2024 йилда суюлтирилган газ ҳажмининг ойлик фонди босқичма-босқич 56 минг тоннагача, хонадонларга суюлтирилган газ ташиш ҳажмини ойига ўртача 1,9 тоннага оширилади.
АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарма бошлиғи Раҳматулла Маннонов истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб беришда коррупцион ҳолатлар ва ўғирлашнинг олдини олиш, ноқонуний сотишга қарши курашиш ҳақида маълумот берди.
Сўнгги уч йилда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш соҳаси модернизация қилинди. Жумладан, аҳолига газ баллонларини «айланма» усулда етказиб бериш йўлга қўйилди, автотранспорт воситалари парки сезиларли даражада кенгайтирилди, темир йўллари бўйлаб ёқилғини ташиш учун вагон-цистерналари сотиб олинди.
Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида «E-Газ» дастури ишлаб чиқилиб, унда истеъмолчиларга газ етказиб беришда нақд пул муомаласидан, нақд пулсиз шаклга ўтказилди.
Бунда 3,7 млн дан ортиқ истеъмолчи махсус ID-карталар билан таъминланди ҳамда фойдаланишдаги 4,7 млн маиший газ баллонга махсус бар-кодли ёрлиқлар бириктирилди.
Изоҳ (0)