Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ юқори кучланишли электр узатиш тармоғи тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли технологияларини жорий этиш мақсадида диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA) ҳамда электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) жорий этиш учун тендер эълон қилинади. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ («ЎзМЕТ») томонидан SCADA/EMS/RTU ва телекоммуникация ва оптик толали кабеллар лойиҳаси доирасида оптик кабеллар, ахборот тизимларини ўрнатиш ҳамда товарлар, ишлар, консалтинг ва ноконсалтинг хизматларини харид қилиш учун Жаҳон банкидан 115 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари жалб этилмоқда.

Лойиҳа доирасида 113 та подстанцияда рақамли қурилмалар ўрнатилади ва 2 900 км оптик толали алоқа тармоғи тортилади.

Натижада электр узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари жорий этилади. Улар диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс, шунингдек, электр энергиясини бошқариш тизимини яратишни ўз ичига олади. Шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш, маълумотларни масофадан туриб онлайн тарзда узатиш имконияти яратилади.

Харидлар Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган шартномалар бўйича харидлар қўлланмасида кўрсатилган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Танлов Жаҳон банкининг қарз олувчилари учун харидлар йўриқномасида белгиланганидек, барча муносиб компаниялар ва жисмоний шахслар учун очиқ ҳисобланади.

Лойиҳа бўйича музокаралар бўлиб ўтганидан сўнг Жаҳон банки келишилган дастлабки харид режасини ва барча янгиликларни ўзининг ташқи веб-сайтида эълон қилиши белгиланган. Тендер таклифларини қабул қилиш жорий йил 30 ноябрь кунига қадар режалаштирилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар