Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

2022 йилнинг июль ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 12,3 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 16,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди

Қайд этилишича, истеъмол товарлари нархларининг ўзгариши аҳолининг турли даромадли гуруҳларида сезилиши турлича қийматга эга бўлди. 

Хусусан, июль ойида барча даромад гуруҳларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши рўй берди. 

Бу ёз мавсумида асосий турдаги мева ва сабзавотларнинг мавсумий арзонлашиши билан изоҳланади. 

Даромадлар кесимида йиллик инфляция динамикаси

Даромадлар кесимида йиллик инфляция динамикаси
Фото: Марказий банк

Ойлик даромади 2 миллион сўмгача бўлган аҳоли июль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 17,7 фоизга қимматлашганини сезган. Улар учун ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 9,6 фоизга ошган.  

Ойига 5 миллион сўмдан кўп даромад қиладиган аҳоли эса аксинча, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишини 9,7 фоизга, ноозиқ-овқат машулотлари нархининг юқорилашини эса 15,8 фоизга сезган. 

Даромадлари кўпайиб борган аҳолининг харажатларида озиқ-овқат нархлари нисбатан пасайиб, аксинча, ноозиқ-овқат товарлари бўйича нархлари ошиб борганлиги кузатилди. 

Шунингдек, барча даромад гуруҳларида хизматлар нархи ўсувчи динамикага эга бўлди. 

Жорий йил июль ойига келиб, ижтимоий товарлар нархлари ўсиши (йиллик ҳисобда) 18 фоизга тенг бўлиб, умумий инфляция билан орадаги фарқ 5,7 фоизни ташкил этди.

Ижтимоий товарлар нархларининг ошиши парранда гўшти, пиёз, гуруч, кунгабоқар ёғи, шакар ва буғдой уни нархларининг йиллик ҳисобда қимматлашиши билан изоҳланади.

Сабзи ва олма нархларининг мавсумий арзонлагани, шунингдек, мол ва қўй гўшти нархлари ўсишининг секинлашгани ижтимоий товарлар нархига пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар