Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ҳаста бўлиб қолсак оҳ урамиз, нолиймиз. Шунда қанчалар иродасиз эканимиз намоён бўлади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар дунёга келиши билан турли сабабларга кўра, жисмоний нуқсон орттириб олган. Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи Феруза Имоммуҳаммедова ҳам тақдир ҳукми билан болаликдаги касаллик асоратлари туфайли имконияти чекланиб қолганлардан бири. Шундай бўлса-да, ҳеч қачон ортга чекинмайдиган Феруза гул ясашни ўрганиб, кичик тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. «Дарё» мухбири тўқувчи қиз ва унинг бобо-бувиси билан суҳбат қурди.

Оилада тўнғич фарзандман. Аввал боғчада тарбия кўрганман, кейин эса маҳалламиздаги мактабда таҳсил олдим. Мактабни тамомлагач, тумандаги иқтисодиёт коллежида ўқидим. Болаликдан рассомчилик ва турли гулларни ясашга қизиқишим барибир устун келиб, шу ҳунарни танлаганман.

Бу ҳунарга мактабда ўқиб юрган пайтларим, яъни 12 ёшимда қизиқа бошлаганман. Тошкентдаги Мурувват уйида ўқиганимда шунақа нарсалар яратишарди. Уларни кўриб қизиқардим, ўрганардим. Шундай нарсаларни ясаса бўларкан-ку деганман. Коллежни битиргач, шогирдликка тушганман. Бир-икки йил давомида ўрганадиганларимни икки ойда ўрганиб, мустақил иш бошлаганман. Уч йилдан бери шу йўналишда фаолият юритиб келяпман. Озми кўпми ўзим ўрганган ҳунарни бошқаларга ҳам ўргатяпман. Имтиёзли кредит олганман. Ушбу маблағни ишимни ривожлантиришга сарфладим.

Битта гулни ясаш учун бир соат вақтим кетади. Унинг нархи 15-16 минг сўм туради. Одатда боғча ва мактаблардан 10-15 тагача шундай гулларни ясашга буюртма беришади. Гул ясаш учун керак бўлган материалларни ўзим бозордан олиб келаман. Тайёр бўлгач, буюртмаларни ўз эгасига топшираман. Кунига ўртача 250-300 минггача пул топишим мумкин», — дейди Ферузахон.

Феруза Имоммуҳаммедова.

Феруза Имоммуҳаммедова.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Ферузахоннинг айтишича, бу йил у Андижон давлат университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Айни пайтда имтиҳонларга тайёргарлик кўрмоқда.

Кўпроқ бобом ва бувимнинг бағрида бўлганим учун уларнинг насиҳатларини тинглаб катта бўлганман. Улар менга ўртоқларим билан яхши муомалада бўлишни, жойларда ўзимни яхши тутишни ўргатишган, шундай тарбия беришган.

Мактаб пайтида инглиз тили, рус тили, тарих, тасвирий санъат ва меҳнат дарсларига қизиқардим. Қийналсам ҳам ўқигим келарди. Имкониятим чекланганига қарамасдан ўртоқларимдан ортда қолиб кетмай, деб кўпроқ ўқиганман. Минг қийналсам ҳам ҳаётда бир мақсад билан яшашга ҳаракат қилардим, интилардим. Бундан ташқари рассомчилик санъатига ҳам қизиқаман, буюртма асосида чиройли суратлар чизиб бераман. Оилада катта фарзанд бўлганим учун уй ишларига ҳам қарашиб тураман. Сингилларим университетда ўқийди.

Бу йил Андижон давлат университетининг Мактабгача таълим йўналишига ҳужжатларимни топширдим, талаба бўлиш ниятидаман. Айни пайтда имтиҳонлардан ўтиш учун тайёргарлик кўряпман.

Тенгдошларимга ҳаётда ўз ўрнини топишлари, яхши яшашлари учун кўп ўқиши ва олдига қўйган мақсади сари интилишларини тавсия қиламан. Чунки ўқиб илм олган инсон ҳеч қачон ҳаётда қоқилмайди, кам бўлмайди. Мақсади сари олға интилган киши, албатта, мақсадига етади», — дейди қаҳрамонимиз.

Имоммуҳаммад Муҳаммадтурсунов.

Имоммуҳаммад Муҳаммадтурсунов.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Ферузахоннинг бобоси Имоммуҳаммад ака Муҳаммадтурсуновнинг айтишича, ўзи тарбияланган мактабгача таълим муассасасида болаларга гуллар ясашни ўргатишни бошлаганида уни кўрганлар «ойлик бермаса ҳам келиб ишлаб юрибдида» деб устидан кулишган.

