Ижтимоий тармоқларда Қувасой шаҳар Лашкар қишлоғида ИИБ участка инспектори бир фуқарони уриб жароҳат етказгани ҳақида хабар тарқалди. Фарғона вилояти прокуратураси матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 27 август куни соат 19:00 ларда Қувасой шаҳар «Юқори Мўян» МФЙ ҳудудида фуқаро Х.Т. (1962 йилда туғилган) жамоат тартибини бузувчи ҳаракатлар содир этгани учун Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётган вақтда унинг соғлиғи ёмонлашиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, Х.Т.нинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, юрак тож қон томирларининг ўткир етишмовчилиги, ўнг томонлама пневмония, сурункали плеврит, ошқозон ости безига қон қуйилиши, алкоголдан заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Текширув жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)