Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши доирасида 18 август куни Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Қирғизистон ички ишлар вазири, милиция генерал-лейтенанти Улан Ниязбеков билан учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, учрашувда замонавий дунёнинг жиноят турлари, хусусан, ахборот соҳасидаги жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, наркотик ва қурол-яроғ савдоси, одам савдоси каби жиноятларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши курашиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасида икки томонлама идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва унинг қирғизистонлик ҳамкасби Улан Ниязбеков ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболини кўзда тутувчи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади.
Изоҳ (0)