Аллоҳ ўзи суйган бандаларини ё хурсандчилик, ё қийинчилик билан сийлар экан. Ферузахон бизнинг Аллоҳдан яхши ниятлар ила сўраган энг катта набирамиз. Аммо у касалманд бўлиб туғилди. Болалигида жуда кўп касал бўлган. Навбати билан ҳали мен, ҳали бувиси ёки ота-онаси шифохоналарда даволатардик.

Шаҳар ҳокими бўлиб ишлаётган пайтларимда ҳам шу набирам учун вақт топиб, Тошкентгача олиб бориб докторларга кўрсатардим. Шундан сўнг унинг аҳволи яхшиланиб борди. Аммо бутунлай соғайиб кетмади. Шундай бўлса ҳам у бугун анча-мунча соғ одам қилолмайдиган ишларни қилади. Тўғриси ундаги шижоатни бошқасида кўрмаганман.

Ферузахоннинг қилган ишларини кўрганлар унга ҳавас қилишади. Тенгдошларидек соғлом бўлмаса-да, халқимизга фойдаси тегаётганидан ўзим ҳам хурсанд бўламан. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деганларидек набирамизни ‘инвалид бола’ дейишганини ҳам эшитиб қолардим. Лекин Аллоҳим унинг ақл заковатини уларданда зиёда қилди.

Кичкиналигида бир ишни бошладими охиригача тугатмагунча тинчимасди, ҳозир ҳам шундай. У бир нечта жойда ишлайди. Айниқса, ўзи тарбияланган мактабгача таълим муассасасида дастлаб болаларга гуллар ясашни ўргатаётганини кўрганлар ‘ойлик бермаса ҳам келиб ишлаб юрибдида’, деб уни устидан кулишди. Набирамиз бу гапларга эътибор бермади. У ўз ақл заковатига таянган ҳолатда устидан кулувчиларнинг кўзи етмаган ишларни амалга оширмоқда. Секин секин унинг ортидан эргашувчилар пайдо бўла бошлади. Ёш қизлар шогирд бўлиб кирди. Бундан янада куч-қувват олиб ўзи ҳам янги нарсаларни ўрганишга ва ўрганганларини шогирдларига ҳам ўргатишга уринмоқда. Боғчада ёш қизалоқларда ҳам ўзининг ҳунарига қизиқиш уйғота олди.

Ҳар бир қизни вояга етиши билан ота-онаси уни яхши жойларга узатишни орзу қилади. Биз қизимизнинг саломатлигига қараб бу орзумиз амалга ошмайди, деб ўйлагандик. Аммо ҳозирданоқ қизимизни сўраб келаётганлар кўп. Ферузахон ҳозирча бошлаган ишларини якунлаб олиши учун шароит яратиб беряпмиз. Бир пайтлар биз учун армондек туюлган орзулар яна куртак ёза бошлади»,— дейди Ферузахоннинг бобоси Имоммуҳаммад Муҳаммадтурсунов.

Давлатхон ая.

Давлатхон ая.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов
Унинг болалигида касал бўлишига ўзимизни сабабчи деб биламан. Шифокорларга кўрсацак ҳам яхши бўлмайди, деб ўйлагандик. Йўқ, мана умри бор экан соғлом одамлар қаторида чиройли яшаяпти. Гуллар ясашни унга биров ўргатган эмас. У бундай ишларга ёшлигидан қизиқарди. Гоҳида бир қўлида базўр гул ясаётганини кўриб мени юрагим эзилиб кетарди, қийналардим. ‘Олдимда ясама бу гулларингни’, деб йиғлаб ташқарига чиқиб кетардим. У бўлса ўзи ясаган бир-биридан чиройли гулларни олиб келиб уйларни безатиб қўярди. Узоқ яқиндан келган қариндошларимиз ҳам кўриб ҳавас қилади. Уларга ҳам совға қилиб гулларидан беради.

Унга биров мана бу ишни қил деб айтмаган, қизиқиш ўзида пайдо бўлган. Феруза ясаган гулларнинг харидори ҳам кўп. Буюртма учун тайёрлаган гулларининг пулини олиб шаҳардан ўзига керакли маҳсулотларни олиб келади. Бу ҳунарини қўшни қизларга, болалар боғчасидаги қизалоқларга ҳам ўргатади. Биз учун у доим соғлом инсонлар қаторида юрса, ўзини эркин ҳис қилса, шуни ўзи кифоя», — дейди бувиси Давлатхон ая.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Ҳиндистонда вояга етмаган қизларга уйланишда айбланиб, 2 мингдан ортиқ эркак ҳибсга олинди
Дунё
АҚШ ҳарбийлари мамлакат осмонида учаётган Хитой шарини уриб туширди. Пекин норозилик билдирди (видео)
Дунё
“Путин менга Зеленскийни ўлдирмасликка ваъда берган” — Исроил собиқ бош вазири Беннет Россия президенти билан суҳбати ҳақида гапириб берди