Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Нукус воқеалари сабаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жанговар отрядлар ташкил этилиб, осойишталикни таъминлаш мақсадида автоном республикага жўнатилган эди. Мамлакат осойишталигига ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар яқинда Бухорога қайтди. «Дарё» мухбири Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасида бўлиб, ҳарбий хизматчиларни суҳбатга тортди.

Шу йилнинг 1 июль куни кечки соат 23:00 ларда ҳарбий қўмондон томонидан жанговар фармойиш келиб тушди. Топшириққа кўра, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрига етиб бордик. Эрталабки соат 06:00 лар атрофида 10 га яқин сафдошларим билан Хўжайли туманига бордик ва жанговар вазифани бажаришга киришдик. Тушликкача норози кайфиятдаги одамларни учрацак-да, хизмат тинч ўтди. Тахминан соат 15:00 ларда эса вазият ўзгара бошлади. Биздан чамаси, 500 метрлар узоқликда катта бир қуюн, тутун чиқаётганини кўрдик. Аниқласак, одамлар йўлларни ёпиб, баллонларни ёқиб юборишган экан. Кутилмаганда шовқин-сурон кучайиб, оломон биз томонга қараб юра бошлашди. Батальон командирига фуқароларнинг бизга қарши ҳаракатланиб келаётганини телефон орқали маълум қилдим. Зудлик билан Жиззах ҳарбий батальонига қарашли 80 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларни ёрдамга жўнатишди. Орадан чамаси, 20 дақиқалар ўтгач, бизга ёрдамга келган Жиззах ҳарбий батальонини бошқа ҳудудда юзага келган нотинчлик туфайли чақириб олишди. Бу пайтда одамлар биз томонга ёпирилиб келаётган эди. Жиззах ҳарбий батальони хизматчилари эса биздан олдинда бошқа ҳудудга югуриб кетишарди. Афсуски, улар олдинда одамлар ирғитаётган тош ва турли совуқ қуролларга дуч келишди. Бу пайтда одамлар 2000 нафардан ошиб кетган эди», — дейди лейтенант, гуруҳ командири Азиз Шарипов.

Азиз Шарипов.

Азиз Шарипов.
Фото: «Дарё»

Гуруҳ командирининг сўзига кўра, уларни аҳоли ўраб олган. Ҳарбий хизматчилар эса одамлар билан музокара қилишга уринган.

Сафимиздаги қорақалпоғистонлик ҳарбий хизматчилардан бири дадиллик билан олдинга чиқиб «Мен ҳам шу юртнинг фуқаросиман, нега кўтарилдингизлар, мақсад нима?», — деб сўраганда, одамлар Ўзбекистон Республикаси Конститутициясининг турли моддаларига киритилган ўзгартишлардан норози эканлигини билдиришди. Ҳарбий хизматчи эса одамларнинг таклифини юқори ташкилотларга етказишини, бунинг учун қўзғалиш ноўрин эканини тушунтирди, улардан тарқалишини сўради. Одамлар эса бу манзилдан бизнинг кетишимизни талаб қилишди, — дея сўзида давом этди Азиз Шарипов.
Айни шу пайтда қўшни батальон ҳарбий хизматчилари 30-40 нафарга яқин ярадор ва оғир тан жароҳати олган хизматчиларни олиб, улар томонга қараб югурган. Бу пайтда уларнинг ортларидан 4000 дан ортиқ одамлар важоҳат билан бостириб келаётган бўлган. Зудлик билан ярадорлар махсус автобусларга жойлаштирилган. Бир неча дақиқа ўтмай, иккинчи тарафдаги ҳарбий батальончилар ҳам оғир жароҳатланганларни ҳимоялаб, улар тўпланган томонга югурган.
Ишонсангиз, атрофимизни минглаб одамлар ўраб олган пайтда икки томондан келган кўп сонли яраланган ҳарбий хизматчиларни автобусларга жойлаштириш ҳам жуда қалтис вазият бўлди. Бу онларда йигитлардан ўта ҳушёрликни, сергакликни талаб қиляпман. Овозим қалтираяпти, кўзларимда ёш. Биргина эҳтиётсиз ҳаракат оғир азиятларни келтириб чиқариши мумкин. Аммо айни шу кезда важоҳатдаги одамлар орасидан ҳам бизга кўмак берганлар топилди. Шу бизга жуда катта далда берди, куч берди. Англадикки, бу одамлар учинчи бузғунчи шахслар таъсирида қолган. Улар билан музокарада бўлиб, Амударё кўли томон ҳаракатландик. Одамлар ҳам бизлар билан бирга атрофимизни ўраб ҳаракатланишарди. Улар билан келишувга бордик, мақсадларни муштаракладик. Амударё кўлига етиб боришимиз ҳамоно қаршимиздан яна минглаб одамлар бизга томон бостириб келишди. Ёнимиздаги одамлар билан музокарада бўлганимиздан хабарсиз бу одамлар бизга қарата тош ота бошлашди, аёвсиз тошбўрон қилишди, — деди Азиз Шарипов.
Амударё кўпригига етиб келганда, тўпланган одамлар сони 10 мингдан ошган. Автобусларга жойлаштирилган ярадор хизматчиларни ҳам тошбўрон қилиб, янада оғир аҳволга солган. Шундан сўнг улар махсус воситалар қўллаб, жанговар тартибда сафланишга мажбур бўлган ва одамларни тўхтатишга эришган.

