ҳар қандай муассасалари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган ихтисослаштирилган дўконлардаги товарлар учун тўлов қилишга мўлжалланмаган.
Ушбу карта эгалари бар ва тунги клубларда тўлай олмайди, бироқ чеклов ресторан ва кафеларга тааллуқли эмас.
Изоҳ (0)