Жанговар сафда бўлган кичик сержант Феруз Исматов кўп минг сонли одамлар қуршовида қолгани ҳақида гапирди.

Феруз Исматов.

Феруз Исматов.
Фото: «Дарё»
Қўлимизда шит ва дубинкадан бошқа ҳеч қандай ҳимоя қуролимиз йўқ. Улар эса қўлларига бензин олиб келишганди. Бири ‘буларни ёқиб юборамиз’ деса, бошқаси ‘сўямиз’ дейди. Шундай пайтда кўз олдимдан болаларим, оилам ўтди. Аллоҳга шукур, уларнинг қуршовидан эсон-омон чиқдик. Бухорога қайтганимда эса яширмайман, гўё онамдан қайта туғилгандек бўлдим, — дейди Феруз Исматов.
Қанликўл туманидаги нотинчликни бартараф этишга жалб этилган Феруз Сеитмуратов ҳам ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолган одамлар билан музокаралар олиб бориш анча қийинчилик, талофатлар келтириб чиқаргани ҳақида гапирди.
Одамларга тушунтириш қийин, жуда қийин кечди. Бироқ Биз ҳам шу юртнинг фарзандларимиз, бизнинг ҳам сизнингдек ота-онамиз, фарзандларимиз, яқинларимиз бор. Ҳаммамизнинг мақсадимиз битта – ватан тинчлигини сақлаш’, дедик. Сўзнинг қудрати, қуввати бор, деган гапга иймон келтирдим. Ва амин бўлдикки, уларнинг ҳам қалбида ватан бор, юрт тушунчаси бор. Тўғри қарор қабул қилишди ва тарқалишди, — деди Феруз Сеитмуратов.
Аҳоли тарқатилгач, кўп ўтмай, ҳарбий батальонга одамларнинг Қанликўл тумани ҳокимиятини ёқиб юборишгани ҳақида хабар келган. Ҳарбий хизматчилар зудлик билан манзилга жалб этилган.

Феруз Сеитмуратов.

Феруз Сеитмуратов.
Фото: «Дарё»
Ярим соатлар атрофида бу одамлар ҳам тинчлантирилди ва ҳолат тўхтатилди. Орадан бир ҳафта, ўн кун ўтгач, улар хатоларини тушуниб етиб, тинчлик тарафдори эканини билдиришди. Ватанга садоқат билан ҳарбий бурчимизни тўлиқ бажарганимиздан хурсандман. Бу ҳолатни қайтиб такрорлашмаса керак, деб ўйлайман, — дейди Феруз Сеитмуратов.
Миллий гвардия кинологи Жалоллиддин Қодиров уларни қуршаб олган ўн минглаб аҳолини кўриб, ўзини йўқотиб қўйганини яширмади.

Жалоллиддин Қодиров.

Жалоллиддин Қодиров.
Фото: «Дарё»
Биз ўқув машғулотларга борганмиз, аммо бу ҳолатнинг ўқув машғулоти эмаслигини ҳис қилдим. Ёш бўлишимга қарамай, ҳаётим кўз олдимдан ўтди. Шунда орқадан кимдир «Давай, гвардия!» деди. Шунда бу овоз мени бирданига тўлқинлантириб юборди. Шу овозга қўшилиб, мен ва бошқалар ҳам «Гвардия», «Гвардия» дея ҳарбий оҳангда жўр бўла бошладик. Барчамиз шу сўзни такрорлаб, шитни уриб, ҳаракатлана бошладик. Қўзғалган одамлар эса шу топда бизнинг хатти-ҳаракатларимиз қудратга эга, жанговар руҳда эканимизни ҳис қилишди ва орқага чекина бошлашди. Тинчлик қанчалик улуғ неъмат эканини тушуниб етдим. Ҳеч қачон уруш бўлмасин, ҳамма соғ-саломат бўлсин. Тинчликни, соғликни яқинларнинг даврасида бўлиб яшашга, ҳеч бир нарса етмайди. Уни ҳеч қандай бойлик, мансаб, унвон билан сотиб олиб бўлмас экан. Шу нарсага ишончим комил бўлди, — дейди Жалолиддин Қодиров.

Изоҳ
Асосий янгиликлар